Сурхондарёда қарийб 100 килограмм гиёҳвандлик моддаларини Ўзбекистонга олиб кираётган ҳайдовчи ушланди
Сурхондарё вилоятидаги «Сариосиё» чегара постида қарийб 100 килограмм гиёҳвандлик моддаларини Ўзбекистонга олиб кираётган юк машинаси ҳайдовчиси қўлга олинди. Бу ҳақда Kun.uz’га Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 25 август куни соат 3:30 ларда Сурхондарё вилояти Божхона бошқармасига қарашли «Сариосиё» чегара божхона постига қўшни давлат фуқароси бошқарувидаги Merсedes-Benz русумли юк машинаси кириб келган.
Мазкур юк машинасига ортилган юк тегишли тартибда кўздан кечирилганда ҳайдовчи унга 20 тонна оғирликдаги ип-калава юкланганини маълум қилиб, бу ҳақдаги ҳужжатларни тақдим этган.
Божхона ходимлари томонидан юк машинасининг тиркамаси хизмат ити кўмагида божхона кўригидан ўтказилганида унинг олд томони пастки қисмига 93 дона полиэтилен ўрамлар яширилгани аниқланган.
Полиэтилен ўрамлар очиб кўрилганида 82 та ўрамга 85 килограмм 505 грамм оғирликдаги героин ҳамда 11 дона ўрамга 11 килограмм 425 грамм оғирликдаги гашиш гиёҳвандлик моддалари жойлангани маълум бўлган.
Таъкидланишича, ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Божхона қўмитаси матбуот хизматининг маълумот беришича, божхоначилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи турли идоралар билан ҳамкорликда жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 300 дан ортиқ қонунбузарлик ҳолатларида оғирлиги 260 килограммдан зиёд гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.
Мавзуга оид
17:41 / 30.10.2024
Сурхондарёда иситиш мавсуми 1 ноябрдан бошланади
16:54 / 26.10.2024
Сурхондарё вилоятига янги прокурор тайинланди
18:40 / 06.10.2024
Тошкентда икки ҳафта мобайнида қарийб 30 кг гиёҳванд воситалар ва психотроп моддалар ушланди
16:51 / 02.10.2024