Жамият | 21:14 / 04.08.2021
12213
2 дақиқада ўқилади

Юнусободда Оилавий болалар уйи очилди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселекторда меҳрибонлик уйларидаги болаларни оилага яқин муҳитда тарбиялаш, билим ва маънавиятли, ватанпарвар инсонлар этиб вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада янги тизим жорий қилиниши таъкидланганди.

Фото: Миллий гвардия

Бугун Тошкент шаҳри Юнусобод туманида илк маротаба Умида ва Полвон Турдалиевлар оиласи 21-сонли Меҳрибонлик уйидан 5 нафар ўғил-қизларни ўз тарбиясига олиб, Оилавий болалар уйи фаолиятини йўлга қўйди. Бу ҳақда Миллий гвардия матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, Оилавий болалар уйи очилиш маросимида Миллий гвардия қўмондонлиги, Юнусобод туман ҳокимлиги ва бошқа масъул вазирлик ҳамда ташкилотлар мутасадди раҳбарлари иштирок этди.

Улар Умида Турдалиева бошлаган ушбу олийжаноб ишга муваффақият тилаган ҳолда, доимо кўмакдош бўлишларига ҳамда оила аъзосига айланган ушбу ўғил-қизларнинг маънавиятли ва ватанпарвар бўлиб камол топишларига ишонч билдирди.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев раислигида 28 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида меҳрибонлик уйларидаги болаларни оилага яқин муҳитда тарбиялаш, билим ва маънавиятли, ватанпарвар инсонлар этиб вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада янги тизим жорий қилиниши ва бунга Миллий гвардия масъул этиб белгиланиши таъкидланган эди.

Йиғилишда Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраевга икки ҳафта муддатда ҳар бир Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларига шахсан ўзи бориб, уларга Миллий гвардиянинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари, ҳар бир гуруҳга малакали офицер ва психологларини бириктириш, логопед ва дефектологларни ишга олиш бўйича топшириқ берилганди.

Мавзуга оид