Ўзбекистон | 15:20 / 23.09.2021
20955
3 дақиқада ўқилади

Давлат субсидияларини олиш учун электрон платформа ишга туширилди. У қандай ишлайди?

Янги электрон платформа орқали бюджетдан тўланадиган субсидия ва компенсациялар ошкоралиги таъминланиши маълум қилинди. Унда 83 турдаги субсидияларни олиш жараёнлари электронлаштирилган. 

Молия вазирлиги томонидан subsidiya.mf.uz электрон платформаси ишга туширилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Субсидиялар платформаси қандай тизим?

Subsidiya.mf.uz электрон платформа фуқароларга давлат бюджетидан тўланадиган субсидия, компенсация ва бошқа имтиёзларни ажратишнинг ошкоралигини таъминлаш учун хизмат қилади. Шунингдек, бу жараёнда бюрократия ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш ҳамда юзага келган муаммолар тўғрисида бевосита масъул мансабдор шахсларга ва фуқароларга хабар бериш имкониятини яратади.

Платформа қандай ишлайди?

Субсидиялар платформаси тест режимида ишга туширилган. У фуқароларга бюджетдан тўланадиган субсидияларни тезроқ ва осонроқ олишга ёрдам беради. Электрон платформага 83 турдаги субсидиялар киритилган. Субсидия олмоқчи бўлган фуқаро платформа орқали онлайн ариза қолдиради. Ариза қолдирувчи юридик, жисмоний шахс ёки эҳтиёжманд хотин-қизлар учун субсидиялардан бири ҳамда йўналишга оид ташкилот номини танлаши керак бўлади. Платформага 18та вазирлик ва идоралар киритилган, фуқаролар ҳар бир ташкилотга доир субсидиялар ҳақида маълумот олиши мумкин.

Дейлик, ариза топширувчига қишлоқ хўжалигига оид субсидия керак бўлса, Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасини танлаши мумкин. Бунда шу йўналишда қонунчиликда қандай субсидиялар мавжудлиги ҳамда улар айнан ким учунлиги ҳақида маълумот олиш мумкин бўлади.

Ёки фуқаро ёшлар учун қандай субсидиялар борлигини билмоқчи бўлса, “субсидиялар берувчи ташкилотлар” рўйхатидан Ёшлар ишлари агентлигини танлайди ҳамда кимларга қандай тарзда субсидиялар берилиши борасида қонунчиликда мавжуд нормалар билан танишади. Шу асосда фуқаро “онлайн ариза топшириш” бўлими орқали ўзига керакли субсидияни олиш бўйича ариза қолдириши мумкин бўлади.

Шунингдек, платформадан юридик ва жисмоний шахслар учун қандай субсидиялар борлиги ҳақидаги маълумотларни топиш мумкин. Статистика бўлимидан эса қайси вазирлик ва идора қандай субсидиялар бериши ва субсидия ажратиш динамикасини кўриш мумкин. 

Электрон платформаси мавжуд бўлмаган “субсидия берувчи ташкилотлар” учун алоҳида веб-дастур

Ҳозирда электрон платформалари мавжуд бўлмаган вазирлик ва идоралар учун https://subsidiya.mf.uz/dashboard веб-дастури орқали шахсий кабинетлар яратилган. Бу орқали уларда ўзларига тегишли субсидия турлари бўйича маълумотларни киритиб бориш, келиб тушган аризадан хабардор бўлиш имконияти мавжуд.

Мавзуга оид