Жамият | 09:31 / 26.08.2021
13577
2 дақиқада ўқилади

Чироқчида маст ота ўғлини темир бўлаги билан уриб ўлдирди

Фото: Тергов департаменти ахборот хизмати

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи ота уйга маст ҳолда келиб ўз ўғлини темир бўлаги билан уриб, унинг ўлимига сабабчи бўлган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 25 август куни соат 8:30ларда Чироқчи туман ИИБ навбатчилик қисмига туманнинг «Тарағай» МФЙда яшовчи А.Б.нинг яшаш уйида вафот этгани ҳақида хабар келиб тушган. Ушбу хабар туман ИИБда тегишли тартибда қайд этилиб, воқеа жойига тергов-тезкор гуруҳи чиққан.

Таъкидланишича, жорий йил 24 августдан 25 августга ўтар кечаси соат 00:00ларда Чироқчи тумани, «Тарағай» МФЙда яшовчи А.Б. спиртли ичимлик истеъмол қилиб, яшаш уйига келиб ўғли А.Б. билан ўзаро тортишиб, жанжаллашиб қолган. Жанжал вақтида А.Б. ўғли А.Б.ни темир бўлаги билан бир неча марта уриб, унга тан жароҳатлари етказган.

Оқибатда, оғир тан жароҳатлари олган ўғил А.Б. 25 август куни соат 3:00ларда яшаш уйида вафот этган.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича, марҳум ҳам спиртли ичимлик таъсирида бўлган ва отаси темир бўлак билан ургандан сўнг, у эрталабгача жароҳат олган ҳолда ташқарида қолиб кетган ва жон берган. Оила аъзолари унинг вафот этгани ҳақида эрталаб хабар топишган ва ички ишлар идорасига хабар беришган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2021 йил 25 август куни Чироқчи туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан А.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қайд этилишича, қўзғатилган жиноий иш бўйича фуқаро А.Б. Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Мавзуга оид