Жаҳон | 16:16 / 15.09.2021
55744
4 дақиқада ўқилади

Афғонистон: Манба «Толибон» раҳбарлари ўртасидаги жиддий зиддият ҳақида хабар бермоқда

Манбаларга кўра, Бош вазир ўринбосари Абдул Ғани Биродар ва «Ҳаққоний тармоғи» вакили Халил Раҳмон Ҳаққоний ўртасида можаро юзага келган. Зиддиятга асосий сабаб сифатида Биродарнинг Афғонистон янги ҳукумати тузилмасидан норозилиги кўрсатилмоқда.

Президентлик саройида бўлиб ўтган учрашувда «Толибон» асосчиларидан бири, бош вазир ўринбосари Абдул Ғани Биродар ва Қочқинлар ва миграция масалалари бўйича вазирлик раҳбари, «Ҳаққоний» тармоғи вакили Халил Раҳмон Ҳаққоний ўртасида жанжал юзага келган. Бу ҳақда BBC Афғонистондаги манбаларига таянган ҳолда хабар бермоқда.

Икки расмий жиддий равишда тортишиб қолишган ва низога икки тарафнинг тарафдорлари ҳам аралашишган.

Ўтган ҳафта юз берган можаро ҳақидаги маълумотларни «Толибон» ҳаракатининг юқори мартабали аъзоси ва воқеалар иштирокчилари билан алоқадор шахс ҳам тасдиқлаган.

Баҳсга асосий сабаб сифатида Биродарнинг Афғонистон янги ҳукумати тузилмасидан норозилиги кўрсатилган.

Таъкидланишича, зиддиятнинг асл илдизи «Толибон» ғалабасининг асосий меъмори ким ҳисобланиши кераклиги ҳақида борган. Хабарларга кўра, Биродар «Толибон»нинг ҳокимият тепасига келиши музокаралар ва дипломатия билан шуғулланганларнинг, яъни ўзи каби сиёсатчиларнинг хизмати, деб ҳисоблайди.

Айнан Биродар «Толибон»нинг АҚШ президенти билан тўғридан тўғри музокаралар олиб борган биринчи расмийси бўлганди: у 2020 йилда Дональд Трамп билан телефон орқали гаплашганди. Ундан олдинроқ эса Залмай Халилзод билан музокаралардан кейин Доҳа келишувини имзолаган, шу келишув асосида Америка қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши рўй берганди.

«Ҳаққоний тармоғи» вакиллари эса «Толибон»нинг ҳокимиятга келишида уларнинг ҳарбий ютуқлари ҳал қилувчи ўринни эгаллаганига урғу беришган. Бунга асос сифатида гуруҳнинг сўнгги йилларда Афғонистон қуролли кучлари ва уларнинг Ғарб иттифоқчиларига қарши қилинган энг қонли ҳужумларда ҳал қилувчи рол ўйнагани кўрсатилган.

Маълумот учун, янги ҳукуматда «Ҳаққоний тармоғи» етакчиси Сирожиддин Ҳаққоний ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Биродар нима қиляпти?

«Толибон» етакчилари ўртасидаги низолар ҳақидаги миш-мишлар ўтган ҳафтада, ҳаракатнинг энг кўзга кўринган намояндаларидан бири Биродарнинг бирданига омма олдида кўриниш бермай қўйганидан кейин бошланди. Ижтимоий тармоқларда ҳатто унинг ўлими ҳақида тахминлар пайдо бўлди.

Бироқ BBC манбаларига кўра, можародан кейин Биродар Кобулни тарк этиб, Қандаҳорга кетган.

Кейинроқ толиблар сиёсий офиси матбуот котиби Муҳаммад Наим Тwitterʼда мулла Биродарнинг овози ёзилган аудиомурожаатни жойлаштирди.

«Тўқнашув оқибатида яраланганим ёки ҳалок бўлганим ҳақидаги барча гаплар ёлғон ва мутлақо асоссиз», — деган Биродар. 

«Толибон» ҳеч қандай тортишув бўлмаганини ва Биродарнинг соғлиғи билан ҳаммаси жойида эканлигини маълум қилган. Ҳаракат вакили аввал Биродар олий раҳбар билан учрашиш учун Қандаҳорга кетганини, лекин кейинчалик BBC’га «чарчагани ва дам олиши кераклиги»ни айтиб ўтган.

Манбаларга кўра, Биродар тез орада Кобулга қайтиши ва бошқа вазирлар билан баҳслашганини очиқчасига рад этиши мумкин.

«Толибон» вакилларининг ҳаракат раҳбарлари ҳақидаги баёнотларига ишонмасликка асослар етарлича. 2015 йилда гуруҳ «Толибон» асосчиси ва раҳбари мулла Умарнинг ўлимини икки йилдан кўпроқ яширганини тан олган. Бундан ташқари, бу вақт давомида унинг номидан мунтазам равишда турли баёнотлар бериб борилган.

Айни пайтгача ҳеч қачон омма олдида кўриниш бермаган, ҳаракатнинг сиёсий, ҳарбий ва диний раҳбари ҳисобланувчи Хайбатуллоҳ Охундзода ҳамон сояда қолмоқда.

Аввалроқ, «Толибон» вакили Вардак Ал-Ҳанафий Афғонистон янги ҳукумати раҳбари ўринбосари мулла Абдул Ғани Биродар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этганди.

«Мулла Биродар Охунднинг ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларда заррача ҳақиқат йўқ. Бу душманнинг ёлғон хабари», деб ёзганди Ал-Ҳанафий Тwitterʼда.

Мавзуга оид