Иқтисодиёт | 20:36 / 26.08.2021
24145
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 14 та ҳудуд бўйича иқтисодий фаоллик рейтинги тузилди

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти томонидан ишлаб чиқилган методология асосида Ўзбекистоннинг 14 та ҳудуди бўйича 2021 йилнинг январ ва июл ойлари учун “Ҳудудларда иқтисодий фаоллик барометри” (ИФБ) баҳоланди ва ҳудудлар рейтинги тузилди. Бу ҳақда институт матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Баҳолаш натижаларига кўра, жорий йилнинг январ-июл ойларида Тошкент шаҳри энг юқори фаоллик барометри индекси билан рейтингда 1-ўринни эгаллади. Кейинги ўринларни Самарқанд ва Сирдарё вилоятлари эгаллади.

Нисбатан паст кўрсаткичлар Навоий, Сурхондарё ва Aндижон вилоятларида кузатилди.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти лойиҳа раҳбари Шерзод Отабоевга кўра, иқтисодий фаолликни баҳолашда 12 кўрсаткич ҳисобга олинади.

“Энг биринчи ишлаб чиқариш фаоллиги, яъни ҳудудда саноат маҳсулотлари ва истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, қурилиш ишлари, хизмат кўрсатиш ва чакана савдо айланмаси ҳажмларидаги ўсиш суръатларини ифодалайдиган 5 та кўрсаткич ҳисобга олинади.

Тадбиркорлик фаоллигини ҳам 5 кўрсаткич билан ифодаладик. Бунда фаолият юритаётган кичик бизнес субъектлари, янги ташкил этилган ва фаолиятини тугатган кичик бизнес субъектлари сонининг ўсиш суръатлари, фаолият юритмаётган ва фаолиятини ихтиёрий тугатиш жараёнидаги кичик бизнес субъектларининг рўйхатдан ўтган жами кичик бизнес субъектлари сонидаги улуши ҳисобга олинди. Ташқи савдо фаоллиги – товар ва хизматлар экспорт-импорт ҳажмларининг ўсиш суръатларини ифодалайдиган 2 та кўрсаткич ҳам муҳим омил бўлди.

ИФБни ҳисоблашда нисбий фарқлар ва ўзаро таққослаш услубларидан фойдаланилди ва ИФБ кўрсаткичи интеграл индексда ифодаланди. Бунда “0”дан “1”гача қийматга эга бўлган интеграл индекс қанча “1”га яқин бўлса, жорий фаоллик даражаси шунча юқорилигини англатади ва аксинча”, – дейди у.

Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилояти ишлаб чиқариш ва ташқи савдо фаоллиги, Самарқанд вилояти ташқи савдо ва тадбиркорлик фаоллиги нисбатан юқори кўрсаткичларга эга бўлгани сабабли ИФБ бўйича рейтингда юқори ўринларни эгаллади.

Шунингдек, тадқиқотда 2021 йилнинг январ-июл даврида январ-июн даврига нисбатан ИФБнинг ўзгариши баҳоланди.

Унга кўра, ижобий ўзгаришлар Тошкент шаҳри, Хоразм, Фарғона, Aндижон, Навоий вилоятларида юз берди ва мазкур вилоятлар ИФБ бўйича тузилган рейтингда ўз ўринларини яхшилашга эришди. Aммо Сирдарё, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида пасайиш кузатилди.

Маълумот учун, ИФБ (иқтисодий фаоллик барометри) жорий йилнинг маълум бир даврида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ҳудудлар ўртасида кузатилган иқтисодий фаоллик даражасини кўрсатади ва у ҳар ойда ҳисоблаб борилади.

Мавзуга оид