Ўзбекистон | 07:20 / 08.07.2021
5274
2 дақиқада ўқилади

Навоийда чақалоқ ўлимига сабаб бўлган шифокорга суд ҳукми ўқилди

Нурота тумани тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлимида ишловчи олий тоифали акушер-гинеколог врач М.Д. туғруқ пайтида масъулиятсизлик қилиб, чақалоқ ўлимига сабаб бўлгани учун жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Kun.uz'га жиноят ишлари бўйича Нурота тумани суди судья ёрдамчиси Муҳсин Эгамов хабар берди. 

Маълум қилинишича, фуқаро Д.Х. 2020 йил 1 ноябрь куни тонги соат 7:00ларда туман тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлимига олиб келинган. Шифокор М.Д. навбатчи акушер-гинеколог сифатида аёлни кўрикдан ўтказиб, унинг эгизак ҳомиласи тирик эканлигини билгани ҳолда умумий аҳволни баҳолаш учун стандартлар асосида зарур текширувларни ўтказиш чораларини кўрмайди. Ҳатто шифокорлар иштирокида консилиум чақириб, беморнинг аҳволини ва тиббий ташхисни муҳокама қилишга эринади.

М.Д. аёлнинг биринчи чақалоғини асоссиз равишда «вакуум-экстракция» амалиётини қўллаган ҳолда табиий йўл билан туғдирган. Иккинчи, ўғил жинсли чақалоқни туғдиришда эса ўз вақтида кесарча-кесиш амалиётини ўтказмай, болани қарийб икки соат давомида ўз ҳолига ташлаб қўйган. Бунинг оқибатида чақалоқ узоқ яшамай, вафот этган.

М.Д. содир қилган жиноий қилмишини яшириш мақсадида туғруқ бўлимида доя сифатида ишловчи шериги билан жиноий тил бириктириб, туғруқ тарихига ўзи амалга оширмаган, бироқ амалга ошириши шарт бўлган тиббий ҳаракат ва муолажаларни қайд этиб қўйган. Шунингдек, қалбаки маълумот ва ёзувлар киритиб, туғруқ тарихини сохталаштирган.

Суд ҳукми билан шифокорга 3 йил 6 ой озодликдан чеклаш жазоси тайинланган.

Мавзуга оид