Жамият | 21:26 / 26.08.2021
5352
3 дақиқада ўқилади

«Ҳисор» қўриқхонасида ноёб тоғ эчкисини ноқонуний овлаган шахслар ушланди

Қашқадарёда жойлашган «Ҳисор» қўриқхонасида ноёб тоғ эчкисини ноқонуний овлаган шахслар ушланган. Бундан ташқари, яна бир гуруҳ фуқаролар қўриқхона ҳудудида ноқонуний тарзда чорва молларини боққани аниқланган. Бу ҳақда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил 14-15 август кунлари Қашқадарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари Ш.Саломов, О.Шодмонов, З.Эрназаров, Ш.Нормуродов, С.Бойназаровлар Ҳисор давлат қўриқхонаси Танхоз бўлими ҳудудларида назорат рейд тадбирини ўтказишган. Рейд давомида маҳаллий номи Қоранқул бўлган массивнинг юқори қисмида Шаҳрисабз тумани Сувтушар қишлоғида яшовчилар А.Б., Б.Н. ва Д.Ж ёввойи ҳайвонот дунёси объекти ҳисобланган 1 бош тоғ эчкисини ноқонуний овлаб, танасини бўлакларга бўлаётганда ушланган.

Мазкур ҳолат бўйича суриштирув олиб борилганда, фуқаро А.Б. ўзига тегишли бўлган овчилик гувоҳномаси ва қурол олиб юриш ва сақлаш рухсатномасини тақдим қилган. Фуқаро Д.Ж. эса ўзига тегиш эканлигини билдирган ов қуролига тегишли ҳужжатларни тақдим эта олмаган. Қонунбузарлардан иккита овчи милтиғи, пичоқлар, дурбин ва 1 бош ноқонуний овланиб, таналари бўлакларга бўлинган тоғ эчкиси гўштлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.

Қайд этилишича, ноқонуний овчилардан олинган 2 дона ов қуроллари белгиланган тартиб асосида Шаҳрисабз тумани ИИБга қонуний тўхтамга келгунга қадар сақлаб туриш учун топширилган. Ҳолат юзасидан фуқаролар А.Б, Д.Ж ва Б.Тга бу ҳаракатлари амалдаги қонунчилик талабларига зид эканлиги тушинтирилган. Ноқонуний овланган тоғ эчкиси зарари амалдаги қонунларга кўра ҳисобланганда 11 миллион 25 минг сўмни ташкил этган.

Бундан ташқари, назорат рейд давомида Қоранқул массивида Шаҳрисабз тумани Ҳисорак қишлоғида яшовчи фуқаро Ф.Ф. ва Сайёд қишлоғида яшовчи А.О.лар ўзларига тегишли бўлган 461 бош қўй, 93 бош эчкини, шунингдек, Тамшўш қишлоғида яшовчи Ш.Ғ. ва Б.Н. 514 бош қўй ва 86 бош эчкини ноқонуний боқиб юргани аниқланган.

Амалдаги қонунларда белгиланган тартибда табиатга етказилган умумий зарар миқдори ҳисобланганда 307 миллион 83 минг сўмни ташкил этган.

Таъкидланишича, Ҳисор давлат қўриқхонасида аниқланган мазкур қонунбузилиш ҳолатларини содир этган шахсларнинг жавобгарлик масалалари кўриб чиқилиши ва табиатга етказилган зарарларни қонуний тартибда ундириш мақсадида ҳолат юзасидан тўпланган тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этиш учун расмийлаштирилмоқда.

Мавзуга оид