Жаҳон | 16:56 / 24.08.2021
10056
1 дақиқада ўқилади

Washington Post: МРБ раҳбари Кобулда «Толибон» етакчиси билан махфий учрашув ўтказган

Фото: Reuters

АҚШ Марказий разведка бюроси директори Уильям Бернс Афғонистон пойтахти Кобулда «Толибон» ҳаракати сиёсий етакчиси Абдуғани Биродар билан учрашган. Бу ҳақда The Washington Post'га таяниб Reuters ёзмоқда.

Хабарда айтилишича, Байден МРБ директорини толиблар етакчиси билан музокара ўтказиш учун юборган. Душанба куни ўтказилган «олий даражадаги учрашув»да катта эҳтимол билан АҚШ ва иттифоқчилари фуқароларининг эвакуация қилиниши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган.

Reuters бу маълумотнинг ишончли эканини тасдиқлай олмаган. Оқ уй ва МРБ нашрнинг бу борада сўровларига жавоб бермаган.

Олдинроқ «Толибон» ҳаракати ғарб қўшинлари ва кетишни истаётган дипломатлар 31 августгача Афғонистонни тарк этиши кераклигини маълум қилганди. Бироқ бу муддатгача эвакуация ишларини тўлиқ якунлашнинг имкони йўқ. МРБ директорининг Кобулга ташрифидан кейин эса муддат узайтирилиши айтилмоқда.

Мавзуга оид