Ўзбекистон | 16:36 / 14.08.2021
9240
2 дақиқада ўқилади

МСК Ўзбекистондаги бешта партияга президентлик сайловида қатнашишга рухсат берди

Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистондаги 5 та сиёсий партиянинг президент сайловида иштирок этишга ижозат беришни сўраб тақдим қилган ҳужжатларини кўриб чиқди. Бу ҳақда бугун, 14 август куни МСКдаги брифингда маълум қилинди.

“Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16, 63-моддаларига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Экология партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишга ижозат беришни сўраб тақдим қилган ҳужжатларини кўриб чиқиб, мазкур партияларга 2021 йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиши учун ижозат бериш тўғрисида қарорлар қабул қилинди”, – деди МСК раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров.

Шу куни мазкур сиёсий партияларга сайловда қатнашишга ижозат бериш тўғрисидаги гувоҳномалар топширилди.

Тадбирда сайловни ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг шахсий таркибини тасдиқлаш ва ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Маълум қилинишича, Марказий сайлов комиссияси дастлабки йиғилишида 500 дан ортиқ ОАВ вакиллари аккредитациядан ўтказилган бўлса, бугунги йиғилиш қарори билан яна 180 дан зиёд ОАВ вакиллари аккредитациядан ўтказилди.

Хусусан, Kun.uz ва Daryo.uz сайтлари ҳамда UzReport телеканалларининг мухбир ва операторлари сайлов жараёнларини ёритиб бориш учун аккредитациядан ўтгани эълон қилинди ва тегишли тартибда гувоҳномалар топширилди.

Мавзуга оид