Жаҳон | 08:47 / 26.07.2021
4888
2 дақиқада ўқилади

Тунис президенти бош вазирни истеъфога чиқарди 

Тунис президенти Қайс Саид бош вазир Ҳишам Машишини истеъфога чиқарганини эълон қилди. Президент бундай қарорни 25 июлда мамлакатда ҳукуматга ва 2011 йилдан бери ҳокимиятни эгаллаб келаётган “Ан-Наҳда” партиясига қарши ўтган намойишлардан кейин қабул қилди.

Тунис раҳбари, шунингдек, парламент ишини 30 кунга тўхтатиб қўйишга қарор қилди ва депутатларни дахлсизликдан маҳрум қилди. У конституцияга кўра, президент парламентни тарқатиш ҳуқуқига эга эмаслигини, бироқ “муқаррар хавф” ҳолатида унинг фаолиятини тўхтата олишини таъкидлаб ўтган.

Бундан ташқари, президент барча депутатлар ва бир қатор амалдорларга сафарлар амалга оширишни тақиқлаб қўйган.

Таъкидланишича, Тунис президенти томонидан қўйилган ушбу қадам у ва мамлакатдаги энг нуфузли сиёсий куч –“Ан-Наҳда” партияси ўртасидаги сиёсий қарама-қаршиликнинг давоми ҳисобланади.

Тунис парламенти спикери, “Ан-Наҳда” етакчиси Рашид Ганнуши Саидни давлат тўнтарувини амалга оширишга уринишда айблаган. У аҳолини “демократияни тиклаш учун тинч ҳаракат қилишга” чақирган.

Тунисликлар ҳукуматнинг коронавирусга қарши кураш чоралари ва иқтисодий инқирозга қарши чиқмоқдалар. Улар парламент тарқатилиб, янги сайловлар ўтказилишини, ижтимоий ва иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилишини талаб қилишмоқда.

Полиция намойишчиларни тарқатиш учун кўзни ёшлатувчи газ қўллаган. Намойишчилардан баъзилари ҳибсга олинган.

Саиднинг парламент фаолиятини тўхтатиш қароридан кейин Тунис пойтахтига ҳукумат армияси бўлинмалари киритилган. Улар шаҳар маркази, жумладан, парламент биноси ва миллий телекомпания бош қароргоҳи жойлашган ҳудудни эгаллаган.

Мавзуга оид