Байден Афғонистондан қўшинларни хаос юзага келтирмасдан олиб чиқиш иложсиз бўлганини айтди
АҚШ президенти Жо Байден ABC телеканалига берган интервьюсида Афғонистондан америкалик ҳарбийларни хаос юзага келтирмасдан олиб чиқиш иложсиз бўлганини айтди. Унинг таъкидлашича, “АҚШ ҳарбийлари “афғон кучларининг ўзи ҳам олиб боришни истамаётган урушда курашишга ва ҳалок бўлишга мажбур эмас”.
“Биз ҳали ортга қайтиб, ҳаммасини таҳлил қилишимиз керак. Бироқ қўшинни хаос юзага келтирмасдан олиб чиқишнинг иложи борлиги ҳақидаги фикрга келсак, буни қандай амалга ошириш мумкинлигини билмайман”, деб айтган президент.
У “Вашингтон разведка маълумотларини йиғишда, қўшинларни олиб чиқишни режалаштиришда ва уни амалга оширишда муваффақиятсизликка йўл қўймадими?” деган саволга бундай ўйламаслигини айтди. У АҚШ разведкаси Афғонистондаги ҳокимият йил охиригача қулаши мумкинлигини тахмин қилганини, бироқ бу борада аниқ фикр бўлмаганини айтди.
Байденнинг таъкидлашича, АҚШ Афғонистондан америкалик фуқароларни эвакуация қилишга улгурмаса, унда у ерда ўз қўшинларини 31 августдан кейин ҳам қолдиради.
Аввалроқ Афғонистонда америкалик ҳарбийлар сони 7 минггача етказилиши маълум бўлганди. Вашингтонда таъкидланишича, ҳарбийлар олдида турган ягона вазифа америкаликлар ва уларга ёрдам берган афғонларни Афғонистондан олиб чиқиш ҳисобланади.
“Америкаликлар бу жараённи 31 августгача якунламоқчи бўлаётганимизни тушунишлари керак. Агар у ерда бу санадан кейин ҳам америкалик фуқаролар қолса, унда биз уларнинг барчасини олиб чиқиш учун у ерда қоламиз”, деб таъкидлаб ўтган АҚШ раҳбари.
Байденнинг айтишича, АҚШ америкаликлар ва уларнинг иттифоқдошларини олиб чиқиш учун қўлдан келган барча ишни қилади. Унинг таъкидлашича, АҚШ Афғонистондан 10-15 мингга яқин ўз фуқароларидан ташқари, 50-65 минг афғонни олиб чиқмоқчи. Президент эвакуацияни кунига 5-7 минг кишигача тезлаштиришга муваффақ бўлинса, қўшинлар Афғонистондан август охиригача олиб чиқилишини қўшимча қилган.
Охирги маълумотларга кўра, Байденнинг рейтинги Афғонистонда ҳокимиятни толиблар эгаллагандан кейин 53 фоиздан 46 фоизгача тушиб кетди. Таъкидланишича, Байден фаолияти у АҚШ президенти лавозимини эгаллаб келаётгандан бери биринчи марта бундай паст баҳоланмоқда.
Мавзуга оид
22:30 / 15.11.2024
Трамп жамоаси билан Украинадаги уруш тезроқ тугайди — Зеленский
19:22 / 15.11.2024
Америкалик ҳарбий хизматчилар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ортди
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
16:56 / 14.11.2024