Жаҳон | 23:13 / 28.07.2021
20110
3 дақиқада ўқилади

Байден Оқ уйда Тихановская билан учрашди

АҚШ президенти Жо Байден 28 июлда Оқ уйда Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановскаяни қабул қилди. Бироқ Оқ уй Байден ва Тихановская нима ҳақида суҳбатлашганини маълум қилмаган.

Фото: Twitter / President Biden

“Бугун Оқ уйда Светлана Тихановская билан учрашиш мен учун шарафдир”, деб ёзган Байден Twitter’да.

Оқ уй раҳбари АҚШ Беларус халқининг демократияга ва инсон ҳуқуқларини ҳимоялашга интилишини қўллаб-қувватлашини айтган.

Ўз навбатида, Тихановская ўз Telegram-каналида Оқ уйдан “миллионлаб беларуслар овози эшитилганига ишонч билан чиққанини” маълум қилган. У шунингдек, Байденни Беларусга демократияга зўравонликсиз ўтишда намуна бўлишида ёрдам беришга чақирган.

“Сиёсатчи сифатида мен бу учрашувдан хурсандман. Президент Байден дунёда автократия ва демократия ўртасида кураш давом этаётганини айтди. Ва сиз биласиз, Беларусь бу курашнинг олд сафларидадир. Шу сабабли мен президент Байденни Беларуснинг демократияга зўравонликсиз ўтишда намуна бўлишида ёрдам беришга чақираман”, деб айтган Тихановская.

Унинг таъкидлашича, Беларусдаги инқилоб геосиёсат билан боғланмаган. “Бу беларусларнинг демократик танлови ва АҚШнинг бурчи – бизни қўллаб-қувватлашдир”, деб қўшимча қилган беларуслик мухолифатчи.

Тихановскаянинг айтишича, Беларусь суверенитети борасида савдолашилмайди. “Беларусь суверенитети муҳокама қилинмайди ва савдолашилмайди. Ноқонуний режим томонидан имзоланган ҳар қандай битим ноқонунийдир”, деб таъкидлаб ўтган мухолифатчи.

Унинг таъкидлашича, Беларусдаги инқирознинг ечими халқаро назорат остида ўтадиган янги президент сайловлари бўла олади. “Сиёсий мотивлар остида қамалган барча маҳкумлар ҳеч қандай шартсиз озод этилиши керак. Беларусдаги инқироз халқаро, БМТ ва ЕХҲТ кун тартибига киритилиши, барча айбдорлар халқаро судларда жавобгарликка тортилиши лозим”, деб айтган Тихановская ўз каналида.

“Сиёсий маҳкум Сергей Тихановскийнинг аёли сифатида турмуш ўртоғим ва минглаб одамлар мен билан бу онларни бўлиша олмаётганидан алам ҳис қилмоқдаман. Бироқ улар бу учрашувдан хабар топишади ва биз улар учун курашаётганимизни билишади, деб умид қиламан. Икки фарзанднинг онаси сифатида эса фарзандларим шу тобда оналари улар билан бирга эмаслигини тушуниб, мени кечиришади, деб умид қилиб қоламан. Беларуснинг эркинликка йўли қанча куч ва вақт талаб қилмасин, мен уни беларуслар билан бирга босиб ўтишга тайёрман. Мен президент Байденга бизни ушбу йўлда қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдираман”, деб қўшимча қилган беларуслик мухолифатчи.

Айни вақтда Светлана Тихановская ва унинг жамоаси АҚШда сафар билан қолмоқда. Улар америкалик сиёсатчилар ва беларусь диаспораси билан учрашувлар ўтказишмоқда.

20 июль куни Тихановская Капитолийда америкалик сенаторлар билан учрашганди / EPA

Аввалроқ Тихановская АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ва давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашганди.

Тихановская Конгресс аъзолари билан ҳам учрашиб, Оқ уйда президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан билан музокаралар ўтказган.

Мавзуга оид