Бизнесни реклама қилиш: энциклопедия + 33 та мисол
Инстаграмда автодирект
Ушбу мақола бизнесни реклама қилиш учун мос бўлган усулларни танлаб олишга ёрдам беради. Бу ерда уларнинг ҳар бирини жорий қилиш ҳақида батафсил йўриқномалар йўқ. Бу бизнесингизни ривожлантиришда нималарга эътибор қаратиш лозимлигини кўрсатувчи «Йўл харитаси»дир.
Дастлаб, «ёндашув»
Рекламанинг конкрет каналларига ўтишдан олдин ёндашувни аниқлаб олишингиз керак. Мураккаб иқтисодий атамалардан воз кечиб, масалани ҳаётий томондан ўрганамиз.
Исталган бизнеснинг мақсади – фойда олиш. Уни барқарор равишда ошириб бориш эса – мукаммаллик. Шу туфайли, мавзуга доир ушбу видеони томоша қилишни, сўнгра қандай сотиш ҳақида бир қарорга келишни тавсия этамиз.
Томоша қилдингизми? Энди тактикага ўтамиз. Бунинг учун «Нима эвазига мижозларни жалб қилиш мумкин?» деган саволга жавоб беришингиз лозим.
Буни амалга ошириш усуллари юзлаб эканини билиб олдингиз. Шунга қарамай, назариётдан битта, аммо яхши ишлайдиган усул етарли.
Бироқ, ҳаёт назария эмас, универсал ечимлар йўқ. Шу туфайли бундай қилишни тавсия этаман: барча вариантлар билан танишиб, бизнесни ривожлантириш учун мос келадиган ғояларни танлаш, кейинчалик, уларнинг ҳар бирини синовдан ўтказиб, энг самаралисини олиш.
Келишдикми? Унда бошлаймиз. Қулай бўлиши учун ривожлантиришнинг барча усулларини 3 та категорияга ажратамиз:
1. Оффлайн
2. Онлайн
3. Ижтимоий тармоқлар
А) Оффлайн
Рекламанинг кўплаб усуллари ўн, ҳатто юз йиллик тарихга эга. Аммо уларни менсимаслик, эски нарса деб эътиборга олмаслик ўринли эмас. Баъзи ўринларда улар интернетни осонликча ортда қолдиради.
1. Тарқатма материал
Замонавий полиграфия саноатининг ҳамёнбоп эканини ҳисобга олсак, тарқатма материал – мижозларга ўзингиз ҳақида хабар беришнинг энг арзон усулларидан бири. Тўғри ёндашилганда эса анча самарали.
Демак, нималарни тарқатиш мумкин:
- Визиткалар;
- Акция варақалари;
- Бренд маҳсулотлар;
- Совғалар;
- Каталоглар;
- Чегирма купонлари.
Тарқатмаларнинг асосий мақсади – мижозга сотувчи ҳақида эслатиб туриш. Йўл-йўлакай фирмани атрофдагиларга реклама қилиш. Қўшимчасига, маҳсулот ҳақида хабар бериш, контакт маълумотларини тарқатиш, такрорий харидга ундаш ва бошқа кўплаб жиҳатлар.
Плюслар:
- Фойдаланишнинг оддийлиги. Реклама материалларини тарқатиш учун ҳеч қандай махсус кўникмалар керак эмас.
- Қийматининг нисбатан пастлиги. Бир варақнинг нархи атиги бир неча юз сўм ёки ундан ҳам арзон.
Минуслар:
- Қамровнинг кичик экани. Албатта, агар сиз юзлаб промоутерларни ёллаб, уларни шаҳар бўйлаб тақсимламасангиз.
- Конверсиянинг пастлиги. Афсуски, тарқатма материалларнинг кўпчилиги самара келтирмаслигига тан беришга тўғри келади.
2. ОАВда реклама
Яқиндагина ОАВдаги реклама бизнесни ривожлантириш учун асосий усул эди. Айниқса ундан йирик корпорациялар бажонидил фойдаланишган.
Бироқ, замон ўзгармоқда ва ОАВ аста-секин мижозларни йўқотмоқда, гарчи позицияси ҳамон кучли бўлса-да.
Ушбу реклама каналлари сизга яхши таниш. Шундай бўлса-да, санаб ўтамиз:
- ТВ;
- Радио;
- Босма нашрлар.
Дастлабки 2та восита оммавий бомбардимон қилишга ўхшаш – рекламани экран/радиоприёмник олдидаги ҳамма кўради ва эшитади. Гарчи ТВ ва радио ўз сегментациясига эга экани ҳақида баёнот берса-да, улар мавҳумроқ.
Босма нашрларда вазият ўзгача. Чунки уларнинг ҳар бирида ўз аудиторияси бор ва тасодифий ўқувчилари кам. Шу туфайли сиз тор йўналишдаги нашрда реклама жойлаштириб, нишонга аниқ уришингиз мумкин.
Плюслар:
- Қамровнинг катталиги. Айниқса, ТВ орқали рекламани миллионлаб одамлар кўради.
- Компания имижининг мустаҳкамланиши. Кичик компанияларга бундай рекламани тавсия этмаймиз, аммо катта компаниялар учун бу айни муддао.
Минуслар:
- Реклама бериш нархининг юқорилиги;
- Ўзлаштиришнинг ёмонлиги.
3. Ташқи реклама
Бундай реклама қамров катта бўлиши учун одамлар гавжум бўлган жойларда ўрнатилади. Ёки мақсадли аудитория тўпланган жойларда. Бунинг учун қўлланадиган воситалар:
- Вивеска;
- Билбордлар;
- Бекатлар;
- Жамоат транспорти;
- Экранлардаги видеореклама.
Ташқи рекламанинг самарадорлиги 2та омилга бевосита боғлиқ: жойлашган жойи ва эсда қоларлилиги.
Шу туфайли, тасвир қанчалик креатив, савдо таклифи қанчалик ноёб, яхшироқ бўлса, кўплаб одамлар эътиборини жалб қилади ва бюджет харажатларини яхшироқ қоплайди.
Плюслар:
- Қамровнинг кенглиги. Албатта, агар реклама одамлар гавжум жойда ўрнатилган бўлса.
- Узоқ муддатли самара. Билбордлар компанияни ойлар давомида реклама қилиши ва янгидан янги мижозларни келтириши мумкин.
Минуслар:
- Таргетинг йўқ. Рекламани атрофдаги ҳамма одам кўради;
- Ўзлаштиришнинг ёмонлиги. Вазият ТВ рекламасига ўхшаш.
4. Акциялар
Маҳсулотни сотиб олишга лаҳзалик фойдани ҳис қилишдан ҳам яхшироқ ундайдиган нарса борми? Шу туфайли дунё маркетологлари бизнесни ривожлантиришда ушбу усулни яхши кўришади.
Мана бир қанча оммабоп акция турлари:
- Ўйинлар ёки совринли танловлар;
- Товарлар турига вақтинчалик чегирмалар;
- 1+1=3;
- Мавсумий оммавий сотувлар (распродажа);
- Қора жума.
Албатта, акцияни тўғри ўтказиш, товар қийматини пасайтириш ёки соврин жамғармасига маблағ ажратиш ҳам керак. Бошқа тарафдан, товарларнинг сотилиб кетиши бундай тадбирларга ажратилган харажатни тўлиқ қоплайди.
Плюслар:
- Товар айланмасини ошириш мумкин;
- Ҳар қандай соҳада иш беради.
Минуслар:
- Товар қийматининг пасайиши оқибатида фойда камаяди:
- Акциянинг ўзини ҳам реклама қилишга тўғри келади.
5. Тадбирлар
Эҳтимолий мижозни қизиқтиришнинг ўзи етарли эмас. Қўшимча равишда, унинг бўлажак харидлардаги шубҳасини ҳам тарқатишга тўғри келади. Бунда мижозга маҳсулотни бепул фойдаланишга бериб туришдан ҳам яхшироқ таклиф йўқ. Бунинг учун қуйидаги тадбирларни амалга ошириш мумкин:
- Консультациялар;
- Дегустациялар;
- Конференциялар;
- Синов дарслари;
- Мастер-класслар.
Бу усуллар, айниқса маҳсулотнинг объектив характеристикаларига баҳо бериш мураккаб бўлган хизматлар соҳасида жуда яхши ишлайди. Масалан, рақс мактаблари, массаж кабинетлари, чет тили курслари ва ҳоказолар.
Плюслар:
- Аудиторияни қизиқтириш. Бундай тадбирлар эвазига пуллик маҳсулотларни сотиш мумкин.
- Одамларга қиммат товарларни бирданига сотишдан кўра, уларни бепул мастер-класс ёки дегустацияга тўплаш осон.
Минуслар:
- Тадбир харажатлари. Ҳар қандай тадбирни одамларга етказиш учун реклама қилишга тўғри келади.
- Меҳмонлар учун қизиқарли дастур олиб борувчи яхши сухандон ёки спикер керак.
6. Қўнғироқлар
Устомон сотувчининг қўлидаги телефон фойда келтирувчи машинага айланиши мумкин. Эҳтимолий мижозларга қўнғироқ (ёки «совуқ савдолар») орқали қуйидаги ишларни қилиш мумкин:
- Байрам билан табриклаш;
- Тескари алоқа ўрнатиш;
- Изоҳ тўплаш;
- Акциялар ҳақида хабар бериш;
- Ўзини эслатиш.
Мижозларга қўнғироқ қилиш жараёнига паст назар билан қарамаслик лозим. Уларнинг бунга қандай муносабат билдиришидан қатъи назар. Мисол учун, B2B бизнес соҳасида қўнғироқ қилиш жараёнисиз ишлаб бўлмайди.
Плюслар:
- Кам харажатли жараён. Онлайн-телефонияни улаш ва сотишни дарҳол бошлаш мумкин;
- Шахсий мулоқот самараси. Уддабурон сотувчи бундан ўзига фойда келтириши мумкин.
Минуслар:
- Салбий қарашлар бўлиши. Кўплаб одамлар бундай қўнғироқларга душманларча муносабатда бўладилар;
- Юқори малакали, темир асабли ва қатъий ишончга эга савдо менежерлари керак бўлади.
7. СМС тарқатиш ва мессенжерлар
Бу восита мижозлар билан қўшимча мулоқот канали сифатида ажойиб ишлайди. Унинг ёрдамида буюртма мақоми ҳақида хабар бериш, белгиланган учрашувни эслатиш ёки янги акция ҳақида ахборот бериш мумкин.
Агар ундан янги мижозларни жалб қилиш учун фойдаланилса, вазият бирмунча бошқача бўлади. Чунки, спам-рекламага кўпчилик салбий муносабатда бўлади, демак, ундан фойдаланган компанияга ҳам.
Плюслар:
- Савдони оширишга хизмат қилувчи восита сифатида жуда қўл келади;
- Оммавий тарқатмада 1та хабар қиймати тийинга тенг бўлади.
Минуслар:
- Телефон рақамлари базасини тўплаш керак;
- Спам жўнатмалар жуда паст хайрихоҳликка эга бўлади.
8. Партизанча маркетинг
Бу нафақат бизнесни ривожлантириш усули, балки товарни минимал куч ва харажат сарфлаб сотишдир. Шу сабабли, маркетолог-партизан ривожлантиришнинг анъанавий усулларидан ўзгача тарзда фойдаланади.
Мисол учун, мижозларни жалб қиладиган хилма-хил усуллар ишга солиниши, ҳатто рақобатчилар рекламасидан ўз мақсадида фойдаланиши мумкин.
Плюслар:
- Ривожлантиришнинг бепул ёки кам харажатли усули;
- Кўплаб усуллардан фойдаланганда Wow самара бериши.
Минуслар:
- Кўпинча усулнинг самарадорлигини баҳолаш қийинлиги;
- Бундай рекламага салбий изоҳларни олиш эҳтимоли катталиги.
9. Бренд адвокатлари
Бренд адвокатлари – компания хизматларидан фойдаланувчи ва бу ҳақда дўстларига айтиб беришга, интернетда ижобий изоҳ қолдиришга тайёр одамлар. Бундай мижозларни таъсир ўтказувчи агентлар деб ҳам номлашади.
Бренд адвокатлари учун ажойиб маҳсулот, аъло даражадаги сервис ижобий ҳис-туйғуларни уйғотади. Агар маҳсулот ва хизматлар сифати юқори бўлса, бундай содиқ мижозлар албатта пайдо бўлади. Бундан ташқари, бренд адвокатларини маълум технологиялардан фойдаланган ҳолда тайёрлаш ҳам мумкин.
Плюслар:
- Рекламанинг бепул ёки кам харажатли усули;
- Қўллашнинг самарадорлиги узоқ муддатда билинади.
Минуслар:
- Фойдаланиш мураккаб, чунки мижоз психологиясини яхшилаб ўрганишни талаб қилади;
- Маҳсулот сифати ва сервисни яхшилаш учун доимий, тизимли ишларни ривожлантириб боришга тўғри келади.
10. Виртуал реаллик
Виртуал ва тўлдирилган реаллик – келажак технологияларидир. Келажак бор жойга маркетологлар интилади, улар инсонларнинг қизиқишини монетизация қилишга уринадилар.
Афсуски, бу технология қанчалик зўр бўлмасин, ҳозирча оммалашмади. Шу туфайли бу восита фақат маълум бир соҳаларда қўлланиши мумкин. Масалан, компьютер ўйинлари яратувчилари томонидан.
Плюслар:
- Wow самара;
- Реклама берувчилар ўртасида рақобат пастлиги.
Минуслар:
- Реклама яратишнинг мураккаб ва қиммат экани;
- Бизнеснинг ҳамма турига ҳам мос келмайди.
11. Натив реклама
Бу ҳозирда жуда оммалашган ва машҳур бўлган усул. Натив реклама — бу кўнгилочар контент ичига яширинган формат бўлиб, мижозлар ундан бажонидил фойдаланишади.
Бундай қўшимчаларни digital ресурсларда ҳам, анъанавий босма нашрларда ҳам кўриш мумкин.
Плюслар:
- Реклама ноанъанавий тарзда бўлгани учун аудитория ижобий таассуротга эга бўлади;
- Нашр ёки ресурс мустақил равишда материални тайёрлайди, бунда сиз иштирок этишингиз шартмас;
- Узоқ муддатли самара.
Минуслар:
- Қиймати юқори. Анъанавий ОАВларга нисбатан арзонроқ, аммо кичик бизнес учун қиммат.
- Унинг самарадорлиги реклама жойлаштириладиган майдоннинг тўғри танланишига боғлиқ.
12. Шахсий бренд
Маркетингда сўнгги йилларнинг трендларидан бири. Унинг мазмуни шундаки, компания асосчиси ёки раҳбари бренд юзи сифатида иштирок этади ва уни фаол ривожлантиради.
Масалан, блог юритади, конференцияларда иштирок этади, мастер-класс ўтказади, интервью беради ва ҳ.к.
Шахсий брендни яратишни рекламанинг фақат оффлайн усулларига киритиш ноўрин. Чунки, баъзи бировлар учун ижтимоий тармоқларда ҳам шахсий саҳифасини ёки гуруҳларни юритиш кифоя.
Плюслар:
- Аудиториянинг садоқати кучаяди;
- Кўплаб воситаларга нисбатан кам харажатли.
Минуслар:
- Кўп меҳнат талаб қилади. Жараённи бошқа бировга топшириш ёки автоматлаштириш мураккаб;
- Натижага эришиш учун тизимли ва узоқ муддатли меҳнат талаб қилинади.
13. Сарафан радио
Сарафан радио узоқ вақтдан бери самарали воситалардан бири бўлиб келмоқда. Инсоннинг мулоқотга бўлган эҳтиёжи сифатли маҳсулотларни реклама қилади, бизнес ҳатто бунга аралашмайди.
Хоҳласангиз бундай жараённи ривожлантириш мумкин. Масалан, дўстларини олиб келган мижозларга бонуслар бериш орқали. Бу усулда жиддий камчилик ҳам бор – мижозлар оқимини назорат қилишнинг имконсизлиги. Агар бугун сизга тавсия орқали 5 киши эътиборини қаратса, эртага бундай кишилар умуман бўлмаслиги мумкин.
Плюслар:
- Ривожлантиришнинг бепул усули;
- Кўп меҳнат талаб қилмайди. Уни жорий қилиш ҳам осон.
Минуслар:
- Оқимни назорат қилиш имконсиз;
- Усулнинг самараси тез орада билинмайди.
14. Нетворкинг
Фойдали танишларни орттириш — ҳақиқий санъат. Айниқса, унинг ортидан миллион сўмлик буюртмалар келса.
Бу B2B соҳасида кўпроқ учрайди. Аммо фақат жисмоний шахслар билан ишлайдиган тадбиркорларга мижозларни излашнинг бундай усули тўғри келмайди.
Ишбилармон танишларни излаш учун имкониятлар кенг: конференциялар, семинарлар, ўргатувчи курслар ва тренинглар, ишбилармонлик клублари ва б. Бунинг учун кўп нарса талаб қилинмайди, визиткаларни тўплаб олиш ва мулоқот учун очиқ бўлиш кифоя.
Плюслар:
- Ривожлантиришнинг бепул усули;
- Кўп меҳнат талаб этмайди.
Минуслар:
- Оқимни назорат қилишнинг имконсиз экани;
- Усулнинг самараси тезда билинмайди.
15. Ҳомийлик
Ҳомийлик қадимдан маълум бўлган усул. Бироқ, ҳозирги кунда ҳомийларда имконият кўпроқ.
Биринчидан, танлов учун имконият кенг: спорт клублари, маданий дастурлар, ижтимоий ташкилотлар — уларнинг ҳаммаси молиялаштиришга муҳтож. Бунинг эвазига бажонидил сизни реклама қилишади.
Иккинчидан, ҳомийлик фақат йирик корпорациялар иши деб ўйламаслик керак. Уни ҳар қандай бюджет билан бошлаш мумкин.
Мисол учун, логотипингиз туширилган формага буюртма беринг ва уни мактаб командасига совға қилинг. Натижада, компаниянгизни ёш спортчилар ота-оналарига реклама қиласиз.
Плюслар:
- Компания имижи яхшиланади;
- Қамровнинг кенглиги;
- Узоқ муддатли самара.
Минуслар:
- Самарани аниқ баҳолашнинг мураккаблиги;
- Жиддий молиявий харажатлар зарурияти.
Б) ОНЛАЙН
Энди интернет-рекламага ўтамиз. Бу ерда танланадиган воситалар миқдори оз эмас. Интернетсиз ҳозирги замонни тасаввур этиб бўлмайди. Интернет-маркетинг ҳақида қисқа маълумот берамиз.
1. Сайт
Ташкилот сайтининг йўқлиги эҳтимолий мижозларда шубҳа уйғотади. Бундан ташқари, веб-саҳифани яратиш бугунги кунда жуда осон бўлиб қолди. Ҳатто бунинг учун дизайнер ва дастурчи ҳам керак эмас. Сайтни конструкторда яратиш мумкин.
Плюслар:
- Шахсий ресурсингиз. Қонун тақиқламаган исталган нарсани жойлаштириш мумкин.
- Оддийлик. Дастурлашни билмаган киши ҳам, конструктор орқали сайт яратиши мумкин.
- Конверсияни оширадиган инструментларни ўрнатиш имконияти: танлаш формалари, онлайн-чатлар, қайта алоқа виджетлари ва ҳ.к.
Минуслар:
- Трафиксиз ишлатишнинг имкони йўқ.
- Яратиш, хостингда жойлаштириш, қўшимча сервислар учун харажатлар.
2. SEO
Қидирув тизимларидаги органик трафик ҳамон онлайн-рекламада муҳим аҳамият касб этади. Сабаби шуки, у контекст ёки медиа рекламага қараганда бепул. Бундан ташқари, маҳсулотингизни излаётган ва қизиқиш билдираётган мижозлар сайтга киради.
Аммо ҳозирги вақтда SEO инқирозга учраган. Чунки қидирув тизимлари йилдан йилга сайтларни табақалаштиришнинг мукаммал тизимини жорий қилмоқда. Шу сабабли, қидирув натижаларини манипуляция қилиш мураккаблашмоқда.
Плюслар:
- Қидирувнинг бепул трафиги — сайтга кирувчилар сонининг барқарор манбаси.
- Узоқ муддатли самара. Сайт, топ қидирувга тушса, катта эҳтимол билан у ерда узоқ ва барқарор бўлади.
Минуслар:
- Узоқ муддатли. Қидирув орқали реклама қилиш жараёнида фақат комплекс ёндашув ва вақт (бир неча ойгача) самара беради.
- Қидирув тизимларининг мураккаб алгоритми туфайли ҳеч ким сизга натижа 100 фоиз бўлишини кафолатлай олмайди.
3. Контекст реклама
Қидирув тизимларидаги рекламага қараганда контекст реклама кўп вақтни олмайди. Чунки кампания ишга туширилгач, сайтингиз қидирув натижаларининг юқори сатридан бир неча соат давомида жой олади. Албатта бунинг учун пул тўлаш лозим.
Унинг нархи эса соҳага ва рақобатчилар миқдорига боғлиқ. Мисол учун, баъзи ишбилармонлар эълондаги битта клик учун ўн минглаб беришга тайёр. Шу сабабли, Яндекс.Директ ёки Google Adwords билан яхши танишиб олиш рақобатчилар олдида устунликни бериши мумкин.
Плюслар:
- Тезкор натижа. Агар маҳсулотга тезкор буюртма олиш керак бўлса, лендинг + контекст реклама – идеал вариант;
- Трафикни назорат қилиш имкони борлиги. Рекламани хоҳлаган вақтингизда ёқиш ёки ўчиришингиз мумкин.
Минуслар:
- Мураккаблик. Барча созламаларни ўрганиб олиш учун кўп вақт сарфланади. Ёки рекламани бошқарувчи директологни пулга ёллашингиз мумкин;
- Харажатларнинг катталиги. Кўплаб соҳаларда рақобат шунчалик кучлики, кликнинг нархи савдодан тушган фойдани еб юборади.
4. Медиа реклама
Медиа рекламани Яндекс.Директ ёки Google Adwords ёрдамида ишга тушириш мумкин. Бироқ, фойдаланувчилар билан мулоқот принципи ўзгача бўлади.
Эҳтимолий мижозлар интернет кенгликларида рекламани қуйидаги шаклда кўрадилар:
- График баннерлар;
- Матнли ёки матнли-график блоклар;
- Видеороликлар.
Бундай рекламалар Google ёки Яндекс ҳамкорлари сайтларида жойлаштирилади.
Бизнесни бундай реклама қилишда 1 клик ёки 1 мингта намойиш учун пул тўланади. Кўпинча медиа рекламадан ретаргетинг учун фойдаланилади.
Плюслар:
- Кенг қамров. Реклама тизимларида реклама жойлаштириладиган миллионлаб ҳамкор сайтлар бор.
- Эълонни калит сўзлар, қизиқишлар, манзил ва бошқа критериялар орқали таргетлаш имконияти.
Минуслар:
- Совуқ трафик. Одатда медиа реклама орқали жалб қилинадиган мижозлар конверсияси контекст рекламадан ёмонроқ.
- Созламаларнинг мураккаблиги. Махсус билим ва кўникмасиз бюджетни бир неча соат ичида сарфлаб юбориш ва натижага эришмаслик мумкин.
5. Тизер реклама
Тизер инглиз тилидан таржима қилинса — қитиқлаш ёки оғдириш деган маънони беради. Яъни, бундай рекламанинг мақсади — мижознинг эътиборини қаратиш ва клик қилишга мажбурлаш. Бунинг учун провокацион сарлавҳалар, ноанъанавий суратлар, шов-шувлар, жанжаллар ва бошқалар қўлланади.
Тизер тармоқлар сайтингизга жуда кўп, аммо, афсуски, сифатли бўлмаган трафикни жалб қилади. Чунки фойдаланувчи тизерга шунчаки қизиқарли бўлгани учун клик қилади. Шу туфайли, товар сотиб олиш эҳтимоли жуда паст.
Плюслар:
- Арзон трафик, айниқса, медиа ва контекст реклама билан таққослаганда;
- Тизер тармоқлари жалб қиладиган мижозлар оқимининг катталиги.
Минуслар:
- Трафик сифатининг пастлиги;
- Бюджетни бекорга сарфлаб юбориш эҳтимоли.
6. Онлайн-каталоглар
Товар ва хизматларни сайтсиз ёки ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларсиз сотиш мумкинми? Албатта.
Бунинг учун таклифни товарлар агрегатори ёки эълонлар тахтасига жойлаштириш лозим. Бундай сайтлар интернетда жуда кўп. Масалан, olx.uz.
Бундай сайтларда турли соҳалардаги кўплаб сервислар таклиф этилади: товарлар, кўчмас мулк, автомобиллар ва ҳатто овқат етказиб бериш. Бундай эълонлар орқали товар ва хизматларингиз учун юзлаб буюртмалар тушиши мумкин.
Плюслар:
- Тезда ва катта ҳажмда сотиш имконияти.
- Кам харажат. Ҳар бир сервис ўзининг монетизация моделига эга ва шу туфайли жойлаштириш шартлари турлича.
Минуслар:
- Сайт қоидаларига қарамлик. Каталоглар орқали сотишда савдо майдончасининг қоидаларини тўлиқ қабул қиласиз ва ўз сайтингизни ривожлантирмайсиз.
- Сотувчилар орасидаги рақобат. Буюртма олиш учун магазинлар рўйхатидан сифатли ажралиб туриш керак.
7. Email маркетинг
Интернет-маркетинг туғилган пайтлари email тарқатмалар энг самарали воситалардан бири эди. Вақт ўтган сайин тарқатмалар сони ошди ва фойдаланувчилар уларни кам ўқишни бошладилар, самарадорлик ҳам пасайди.
Бугун йирик компаниялар email маркетингдан фойдаланиб келмоқда. Кичик компаниялар учун бундай восита базани тўплаш ва тарқатмани амалга ошириш харажатларини оқламаслиги мумкин.
Плюслар:
- Маҳсулотларни автоматик тарзда сотувчи автоворонка яратиш имконияти;
- Мижозга мунтазам сотиш имкониятини берувчи узоқ муддатли коммуникация.
Минуслар:
- Тарқатмаларни яратиш жараёнининг кўп меҳнат талаб этиши;
- Хатларнинг камдан кам очиб ўқилиши;
- Обуначилар базасини тўплаш харажатлари.
8. Вирусли роликлар
Креатив ёндашув рекламага харажат қилмасдан ҳам сотиш ҳажмини ошириши мумкинлиги бўйича ёрқин мисол. Телефонга олинган вирусли видео ТВ орқали рекламадан ҳам кўпроқ қамровга эга бўлиши мумкин. Одамлар уни дўстларига улашиб, рекламангизни тарқатишади.
Афсуски, бундай роликлардан юздан бири нишонга тегади. Муваффақиятли вирусли ролик ясашнинг маълум бир рецепти йўқ. Бошқа томондан, бу воситадан фойдаланишга уриниб кўриш орқали ҳеч нарса йўқотмайсиз.
Плюслар:
- Татбиқ этишнинг осонлиги. Роликни тайёрлаш учун мобил телефон етарли.
- Вирусли самара, ҳеч қандай харажатсиз кенг қамровни келтиради.
Минуслар:
- Натижанинг мавҳумлиги;
- Акс таъсир бериши — салбий ҳолатлар бўлиши ҳам мумкин.
9. Репутацион маркетинг
Олдинги мижозларнинг тажрибаси — одамларни товар сотиб олишдан олдин шу нарса қизиқтиради. Шу туфайли ижтимоий тармоқларда бренднинг обрўйи ҳақида қайғуриш шарт.
Ва бир вақтнинг ўзида 2та йўналишда ишлаш лозим: салбий изоҳларни силлиқлаштириш ва мамнун мижозларни ижобий тавсия қолдиришга ундаш.
Албатта, репутацион маркетинг ўз-ўзидан сизга янги мижозларни келтирмайди. Бироқ, бошқа воситаларнинг конверсиясини кескин кўпайтириши мумкин. Шу туфайли уни эътибордан четда қолдириш ярамайди.
Плюслар:
- Компаниянинг тармоқдаги обрўйини мустаҳкамлайди;
- Савдо ҳажмини оширади.
Минуслар:
- Кўп меҳнат талаб қилади. Обрўни мустаҳкамлаш учун мониторинг ва доимий ҳаракатлар талаб қилинади.
- Янги мижозларни келтирувчи асосий эмас, ёрдамчи восита ҳисобланади.
10. Вебинарлар
Вебинар ўтказиш — инфобизнеснинг асосий кўникмаларидан бири. Уларнинг ёрдамида эҳтимолий аудиторияни йиғиш, маҳсулотнинг афзалликлари ҳақида хабар бериш ва уни сотиш учун буюртма тўплаш мумкин. Муҳими, спикер эфирни яхши олиб бориши ва ишончли тарзда гапириши лозим. Техник томондан бундай трансляцияни олиб бориш қийинмас. Вебинарларни ўтказишни осонлаштирувчи махсус сервислар ҳам бор.
Плюслар:
- Спикер қаерда бўлишидан қатъи назар, дунё бўйлаб аудитория билан ишлаш имконияти;
- Бепул маҳсулот учун мижозларни тўплаш осонлиги.
Минуслар:
- Вебинарлар кўп вақтдан бери ўтказилади ва аудитория меъдасига тегиб улгурган;
- Эҳтимолий мижозларни қизиқтириш учун эфирни сифатли ўтказиш муҳим.
11. Контент-маркетинг
Контент-маркетинг бугунги кунда тобора оммалашиб бормоқда. У орқали мақсадли аудиторияга фойдали ва қизиқарли контент яратилади ва тарқатилади. Контент формати турлича бўлиши мумкин: мақола, чек-варақлар, инфографика, видеоролик ва б.
Энг муҳими бу аудитория учун қизиқарли бўлиши керак. Контент-маркетингдан тўғри фойдаланиш орқали сайтингиз жуда катта органик трафикка эга бўлади. Аммо олдин яхшилаб тер тўкишга тўғри келади.
Плюслар:
- Аудиториянинг брендга мойиллиги ошади;
- Органик трафик табиий равишда ўсади.
Минуслар:
- Узоқ муддатли самара. Унинг меваларини сезиш учун ойлар, ҳатто йиллар керак бўлади;
- Кўп меҳнат талаб қилади. Сифатли контентни яратиш учун кўп уринишга тўғри келади.
В) ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР
Ижтимоий тармоқлардаги рекламага алоҳида эътибор қаратиш зарур. 10 йил олдин бундай ресурслар бизнес учун қизиқарли бўлишига камдан кам одам ишонган эди.
Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда гуруҳ очиб, миллионлаб савдо қилиш мумкин. Нималар эвазига бунга эришиш мумкинлигини кўриб чиқамиз.
1. Таргет реклама
Сайт ёки гуруҳларни ижтимоий тармоқлар орқали реклама қилишнинг энг оммабоп воситаларидан бири. Ҳар қандай бизнесга мос келади.
Унинг ёрдамида исталган нарсани реклама қилиш мумкин: онлайн-курслардан тортиб, кўчмас мулк савдосигача.
Кўплаб созламалар борлиги туфайли, мижозларни жинси, ёши, қизиқиши, яшаш жойи, даромад даражасига қараб фильтрлаш мумкин. Бу эса мақсадли аудиторияга реклама бериш имконини яратади.
Плюслар:
- Натижани тезкор олиш мумкин;
- Трафик миқдорини осон назорат қилиш мумкин.
Минуслар:
- Рақобатнинг кучли экани;
- Реклама намойишини бирданига самарали созлаш қийинлиги.
2. Блогерлар ёки фикр лидерларида реклама
Бугунги кунда бир киши йирик ОАВга қараганда кўпроқ аудиторияга эга бўлиши мумкин. Шу туфайли блогерлардаги реклама миллионлаб сўмга баҳоланиши ажабланарли эмас. Аммо бу рекламанинг бундай тури фақат йирик бюджетли компаниялар ҳамёнига мос дегани эмас.
Чунки, обуначилар сони кетидан қувмасдан, унчалик машҳур бўлмаган, бироқ, тор соҳадаги блогерларга мурожаат қилиш ҳам мумкин. Уларда рекламани жойлаштириш арзонроқ ва самаралироқ бўлади.
Плюслар:
- Катта қамров. Деярли ОАВдан қолишмайди.
- Машҳурлик. Блогерлардаги реклама ҳамон ўсиб бораётган тренд.
Минуслар:
- Самарасини ҳисоблаш мураккаб. Айниқса, блогер сайтингиз ҳаволасини жойлаштиришга рози бўлмаса.
- Блогерни танлашдаги қийинчиликлар. Ўзингиз учун қизиқарли каналларни танлаб олиб, уларнинг ҳар бири билан реклама жойлаштириш ҳақида келишиб олишингиз лозим.
3. Бошқа гуруҳлардан пост сотиб олиш
Ижтимоий тармоқларда рекламанинг кенг тарқалган усули бу бошқа паблик ва гуруҳлардан пост сотиб олиш ҳисобланади.
Сотиб олинган постларнинг самараси кўплаб омилларга боғлиқ: гуруҳ мавзусига, жойлаштириш вақтига, обуначиларнинг фаоллигига ва уларнинг миқдорига. Шу туфайли, бундай рекламада пабликни танлаш муҳим аҳамият касб этади.
Плюслар:
- Кам харажатли. ОАВга қараганда миллионлаб обуначиларга эга пабликда реклама жойлаштириш арзонроқ бўлади.
- Оддийлик. Постни тайёрлаб, паблик маъмури билан боғланиш кифоя.
Минуслар:
- Натижани башорат қилиш қийин. Жойлаштириш ўзини оқлаши мумкин, шунингдек, умуман самара бермаслиги ҳам мумкин.
- Қамровнинг пастлиги.
4. Танловлар
Ижтимоий тармоқлардаги танловлар — мижозларни жалб қилишнинг яхши усулларидан бири. Улар гуруҳга янги обуначиларни жалб қилиш учун мўлжалланган ва уларнинг бир қисми товарга қизиқиш билдириши мумкин.
Бунинг учун, танлов шартига кўра, мижоз гуруҳга аъзо бўлиши ва ёзувни репост қилиши лозим.
Танловнинг самарадорлиги ижтимоий тармоқнинг турига, совриннинг қимматлигига ва соҳага бевосита боғлиқ. Бизнеснинг баъзи соҳалари учун бу воситани умуман қўллаб бўлмайди, масалан, B2B соҳасига.
Профилни реклама қилиш жараёнига ўйин элементларини қўшиб боришни унутманг. Масалан, фаоллик учун балл қўшинг, сўнгра совға беринг. Сизга ҳам яхши, обуначилар ҳам мамнун.
Плюслар:
- Кам харажатли. Умуман реклама бюджетисиз ишлаш мумкин, совға эса таннархига кетади.
- Тезкор жорий қилиш. Танлов ўтказиш учун 1 соат ҳам сарфланмайди.
Минуслар:
- Аудитория сифатининг пастлиги. Кўпчилик янги обуначилар «бепул совға кетидан қувиб юрувчилар» тоифасига мансуб бўлади.
- Натижаларни башорат қилиш қийин. Энг зўр ташкил этилган танлов ҳам самара бермаслиги мумкин.
5. Ижтимоий тармоқларда шахсий хабар жўнатиш
Email-маркетинг сингари шахсий хабарларни жўнатиш автоворонка яратиш ва аудитория билан доимий алоқа ўрнатиш имконини беради.
Ҳозир деярли ҳар бир тижорат гуруҳида тарқатма (рассилка) амалга оширилмоқда. Шу туфайли, тахмин қилиш мумкинки, одамлар бу янгиликдан тез орада безиб кетади ва унинг самараси пасаяди.
Плюслар:
- Янгилик эффекти. Одамлар ижтимоий тармоқлардаги тарқатмаларга бажонидил аъзо бўлишади (анъанавий email’дан фарқ қилган ҳолда).
- Очиб ўқишнинг юқори коэффициентга эгалиги.
- Бепул. Тарқатмани бюджетсиз йўлга қўйиш мумкин.
Минуслар:
- Лид-магнит. Мижозларни обуна бўлишга ундаш керак;
- Негатив. Ҳамма мижозларга ҳам бундай тарқатма ёқмайди.
6. Масслайкинг ва массфолловинг
Бу терминлар оммавий лайк босиш ва дўстларни қўшишни (ёки обуна бўлишни) кўзда тутади. Бироқ, бу усуллар кўпчилик ижтимоий тармоқларда тақиқланган. Бу қоидабузарлик учун аккаунт блокланиши ҳам мумкин. Шу туфайли, улардан эҳтиёткорлик билан, белгиланган чегарадан чиқмасдан фойдаланиш керак.
Бу нима учун керак? Қизиқиш билдирган фойдаланувчи саҳифангизга ўтиши ва реклама таклифини кўриши учун.
Бу усулнинг конверсияси унчалик баланд эмас, шу туфайли оммавийликка эътибор қаратиб, махсус дастурдан фойдаланган афзал.
Плюслар:
- Қийматининг арзонлиги. Жараённи автоматлаштириб берадиган хизмат учун пул тўланади.
- Таргетлаш имконияти. Керакли аудиторияни танлаб олиб, фақат уларни лайклаш мумкин.
Минуслар:
- Бан (блокланиш) эҳтимолининг катталиги. Масслайкинг учун шахсий саҳифангиздан фойдаланманг, чунки, ижтимоий тармоқ маъмурияти бундай ҳаракатлар учун одатда блоклаб ташлайди;
- Кўпчилик фойдаланувчилар бундай рекламага салбий қарайди, чунки ундан кўпинча «тармоқ сотувчилари» фойдаланади.
7. Инстаграмда автодирект
Ижтимоий тармоқлар орқали шахсий хабар жўнатишга ўхшаш. Аммо фарқли томони бор. Инстаграмда хатлар занжирини ярата олмайсиз. Шу сабабли, бир фойдаланувчига 1та хабар келади.
Фойдаланувчи сизга обуна бўлиши биланоқ шахсий хабарни олади. Бу восита орқали янги мижозларга чегирмалар тақдим қилиш мумкин.
Плюслар:
- Очиб ўқиш коэффициенти юқори. Хабарлар тўғри директга келади;
- Қиммат эмас. Бундай тарқатма учун катта бюджет бўлиши шартмас.
- Фойдаланувчиларга хабарни автоматик жўнатиш. Яъни, хабар обуна бўлиши биланоқ жўнатилади. Лид-магнит яратиш шартмас.
- Вариативлик. Бир неча хабар тайёрлаб, фойдаланувчиларга қайси бири яхшироқ таъсир қилишини кўриш мумкин.
Минуслар:
- Фақат 1 та хабар. Хатлар занжирини яратиш имкони йўқ.
- Хабарлар лимити Инстаграм қоидалари билан чекланган.
Энг муҳим нарсалар ҳақида қисқача
Кўриб турганингиздек, реклама воситаларини танлашда имконият жуда кенг. Бу мақолада уларнинг ҳаммасига тўхталиб ўтилмади. Шу туфайли ҳаракатни бошланг.
Аммо муаммо ҳам бор: мижозларни жалб қилувчи оптимал каналларни танлаш ва вақт билан бюджетни беҳуда сарфлаб юбормаслик жуда қийин. Ҳар бир бизнес учун ёндашув алоҳида бўлади, шу туфайли кўп нарсаларни синаб, энг маъқулини излашга тўғри келади.
Мавзуга оид
12:28
Тошкентда ноқонуний ташқи рекламаларни олиб ташлаш бўйича рейд ўтказилди
16:06 / 08.11.2024
“Биологик фаол қўшимчалар рекламаларида 328 та қонунга зид ҳолат аниқланди” – Рақобатқўм
21:02 / 05.11.2024
Халқ табобати соҳасидаги ноқонуний фаолиятга чекловлар жорий қилинди
11:53 / 06.10.2024