Фирибгарлар ўнлаб давлатлар билан вакцина етказиш бўйича келишув имзолашга уринган — WSJ
Жиноий ташкилотлар ва алоҳида шахслар бир қатор давлатлар ва ҳудудлар ҳукуматлари билан боғланиб, уларга коронавирусга қарши вакциналар етказиш бўйича келишувларни имзолашни таклиф қилган. Бу ҳақда ҳужжатлар ва манбаларга таяниб The Wall Street Journal нашри хабар берди.
Фирибгарлар ўнлаб давлатлар ҳукуматларига Pfizer/BioNTech, Johnson & Johnson ва AstraZeneca вакциналарини таклиф қилган. Ушбу давлатлар вакиллари уларни алдашга уринаётганларини фаҳмламагунча, фирибгарлар билан музокаралар олиб борган. Фирибгарлар мурожаат қилган давлатлар орасида Нидерландия, Латвия, Франция, Исроил, Чехия, Австрия, Аргентина, Колумбия, Бразилия, Канада ва Испания бор.
WSJ’нинг тегишли сўровига жавобан бир қатор ҳукуматлар вакиллари вакциналар етказиш бўйича умуман музокаралар олиб бормаётгани ва уларни Еврокомиссия орқали олаётганини ёки бевосита ишлаб чиқарувчи компаниялар билан келишаётганини маълум қилган.
Бразилия президенти офиси вакили мамлакат ҳукумати бундай фирибгарлар билан музокаралар олиб боргани, бироқ пировард натижада улар билан келишув имзолашдан бош тортганини маълум қилган. Колумбия соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилининг таъкидлашича, ҳукумат бундай таклифлар олган, бироқ “сотувчи”дан вакцина ишлаб чиқарувчи эканини исботлаши талаб қилинганда, у “қочиб қолган”.
АҚШ ички хавфсизлик вазирлигининг таъкидлашича, мамлакатда ўзини вакцина тарқатувчилар деб кўрсатаётган ва ҳукуматни вакцина етказишга келишувларни имзолашга кўндиришга уринаётган 50дан 75гача жисмоний шахс ва компания бор. Жумладан, Pfizer компанияси 45та давлатда 86та шундай фирибгарлик ҳолатидан хабардор эканини маълум қилган.
Мавзуга оид
15:43 / 03.08.2024
10 йилдан бери қидирувда бўлган автофирибгар Туркияда ушланди
16:28 / 24.07.2024
Полшада ўсмирларни пичоқлади дейилган ўзбекистонлик йигит аслида жабрланувчи бўлиб чиқди
08:39 / 10.02.2024
Қашқадарёда юзлаб одамларни қарийб 6,5 млрд сўмга чув туширган фирибгарлар қидирилмоқда
13:00 / 19.12.2023