Жаслиқ азоблари. “Борса келмас”дан омон қайтганлар ҳикояси
2019 йилда президент Шавкат Мирзиёев қарори асосида Ўзбекистон тарихидаги энг машъум қамоқхона – Жаслиқ колонияси ёпилди. Халқ орасида “борса келмас” дея ном олган бу жазо масканида асосан диний, сиёсий ва бошқа оғир айбловлар билан узоқ йилларга ёки умрбод озодликдан маҳрум этилган маҳкумлар сақланган.
Халқаро ташкилотлар Жаслиқ колонияси қийноқлар ва зулм масканига айлангани сабабли уни ёпишни сўраб Ўзбекистон ҳукуматига бир неча бор мурожаат қилишган. Бироқ ушбу сўровлар ҳар сафар эътиборсиз қолдирилган ёки турли баҳоналар билан рад этилган. Шавкат Мирзиёев даврида Жаслиқда қийноқлар қўллангани расман тан олинди ва уни тарих саҳифаларидан батамом ўчириш ҳақида қарор қабул қилинди.
Kun.uz ушбу колонияда жазо муддатини ўтаган, бугунги кунда озодликда бўлган икки собиқ маҳкум билан у ерда кўрган-кечирганлари ҳақида суҳбатлашди.
“Жаслиқда ўтказган кунларимни душманимга ҳам раво кўрмайман”
Айни пайтда Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида яшаётган, асли сирдарёлик ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармонов умрининг 11,5 йилини Жаслиқда ўтказган.
“2006 йилда сохта айблов билан қамалганман. Ўша пайтда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилоят бўлими раҳбари эдим. Мени товламачиликда айблашган, жиноят иши ясама бўлгани учун норозилик сифатида судда судьяга тескари қараб ўтирганман. Гарчи айбим рад этиб бўлмас далиллар билан исботлаб берилмаган бўлса-да, суд томонидан 9,5 йилга озодликдан маҳрум қилиндим. 2016 йилнинг майида жазо муддати тугаш арафасида унга қамоқхона ички тартибини бузганлик айби билан 5 йил-у 26 кун муддат қўшиб берилди.
11,5 йил мобайнида Ўзбекистондаги энг қўрқинчли қамоқхоналардан бири – Жаслиқ колониясида бўлдим. Жисмоний ва руҳий қийноқларни бошдан кечирдим. Лекин шунда ҳам курашни тўхтатганим йўқ. Гарчи ҳақсизликка қарши сўзим, ҳаракатларимдан сўнг қийноқларга дуч келган, изоляторга қамалган бўлсам ҳам Жаслиқ колониясидаги масъулларнинг маҳкумларга нисбатан муносабатлари нотўғри эканини, бу орқали улар жиноятга қўл уришаётганини очиқ айтиб келдим. Кучим етганича атрофимдаги бошқа маҳкумларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилдим.
Жаслиқда сақланаётган пайтимда халқаро ташкилотлар бу ерда маҳкумларга нисбатан қийноқлар қўлланаётгани, мен ва бошқа сиёсий тутқунлар асоссиз айбловлар билан бу ерда ушлаб турилганимиз, шу сабабли бизни озодликка чиқаришни сўраб бир неча марта мурожаат қилишган. Лекин бу мурожаатларни Ўзбекистон ҳукумати ҳар сафар рад этган. Шундан сўнг қийноқлар бўлаётганини исботлаш учун ҳаётимни хавф остига қўйиб бўлса-да, қамоқхонадан хатлар чиқардим ва ҳар сафарги хатимдан сўнг халқаро ҳамжамиятнинг босими кучайиб, бу маълум бир ўзгаришларга сабаб бўларди.
Жаслиқда ўтказган кунларимни душманимга ҳам раво кўрмайман. Агар Шавкат Мирзиёев президент этиб сайланмаганда мен ҳалигача ўша колонияда ўтирган, асоссиз равишда қўшиб берилган 5 йиллик муддат тугаши арафасида жазо муддатим яна узайтириб қўйилган бўларди. Буни ушбу қамоқхонада 20 йилдан ортиқ сақланган кўплаб сиёсий тутқунлар тақдири мисолида кўриш мумкин.
Аввалги ҳукумат даврида ушбу жазони ижро этиш муассасасидан озод этилган бирорта сиёсий маҳкумни билмайман”, – дейди 2017 йили инсонпарварлик далолатномаси қўлланиб, шартли равишда озодликка чиқарилган ҳуқуқ фаоли Аъзам Фармонов.
“Биринчи кунданоқ “дубинка”лар билан кутиб олишди”
Муқаддам ички ишлар органларида хизмат қилган боёвутлик Жамол Азаматов ҳам жазо муддатининг 4 йилдан кўпроқ қисмини ана шу муассасада ўташга мажбур бўлган.
“Тезкор тадбирлар олиб бораётган вақтимизда МХХ ходимлари томонидан қўлга олинганман. Бунга ишончли шахсимиз бўлган йигитнинг бизга қарши берган, ҳеч қандай далилга асосланмаган кўрсатмаси сабаб бўлган. Яъни бизга ахборот етказиб юрган бу шахс МХХ ходимлари томонидан ушланган вақтда ёнидан 0,76 гр наркотик модда топилган, буни қаердан олдинг деган саволга жавобан мендан олганини айтган. Ваҳоланки, на кийимимда, на машинамда ва на мендан олинган таҳлилларда наркотик модда изи аниқланмаган. Бироқ суд тергов вақтида зўрлик ва босим бўлгани ҳақидаги сўзларимга қарамай мени 18 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Кейинчалик отамнинг турли идораларга тинимсиз қилган мурожаатлари натижасида жазо муддати 11 йилга қисқартирилди, бироқ дастлабки тергов ва суд жараёнидаги адолатсизликларга ҳуқуқий баҳо берилмади.
Қўлга олинган вақтим Сирдарё вилояти ИИБ Жиноят-қидирув ва терроризмга қарши кураш бўлими Наркотик моддалар ва наркотрафикнинг ғайриқонуний айланишига қарши курашиш бўлими ўта муҳим ишлар бўйича катта тезкор ходими лавозимида ишлардим, майор унвонида эдим. Дастлаб Бекободдаги ҳуқуқ-тартибот идораларининг собиқ ходимлари сақланадиган махсус колонияга юборишди. Бироқ кейин қонунчиликка зид равишда мени Тоштурмага, у ердан эса Жаслиққа кўчиришди.
Жаслиққа кириб борган кунимизданоқ “дубинка”лар билан кутиб олишди. Колония назоратчилари ҳам, раҳбарлари ҳам маҳкумларга одам сифатида қарамасди. Бериладиган овқатлари-ку расво эди. Ҳужжатларда, масалан, гречка деб кўрсатилган бўлса, шу маҳсулотнинг энг паст навини ёки ўрнига гуруч ёхуд маккажўхори ёрмасини беришарди. Қонун ҳужжатларига кўра ҳар бир маҳкумга берилиши шарт бўлган гўшт ўрнига сифатсиз, ҳидланган гўшт беришган.
2016 йили Шавкат Мирзиёев президентликка келгач, маҳкумларга муносабат ҳам, озиқ-овқатлар сифати ҳам мутлақо ўзгарди. Жаслиқда бўлган исталган маҳкумдан сўрасангиз, сўзларимни тасдиқлашади”, – дейди Жамол Азаматов.
“Қийноқларнинг олдини олиш бўйича омбудсманнинг фаолияти ўзгартирилди”
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова қамоқхоналарда инсон ҳуқуқларини таъминлаш масаласига эътибор ўзгарганини айтади.
“Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, 2019 йил 2 августда президентнинг сиёсий иродаси сабабли Жаслиқ колонияси ёпилди. Ушбу қамоқхона тўғрисида турли хил гап-сўзлар юрарди. Одамлар Жаслиқни борса келмас жой деб аташарди. Қолаверса, ушбу жазони ижро этиш муассасаси Қорақалпоғистоннинг узоқ ҳудудида жойлашгани боис у ерга бориш жуда ҳам қийин бўлган, бунинг натижасида маҳкумлар ўзларининг оила аъзолари, яқинлари билан кўриша олишмаган.
Шунингдек, бу жойда қийноққа солиш ҳолатлари мавжудлиги ҳақида ҳам ҳар хил гап-сўзлар юрарди. Бу Халқаро ташкилотлар томонидан ҳамиша айтиб келинган. Мана шу омиллар инобатга олиниб, мазкур муассаса ёпилди ва у ердаги маҳкумлар яшаш жойига яқин бўлган жазони ижро этиш муассасаларига кўчирилди. Бу ўзгаришлар жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилди.
Жаслиқ қамоқхонаси ёпилди, қийноқлар тугатилди деб жим ўтирганимиз йўқ. Балки бошқа жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари ва ёпиқ турдаги бошқа муассасаларда қийноқ, ғайриинсоний муомала ва жазолашнинг шафқатсиз ёки қадр-қимматни камситувчи турларини бартараф этиш бўйича ҳуқуқий асослар яратилмоқда.
Бу борада қонун билан қийноқларнинг олдини олиш бўйича омбудсманнинг фаолияти ўзгартирилди. Ўтган йили парламентга йўлланган мурожаатда ҳам омбудсманнинг қийноқлар олдини олиш борасидаги фаолиятини кучайтириш зарурлиги таъкидланганди. 2019 йили мамлакатимизда қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм жорий этилди. Бир ой олдин қийноқларнинг олдини олишга қаратилган махсус президент қарори қабул қилинди.
Буларнинг натижасида жазони ижро этиш муассасалари, тергов изоляторлари ва бошқа ёпиқ муассасаларга маълум вақт оралиғида мунтазам мониторинг ташрифларини амалга оширяпмиз. Маҳкумларнинг ҳуқуқлари қай даражада таъминланаётгани, уларга босим бўлмаётгани, қийноққа солинмаётганига ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлмоқдамиз”, – дейди омбудсман Феруза Эшматова.
“Жаслиқ – зулм тимсоли эди”
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов Жаслиқ колониясига уч марта боргани ҳақида айтиб ўтди.
“2002 йили БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Ўзбекистонга ташриф буюрганда Жаслиқ колониясини ёпишни тавсия қилган эди. Лекин афсуски, 15-16 йил мобайнида Ўзбекистон ҳукумати халқаро ҳамжамиятнинг талабларини эътиборсиз қолдириб келди. Терроризм, конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланган ва ўта оғир жиноятларни содир этган одамлар Жаслиқ қамоқхонасида сақлаб келинди. Бу эса йиллар давомида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижига доғ бўлиб келди.
Жаслиқ колонияси ҳам худди Гулаг ва Гуантанамо сингари қийноқлар тимсоли, қатлгоҳга ўхшаш жой сифатида ном чиқарган эди. Мен у ерда 2015 йилдан бошлаб уч марта бўлганман. Ушбу колониянинг ҳамма катакларигача кириб текшириб чиққаним йўқ, лекин у ерга киришданоқ одамни ваҳм босарди. Қамоқхонада ишловчи назоратчилар ҳам, тезкор ходимлар ҳам анча қўпол одамлар эди.
Ўзбекистонда 2016 йилга келиб ҳокимият ўзгаргач, нафақат Жаслиқ колониясида, балки бошқа жазони ижро этиш муассасаларидаги эскидан мавжуд бўлган муаммолар секин-аста ечила бошлади. Бу ишларнинг узвий давоми сифатида Жаслиқ колонияси ҳам ёпилди. Бу жудаям тарихий қарор. Чунки истасак-истамасак, ушбу муассаса зулмнинг тимсоли эди, мазкур қийноқлар лагерининг ёпилиши Ўзбекистон тарихида қоладиган ишлардан бири бўлди. Буни амалга оширган шахслар албатта шарафланади. Ҳуқуқ ҳимоячиси, фуқаролик жамиятининг вакили сифатида бу ҳаракатларни олқишлайман”, — деди Абдураҳмон Ташанов.
Тўлиқ видеони Kun.uz’нинг YouTube'даги каналида томоша қилинг.
Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
17:39 / 07.11.2024
БМТ Марказий Осиёда фуқаролиги бўлмаган шахслар сони камайганини қайд этди
18:53 / 11.10.2024
БМТ оиладаги зўравонликни тугатиш бўйича Ўзбекистон таклиф этган резолюцияни қўллаб-қувватлади
17:40 / 23.09.2024
Ўзгартирилган ҳукм ва суд залидан озодлик – ясама жиноятда айбланган аёл очиққа чиқди
07:36 / 01.06.2024