Ўзбекистон | 15:50 / 06.07.2021
13092
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоев билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 6 июль куни Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Томонлар минтақавий кун тартиби, энг аввало, Афғонистонда кескинлашаётган вазият юзасидан фикр алмашган.

Бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси, шу жумладан Қозоғистоннинг биринчи президенти фахрий раислик қилаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувини ўтказиш масаласи кўриб чиқилган.

Ўзбекистон раҳбари элбошини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва катта муваффақиятлар, биродар Қозоғистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилаган.

Нурсултон Назарбоевнинг замонавий Қозоғистонни барпо этиш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишдаги алоҳида ўрни, Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда минтақада барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлашга қўшаётган катта ҳиссаси алоҳида қайд этилган.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, туризм соҳаларидаги устувор лойиҳаларни, маданий-гуманитар соҳадаги қўшма дастурларни илгари суриш муҳим экани таъкидланган.

Мавзуга оид