ССВ эмланганлик тўғрисидаги сертификатни олиш усуллари ҳақида маълумот берди
Коронавирусга қарши тўлиқ эмлангандан сўнг эмланганлик сертификати олиш талаб этилади. ССВ матбуот хизмати эмланганлик сертификатини олишнинг 5 усули ҳақида маълумот берди.
1-усул.
Эмланганлик сертификатини Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz орқали онлайн юклаб олиш мумкин.
Бунинг учун ЖШ ШИР — Жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақамидан ёки паспорт маълумотларидан фойдаланилади.
Ягона портал орқали “Коронавирусга қарши эмлаш” бўлимини, сўнгра “Хизматдан фойдаланиш” тугмасини босиш орқали электрон тарзда навбатга туриш ва эмлаш тўлиқ якунлангач, тегишли сертификатни юклаб олиш ишончли ҳамда хавфсиздир.
2-усул.
COVID-19’га қарши ҳар бир эмланишдан сўнг эмланган шахснинг мобил телефонига SMS-орқали эмланганлик тўғрисида хабар келади.
Тўлиқ эмлангандан сўнг эмланганлик сертификатини ушбу SMS-хабардаги ҳавола орқали онлайн юклаб олиш мумкин.
3-усул.
Телеграм тармоғидаги @itmeduz_bot саҳифаси орқали ҳам ЖШ ШИР ёки паспорт маълумотларидан фойдаланиб, эмлашга электрон навбатга ёзилиш ва эмланганлик сертификатини юклаб олиш имконияти яратилган.
4-усул.
Тўлиқ эмланган шахсга эмлаш ўтказилган даволаш-профилактика муассасасининг ўзида эмлаш учун рўйхатга олган ҳамшира томонидан фуқаро талабига биноан сертификат берилади.
5-усул.
Шунингдек, юқоридаги амаллардан ташқари тўлиқ эмланган шахс ўзи бириктирилган ҳудудий бирламчи тиббий-санитария муассасасига мурожаат қилиш орқали ҳам сертификатни олиши мумкин.