Уйлари “мозаикали” ҳудуд – Ғозғоннинг санъат асарига айланган кўчалари
Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳрига бошқа ҳудуддан келган одам қизиқ ҳолатни кўриши мумкин. Шаҳардаги аксарият уйлар, уларнинг қўрғон деворлари тошдан қурилган. Ушбу манзара кузатувчида гўёки тарихий даврга қайтиб қолгандек тасаввур уйғотади.
Аммо шаҳар аҳли учун бу ҳайратланарли ҳолат эмас. Чунки ҳудудда яшовчи аҳолининг аксарият қисми уй қуришда тошдан фойдаланади. Негаки, ўз мармарлари билан машҳур бўлган Ғозғонда тошдан уй қуриш анча қулай ва арзонга тушади.
“Олдинги даврларда ота-боболаримиз уйни пахса ва ғиштдан қуришган. Кейинчалик ҳудудда мармар конлари топилган. Уйларни тошдан қуришнинг асосий сабаблари арзон, мустаҳкам ва чиройли бўлишида. Шунинг учун аксарият уйлар тошдан қурилган. Ҳудудимизда тош кўп, деҳқончиликдай гап. Аслида, бу ҳам санъат асарига ўхшайди. Усталар цемент билан қориб, эринмасдан териб чиқишади”, — дейди шаҳарда яшовчи Ҳақназар Раҳимов.
Тошлар шу иш билан машғул бўлган махсус усталар томонидан терилади. Аммо маҳаллий аҳолининг айтишича, тошдан қурилган уйлар қишда совуқ, ёзда иссиқ бўлади.
Ғозғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, бугунги кунда ҳудудда 2 та мармар кони ҳамда “Пашот I” ва “Галерян” каби гранит конлари мавжуд. Ушбу конларнинг умумий ҳажми мармар бўйича 36 миллион м3ни, гранит бўйича 108,3 миллион м3ни ташкил этади. Бундан ташқари, ҳудудда ҳали ўрганилмаган ва геология қидирув ишлари ўтказилмаган конлар ҳам бор. Демак, бу ерда уй қуриш истагида бўлганлар учун тошдан арзон қурилиш материали топилмаса керак. Қолаверса, ташиб келиш харажати ҳам қимматга тушмайди.
Ҳақиқатан, шаҳардаги уйларнинг деворлари санъат асарига ўхшайди. Ҳар бир тош эътибор ва ўлчам билан мозаика сингари териб чиқилган, бирининг ўрнига бошқаси тушмайди.
Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи ва монтаж устаси — Жаҳонгир Алибоев.