АҚШ элчихонаси америкалик фуқароларни Афғонистонни дарҳол тарк этишга чақирди
АҚШнинг Афғонистондаги элчихонаси 12 август куни америкалик фуқароларга Афғонистонни дарҳол тарк этишни тавсия қилди.
“АҚШ элчихонаси америкалик фуқароларни мумкин бўлган рейслар билан Афғонистонни дарҳол тарк этиш лозимлигидан огоҳлантиради. Агар самолётга чипта олишга молиявий имкониятингиз бўлмаса, АҚШнинг Кобулдаги элчихонаси билан бунинг учун кредит олиш учун боғланинг. Агар америкалик фуқаро бўлсангиз ва турмуш ўртоғингиз ёки фарзандингиз учун иммиграцион визани кутаётган бўлсангиз, дарҳол биз билан боғланинг”, — деб айтилган элчихонада.
АҚШ элчихонаси баёнотида таъкидланишича, элчихона ходимлари камлиги сабабли фуқароларга кўрсатиладиган ёрдам ўта чекланган.
Айни вақтда Афғонистонда толиблар бирин-кетин вилоятлар марказларини эгалламоқда. Аввалроқ улар Афғонистоннинг йириклиги бўйича иккинчи шаҳри ҳисобланган Қандаҳорни эгаллаганини эълон қилган. Агар бу маълумот тасдиқланса, унда Қандаҳор вилояти маркази мамлакатнинг 34та вилоят марказидан толиблар назоратига ўтган 12-марказ бўлади.