Жаҳон | 21:08 / 27.08.2021
12067
2 дақиқада ўқилади

Кобул аэропортидаги теракт қурбонлари сони 170 нафарга етди

Фото: MARCUS YAM/LOS ANGELES TIMES

Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, Кобул аэропортидаги терактлар қурбонлари сони 170 нафарга етди, уларнинг аксарияти Афғонистон фуқаролари, деб хабар берди CBS News телеканали.

Портлашда ҳалок бўлган 13 америкаликдан 10 нафари денгиз-пиёда ҳарбийси бўлган, дея қўшимча қилди телеканал. Шунингдек, 18 нафар америкалик ҳарбий яраланган. Пентагон АҚШ фуқароларининг ўлимини тасдиқлади.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар орасида 32 эркак, 3 аёл ва 3 бола бор, яна 132 кишининг шахси ҳали аниқланмаган.

Аввалроқ теракт оқибатида 110 киши ҳалок бўлгани маълум қилинган эди.

27 августда АҚШ Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги бошлиғи генерал Фрэнк Маккензи Кобулдаги ҳарбийлар янги терактларга тайёр эканини маълум қилди.

26 августда Кобул аэропорти яқинида бир қатор портлашлар юз берди. Теракт худкушлар ва миналаштирилган машиналар ёрдамида содир этилган. Бу вақтда аэропортда минглаб афғонлар мамлакатдан чиқиб кетиш имконини пойлаб турган. Бундан бир кун аввал АҚШ ва Британия махсус хизматлари аэропорт ҳудудида терактлар содир этилиши мумкинлигидан огоҳлантирилган.

Мавзуга оид