Ўзбекистон | 15:14 / 27.08.2021
17836
4 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегаралари ўзгартирилди

Фото: LiveJournal

Сенатнинг ўн саккизинчи ялпи мажлисида Тошкент вилоятининг Зангиота, Юқори Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ ва Қибрай туманлари ҳамда Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир, Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларининг, шунингдек Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Тошкент шаҳри аҳолиси сони 2021 йил 1 июль ҳолатига 2,7 млн кишини ташкил этиб, жорий йил бошига нисбатан 42,8 минг кишига ўсган, аҳолининг зичлиги 1 км кв.га 7 564 кишини ташкил этади. 

Ялпи мажлисда муҳокама қилинган ушбу масала Сенат қарори билан Тошкент вилоятидан 7 853,3 гектар ер майдони Тошкент шаҳрига, Тошкент шаҳридан 171,3 гектар ер майдони Тошкент вилояти ҳудудига ўтказилиши белгиланмоқда.

Жумладан, Тошкент вилоятининг Зангиота туманидан 1 827,1 гектар (шундан, 424,2 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Тошкент шаҳрининг Сергели тумани таркибига, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидан 490,0 гектар (шундан, 154,2 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани таркибига, Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидан 1 134,2 гектар (шундан, 578,2 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани таркибига, Тошкент вилоятининг Қибрай туманидан 2 294,6 гектар (шундан, 1 090,9 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани таркибига, Тошкент вилоятининг Қибрай туманидан 2 107,4 гектар (шундан, 1 002,6 гектар қишлоқ хўжалиги ерлари) ер майдони Тошкент шаҳрининг Яшнобод тумани таркибига, Тошкент шаҳрининг Сергели туманидан 33,8 гектар ер майдони Тошкент вилоятининг Зангиота тумани таркибига, Тошкент шаҳрининг Бектемир туманидан 137,5 гектар ер майдони Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани таркибига ўтказилмоқда.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳри таркибига ўтказилаётган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган (суғориладиган) ерларни бошқа мақсадлар учун ажратиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Тошкент шаҳрига ўтказилаётган Тошкент вилоятининг тегишли ҳудудларидаги сайлов округларидан сайланган халқ депутатлари тегишлича Тошкент шаҳри халқ депутатлари ҳисобланиши белгиланмоқда.

Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига ўтаётган ҳудудларда 42 та МФЙ мавжуд бўлиб, бугунги кунда ушбу ҳудудларда 95 872 нафар аҳоли (23 249 та оила, 29 010 та хонадон мавжуд) истиқомат қилади. Ушбу ҳудудларда 15 та (2025 ўринли) мактабгача таълим ташкилоти, 16 та (8756 ўринли) умумтаълим мактаблари ва 6 та оилавий поликлиника мавжуд.

Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига ўтказилган ҳудудларни муҳандислик-коммуникация ва йўл инфратузилмасини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш бўйича Ҳукуматнинг алоҳида қарори қабул қилиниши белгиланмоқда.

Ҳукумат қарори билан Тошкент вилояти ва шаҳрининг бир-бирига ўтказилаётган ҳудудларида яшовчи аҳоли хатловдан ўтказиш орқали янги манзил бўйича қайта рўйхатга олинади. Вилоят ва шаҳар маҳаллий бюджетининг ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг прогноз параметрлари қайта кўриб чиқилиб, тегишли ўзгартиришлар киритилади. Аҳоли ва юридик шахсларнинг кўчмас мулклари кадастр ҳужжатларига ўзгартириш киритилади. Аҳоли ва юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш давлат рақамларини ўзгартириш ва гувоҳнома бериш каби масалалар ҳал этилади.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Мавзуга оид