Ўзбекистон | 17:25 / 16.09.2021
38246
5 дақиқада ўқилади

Тошкентнинг «ўгай болалари». Талабалар нега ижарага қўйилмайди?

Таълим оламан, келажагимни қураман деб ҳар йили вилоятлардан минглаб ёшлар азим пойтахтни қора тортиб келади. Олийгоҳга қабул қилинганини эшитган талабанинг кайфи чоғ, ахир у камида вазир бўлишни ният қилади-да. Aммо Тошкент бўлажак вазирларни кулиб қарши олмайди, талаба буни тунашга бошпана тополмаган илк кунидаёқ ҳис қилади...

Дейлик, Тошкентда бирор таниши бўлмаган 1-босқич талабаси пойтахтга бир тўда юклари билан келди. У бу кеча қаерда тунайди? Табиийки, олийгоҳ ҳеч қачон 1-босқич талабасини дарров ётоқхонага қабул қилмайди. Қўшимчасига у контракт асосида ўқишга қабул қилинган бўлса. Устига-устак, ётоқхонага «темир дафтар»да турувчи ва оилада бирдан ортиқ контракт асосида ўқийдиганлар қабул қилиниб, ортган ўринлар қолган талабаларга тарқатилади. Ётоқ етмаганлар отанг бозор, онанг бозор, деб уй бозорига йўл олади.

«10 марта талабага ижара уй берганман ва ҳаммасида пушаймон бўлганман»

Уй бозорида 1 хонали квартира ижараси 200-250 доллардан кам эмас. Буни уй бозоридаги маклерлар ҳам тасдиқлади. Суриштирувларимизга кўра, бир талабанинг ойлик ижара пули 70-80 долларга тўғри келади. Лекин ундан ҳам аввал талаба учун ижара уй топиш муаммо. Aксар уй эгалари талабага уй беришга рози бўлмайди.

Шундай уй эгаларидан бири Aброр Зоҳидов 10 марта талабага ижара уй бергани ва 10 мартасида ҳам пушаймон бўлганини айтади.

Aброр Зоҳидов

«Ой охирлаб ижара пулини олишга борганимда, талабалар бирор марта ижара пулини тўлиқ беришмаган. Бундан ташқари, улар ҳеч айтган 4 киши деб 4 киши турмайди. 6-7 киши бўлиб кетишади. Талабалар деярли бир хил ёшда бўлгани сабаб, ҳеч ким масъулиятни ўз бўйнига олмайди, хона тўзиб кетади. Оилани ижара қўйсам, масъулият бир киши зиммасида бўлади, пул вақтида тўланиб, хонадон тоза туради», деб ҳолатга изоҳ берди Аброр ака.

Ижара масаласи фақат талабларнинг дарди эмас

Тошкентда ривожланаман деб ишлаётган, қўшимча ҳунар ўрганаётган ёшлар ҳам турар жой топишда анча қийналмоқда. Шундай ёшлардан бири Эъзоза Олимованинг таъкидлашича, оилали бўлмаган ҳар қандай киши учун Тошкентда турар жой топиш катта муаммога айланади. Ижара уй топиш бир муаммо бўлса, топилган уй нархи яна бир муаммо.

Эъзоза Олимова

«Давлат ишида ишлайдиган одам ўртача 3-4 миллион сўм ойлик олса, унинг камида ярмини ижарага берса, қолган эҳтиёжларини қайси пулига қондиради? Истардимки, ҳозир янги қурилаётган уйлар билан бир қаторда вилоятдан келган меҳмонлар учун ойликларимиз кўтарадиган нархда ижара уй иншоотлари қурилса, шундай тизим яратилса», деди Эъзоза.

Хўш, нега шаҳарда ижара уй нархлари бу қадар баландлаб кетган?

Ижарачи Aброр Зоҳидовнинг фикрича, бунга сабаб ижарага қўйиш пойтахтда бизнесга айланмаганидир. Яъни бозорда таклифга нисбатан талаб анча катта. Бозорда талаб ва таклиф қонуни ишламайди. Фақат ижарадан даромад қиладиган бизнесменлар кам. Чунки улар катта пул тиккан кўчмас мулкини ижарага қўйса, 1 фоиз ҳам даромад олмайди. Улар тезроқ фойда берадиган бошқа бизнесга ўта қолади.

Муҳаббат Маъмирова

Тошкентга келиб, ижара уй излаб юрган талабалар билан суҳбатда бўлган журналист Муҳаббат Маъмирова ижарачи ва ижарада турувчи ўртасида ишончли тизим йўқ деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, маклерларга ҳам ишонч йўқ. Охирги вақтда улар орқали ҳам ижара уй топиш муаммо бўляпти.

«Шунинг учун худди реклама агентликларига ўхшаган, ижара уйларни реклама қилиб берадиган алоҳида агентлик ёки платформалар шакллантирилиши керак, деб ўйлайман. Барча ижарага одам қўювчилар кўчмас мулки ҳақидаги ҳамма маълумотларни шу ерга жойлаши лозим», дейди у.

Олийгоҳ талабанинг турар жой муаммосини ҳал қилиб, кейин ўқишга чақириши керак

Демак, пойтахтда талабага ҳам, ўзини ривожлантириш учун келган ёшларга ҳам ижарага уй топиш мушкул. Ижара нархлари ҳам ойлик маошлар билан номутаносиб. Буни бартараф этиш учун ижара бизнесини ривожлантириш керак.

Шунингдек, ижарачи ва ижарада турувчи ўртасида воситачилик қиладиган ишончли платформа яратилиши керак.

Бундан ташқари, ҳар йили 1-босқич талабалари 10-15 кунсиз ётоқхонага ҳам жойлашолмайди. Улар сарсон-саргардон ёки кунлик ижарада, ёки қайсидир узоқ қариндошининг уйида минг хижолатпазлик билан яшайди. ОТМ талабаларни ўқишга чақиришдан олдин турар жой муаммосини ҳал қилиши шарт. Ҳеч бўлмаганда 1-босқич талабаси вилоятдан келганда, эшикма-эшик сарғаймай ётоқхонага жойлашиб бўлгач, ўқишни бошлаши керак. Биз талабалар ётоқхонага қайси шартлар асосида қабул қилиниши, янги ўқув йилида қанча талаба ётоқхона билан таъминланиши ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига мурожаат қилгандик. Бироқ саволларимиз очиқ қолди.

Зуҳра Aбдуҳалимова, Kun.uz мухбири,
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид