Ер ҳужжатсиз бериб юборилганми? Андижон марказидаги қурилиш фуқаролар эътирозига сабаб бўлмоқда
Андижон шаҳар Машраб кўчаси 44-кўпқаватли уйда истиқомат қилувчи 34 нафар аҳоли вакиллари имзолаган мурожаатда тадбиркорга ер майдони ноқонуний берилгани ва у ерда жадал суратларда қурилиш олиб борилаётгани айтилади.
Мурожаатчиларга кўра, у ерда тадбиркор кафе – кабобхона қурмоқда.
“Мазкур умумий овқатланиш ва кўнгилочар масканни қураётган тадбиркорга ер майдони Андижон шаҳар ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси президентининг ПҚ-4427-сонли қарори ва ПФ-6243-сонли фармонига зид равишда берилган. Бундан ташқари атрофда яшовчи аҳоли вакиллари, дўкон эгалари огоҳлантирилмаган, уларнинг розилиги олинмаган”, – дейилади мурожаатда.
Kun.uz ижодий гуруҳи Машраб кўчасида бўлиб, муаммо бўйича аҳоли билан учрашди ва Андижон шаҳар ҳокимлиги мутасаддисидан изоҳ сўради.
Авазбек Абдуқодиров – 44-кўпқаватли уй остидаги 17 та дўконлар эгаси. У муаммо ҳақида қуйидаги гапларни айтди.
“Дўконларимизни тўсиб қоляпти, тепадаги 2–3-қаватдаги мулкдорлардан ҳеч қандай розиликсиз қурилиш бошланган. Ҳужжат сўрасак, ҳужжатсиз қурилиш қилишяпти. Фармойиши ҳам, қарори ҳам йўқ.
Биз 2017 йилда, вилоятимиз ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов келганида мана бу “огород”ларни кичрайтириб, атрофига бордюрлар қуйдириб, тозалатиб, обод қилдирган эди. Фақат майдоннинг мана шу бир қисми қаровсиз бўлиб қолганида бизнинг озгина айбимиз бор.
Бизга ҳеч қандай кафе керакмас, чунки бу ердаги 17 та дўконнинг олдини тўсиб қоляпти. 44-уйнинг 2-, 3- ва 4-қаватлардаги мулкдорлари ҳам норози. Бирортасининг розилиги олинмаган. Чунки кафе ишга тушса, оқшомлари шовқин бўлиб кетади. Яна шашликхона ишга тушгач, дўконларимиз олдидаги автотураргоҳ йўқ бўлиб қоляпти. Муаммога ҳуқуқий баҳо берилишига ёрдам берсангизлар.
Тадбиркордан ҳужжат сўраганимизда: “Ҳеч қанақа ҳужжатимиз йўқ. Ҳокимият қуриб бўлганимиздан сўнг қилиб бераркан”, деди. Бунинг устига тепасидан юқори кучланишли сим ўтган ва тўғридан йўл чиқади. Вилоят ҳокими: “Шу ердан тўртта уй бузилиб, йўл чиқади, нариги Наврўз савдо мажмуаси кўчасига қўшилиб кетади”, деганди.
Ўзим ўриндиқлар қўйиб, ёритгичлар қўйиб, видеокамералар ўрнатиб, брусчатка босиб, яшил ҳудуднинг ярмини қилдим, керак бўлса, бу ёғини ҳам қилиб қўйишни режа қилганман. Лекин менга шу пайтгача биров келиб айтмаган, айтганида қилиб қўярдим”, – дейди Авазбек Абдуқодиров.
63 ёшли фахрий Роберт Аронов бу ҳақда шундай дейди.
“Мана шу кафени қурилишидан 44-уйда яшовчилар қатъиян норози бўлмоқдалар. Президент одамлар хотиржам яшасин, яшил ҳудудлар бўлсин, ўриндиқлар қўйилса, одамлар чиқиб, дам олиш имконига эга бўлишади, деяпти. Нимага билмадим-у, лекин бизнинг раҳбарлар буни эшитмаяпти.
Мен пенсионерман, шу уйда 32 йил яшаб қўйдим. Лекин бунақаси бизда биринчи марта содир бўлмоқда. Тушунишимча, бизда раҳбарлар халқ учун бўлиши керак, ҳозир эса, келиб чиқяптики, халқ раҳбарлар учун экан.
Мен ҳокимларни ёмон демоқчи эмасман, лекин ҳокимлар ким, улар – сиёсатчи; улар архитектор эмас, қурувчи эмас, ҳатто юрист ҳам эмас. Улар – сиёсатчи. Сиёсатчи – президентнинг одами, у бундай қурилишлар қилишдан олдин юристни чақириши, юридик базани текшириб кўриши лозим, архитекторни чақириб, бундай нарсалар қуриш мумкинми, деб сўраб кўриши керак. Ҳеч бир муовин “Ҳурматли ҳоким, 10 минг вольтли сим остида қурилиш қилиб бўлмайди” деб айта олмайди. Мен унинг ҳолатини тушунаман. Ҳоким яхшироқ бўлишини хоҳлаган бўлиши мумкин, лекин акси бўлиб чиқяпти”.
44-уйда яшовчи Нилуфар Турғунова, Варвара Низамутдиновалар қурилиш ишлари бошлангач шовқин ва чанг-тўзондан қийналишганини айтишди. Уй турғунлари кафе-кабобхона битгач, ҳаловатлари йўқолиши, кабоб тутуни, мижозлар учун қўйиладиган мусиқа ва автомобиллар овози уларнинг тинчлигини бузишидан хавотирда экани боис мазкур иншоот қурилишига қарши эканлигини айтишди.
“Биз бу қурилишга қаршимиз. Ундан кўра, мана шу жойга ўриндиқлар қўйсин, чиройли яшил ҳудуд қилсин. Ёритгичлар қўйсин. Одамлар чиқиб, ўтириб дам олсин. Нима кераги бор бунақа кафени? Бизга керак эмас бу кафе. Бу светофордан у сфетофоргача 10 та кафе бор, ўн биринчи кафенинг кераги йўқ бизга. Яшил ҳудуд қилсин, боғ қилиб қўйсин. Болаларим билан айланиб юрамиз. Учта болам бор”, – дейди Варвара Низамутдинова.
Аҳоли ичида мазкур кафе қурилишини оқлайдиганлар ҳам ўз фикрини айтди.
“Одамларга иш жойи йўқ. Тўғри қиляпти, мана шунақа қурилишлар кўп бўлсин. Ишлайлик. Менинг уйимнинг тўғрисида бўлаётган нарса. Ҳокимларга, раҳбарларга раҳмат. Шунақа ишларни кўпайтираверсин. Уйга ҳалақит берадиган жойи йўқ. Мен ҳам шу уйда яшайман, мен аралашмайман. Ўз фикримни айтишга ҳаққим бор. Президентнинг буйруғи билан бўляпти. Иш жойимиз йўқ. Ишлаймиз. Масалан, мана шу ерга қатор ошхона тушса, нечта одам таъминланади, нечта одамни оиласи бутун бўлади. Муаммо камаяди”, – дейди Донохон Режапова.
Қурилиш ишларини олиб бораётган тадбиркор ва унинг иш юритувчилари ҳолат юзасидан интервью бермаслигини айтишди. Биз Андижон шаҳар ҳокимлиги қурилиш бўлими бош мутахассиси Бахтиёржон Солиевни саволга тутдик.
— Мазкур кафе қурилиши учун ер майдони тадбиркорга шаҳар ҳокимлиги томонидан тадбиркорга қонуний ҳужжатлар асосида берилганми?
— Тадбиркорга ушбу қурилишни амалга ошириш бўйича шаҳар ҳокимлиги томонидан фармойиш қабул қилинган. Кафе кўп қаватли уй ва унинг олдига жойлашган нотурар иншоотлардан 50 метр, умумий ҳисоблаганда 62 метр узоқликда қуриляпти. Шунинг учун аҳоли розилиги олинмаган.
Бино енгил конструкция ҳолатида бунёд этилиб, аҳоли маданий ҳордиқ чиқарадиган кичик кафе бўляпти. Бундан ташқари, куни кеча президентимиз топшириғига асосан, шаҳарларда яшил майдон ташкил қилиш вазифаси турибди. Кафе атрофида кечаси аҳоли учун ўриндиқлар, манзарали дарахтлар, гуллар ташкил этилади.
— Ўша фармойишни кўрсата оласизми?
— Ҳозир ёнимда йўқ. Лекин фармойиш бор. Мен сизлар келганингизни эшитиб бу томондан келдим-да, бўлмаса, фармойишни олиб келган бўлардим.
— Қачон тақдим қила оласиз?
— Идорага бориб, кечки пайт олиб, тақдим қиламан.
— Бино тепасида юқори кучланишли электр линияси бор экан. Хавфсизлик қоидалари нима бўлади?
— Шу сабабли бу бино бино эмас-да, мана кўришингиз мумкин, енгил конструкцияли, вақтинчалик иншоот ҳисобланади. Яъни капитал қурилиши бўлмайди.
— Енгил конструкцияли бинолар қуриш учун шаҳар ҳокимининг фармойиши етарлими?
— Енгил конструкцияли бино эмас, енгил конструкцияли шохобча ташкил этиш шаҳар ҳокимининг ваколатида бор. Ҳозир президентимизнинг фармонига асосан тўхтатилган. Мана бу жой учун фармойиш олдинроқ қабул қилинган эди.
***
Бахтиёржон Солиев тегишли ҳужжатларни орадан икки кун ўтса-да тақдим қилмади.
Президентнинг ПҚ 4427-сонли қарорига асосан, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб жорий этилган тартибга мувофиқ, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкалари тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун фақат “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасида, электрон онлайн-аукцион орқали берилади.
“Шаҳар бедарвоза эмас”, дейишади. Андижон шаҳар ҳокимлиги тадбиркорга ер майдонини ҳужжатсиз инъом этиб юборгандек кўринмоқда. Қарорлар, фармонлар ижро этилмаса, қонунлар ишламаса, улардан не наф?
Андижон шаҳар прокуратураси ҳолатни ўрганиб, қонуний чора кўради, деган умиддамиз.
Элмурод Эрматов,
Азизбек Исмоилов
Мавзуга оид
14:41 / 06.11.2024
5 сотих ерни фуқарога расмийлаштириб бермоқчи бўлган экология бўлими бош инспектори 20 минг доллар билан ушланди
16:17 / 02.11.2024
Андижонда ишчидан алиментдан қарзини ушлаб қолмаган фермер жаримага тортилди
11:52 / 02.11.2024
Андижондаги хонадонлардан бирида 4 киши газдан заҳарланиб вафот этди — манба
20:28 / 01.11.2024