Жаҳон | 21:10 / 16.09.2021
5922
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон президенти Афғонистондан ноқонуний миграцияга қарши курашишга чақирди

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Қозоғистон президенти Қосим Жўмарт Тўқаев Душанбеда ўтаётган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти саммитида Афғонистондан ноқонуний миграцияга қарши курашишга чақирди. У КХШТнинг афғон қочқинлари ва хорижий базаларни ташкилотга аъзо давлатлар ҳудудида жойлаштириш номақбуллиги борасидаги умумий позициясини қўллаб-қувватлади. 

Тўқаев Қозоғистон “инсонпарварлик нуқтайи назаридан” Олмаотага БМТнинг Афғонистондаги дала миссиялари ходимларини вақтинча жойлаштирганини қўшимча қилган. Унинг фикрича, Афғонистонда ҳокимиятни толиблар эгаллагандан кейин вазият “жиддий издан чиқиш томон ривожланмоқда ва бу фуқаролик уруши билан хавф солади”. У Афғонистонда шакллантирилган вақтинча ҳукумат мамлакатда “тинчлик ўрнатилгани ва иқтисодий ривожланиш учун барча зарур шароитлар яратилиши”ни англатмаслигини айтган. 

Қозоғистон раҳбари Афғонистоннинг янги ҳукумати билан “хатти-ҳаракатларни ва ўзаро ҳамкорликни таъминлаш” бўйича бир нечта чораларни таклиф этди. “Бизнинг устувор вазифа Афғонистоннинг янги ҳукумати билан уларнинг қўшни давлатлар ва минтақаларга террорчилик хавфини ёймаслик бўйича ўз зиммаларига олган мажбуриятларини бажариш ҳисобланади. Бу, шунингдек, наркотрафик ва ноқонуний миграцияга тегишли. Уларга қарши кураш барча алоқадор томонлардан жамоавий иродани талаб қилади”, деб таъкидлаб ўтган Тўқаев.

“Толибон” август ўртасида Афғонистонни ўз назоратига олгандан кейин бир ойдан камроқ вақт ичида мамлакатдан 120 мингдан кўпроқ одам эвакуация қилинди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Афғонистондаги вазият сабабли афғон қочқинларининг яқин давлатларга оммавий кўчиб ўтиши хавфи ортган.

Мавзуга оид