Ўзбекистон | 13:38 / 27.09.2021
4116
4 дақиқада ўқилади

“Ўзбек асарларини ҳинд тилига таржима қилмоқчиман” – Тошкентда таҳсил олган ҳиндистонлик магистр 

Шаҳид Таслим ҳиндистонлик. Деҳлида яшайди. Фалсафа фанлари доктори (PchD), Деҳлидаги Жамамилия марказий университетида ишлайди. У яқинда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ўзбек тили ва адабиёти мутахассислиги бўйича магистр даражасини олди.

– Шаҳид, кўпчиликни бир савол қизиқтириши табиий – нега ўрганиш учун айнан ўзбек тилини танлагансиз?

– Ҳиндистондаги университетимизда 2004 йилда ўзбек тили кафедраси ташкил этилган. Ўша йилдан бошлаб мен ҳинд талабаларига ўзбек тилидан дарс берганман. Чунки бундан 24 йил аввал Шарқшунослик университетида ўқиб, ўзбек тили бўйича диплом олганман. Аммо дарс беришим учун билимларимни етарли деб ҳисобламадим ҳамда 2019 йилда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига магистратурага ўқишга кирдим. Ўзбек тилини мукаммалроқ ва чуқурроқ эгаллашга киришдим. Устозларнинг ҳар бир маслаҳатига қулоқ тутдим, ҳар бир ўгитини кўнглимга жо қилдим. Магистратурани муваффақиятли якунлаб, магистр дипломига эга бўлдим. Бу мен учун катта шараф.

– Тилшуносликда илмий ишлар ҳам қилибсиз, энди қандай режалар устида ишламоқдасиз?

– Аслида ўзим бошқа йўналишда ўқиб, Ҳиндистонда докторлик ҳимоя қилганман, PhD даражасига эгаман. Дафъатан, яна таълим олишимга зарурат йўқ эди. Аммо ҳинд талабаларига ўзбек тилидан дарс берар эканман, уларга яхши таълим бериш, яхши ўргатиш учун ўзим бу тилни жуда яхши билишим шарт деб ўйлайман.

Ҳиндистонга қайтгач, ўзбек адабиётининг нодир асарларини ҳинд тилига таржима қилмоқчиман. Ўзбек тилида таржималар йўқ эмас, лекин улар инглиз тилидан ҳинд тилига ўгирилган. Мен эса ўзбек адабиётини аслидан, тўғридан тўғри таржима қилишни кўзлаганман. Бундан ташқари, талабаларга ўзбек тилининг асослари ҳамда адабиёти ҳақида кўпроқ маълумот беришни ният қилганман.

– Ҳиндистонда ўзбек тилининг мавқейи қанақа?

– Ҳиндистон катта мамлакат. Лекин шундай катта мамлакатда ўзбек тилини мукаммал биладиган одамлар кам, йўқ деса ҳам бўлади. Ўзбек адабиёти ҳақида ҳиндлар деярли билмайди. Ваҳоланки, бизнинг мамлакатларимизни, миллатларимизни боғлаб турган узвий ришталар бор. Биргина Мирзо Бобур ва бобурийларни эслашнинг ўзи кифоя. Тилимизда ўзбек тилидаги 3000дан ортиқ сўз фаол ишлатилади. Лекин афсуски ҳиндларнинг аксарияти бундан бехабар.

Мен биринчилардан бўлиб ўзбек тили ва адабиёти бўйича магистр даражасига эга бўлдим. Ўйлайманки, изланишларим бесамар кетмайди ва Ҳиндистон халқига ўзбек тилини кашф этишида ёрдам бераман. Ўзбек адабиётининг энг сара асарларини ҳинд тилига ўгираман. Ва менинг йўлимни давом эттирадиганлар топилишига ишончим комил.

Ўзбек тилини мукаммал ўрганишда менга яқиндан кўмак берган устозларимга, айниқса мендан ёрдамини ва вақтини аямаган устозимиз, ректор Шуҳрат Сирожиддиновга алоҳида раҳмат айтмоқчиман. Ўзбекистонда 1 октябр – Устозлар ва мураббийлар куни бўлса, 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган сана нишонланади. Устозларни, тилшунос олимлар ва барча ўзбек халқини байрам билан табриклаб қоламан.

Умид қиламанки, келажакда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги алоқалар янада кучли бўлади. Ҳозир ҳам икки давлат ўртасидаги алоқалар яхши йўлга қўйилган. Бу алоқаларнинг янада мустаҳкам бўлиши учун мен ҳам астойдил ҳаракат қиламан.

"Ўзбек адабиётини ўқитиш методикаси" кафедра мудири, филология фанлари номзоди, доцент Марғуба Абдуллаева:

– Шаҳид Таслим яқинда «Хорижликлар учун ўзбек адиблари ҳаёти ва ижодини ўрганиш бўйича ўқув қўлланма яратиш» мавзусидаги магистрлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Шаҳиднинг Ўзбекистонга, ўзбек халқига меҳри ўзгача. У ўзбек адибларга бағишланган халқаро конференцияларда доимий равишда қатнашади. Шаҳид Таслим она тилимизни дунё миқёсида тарғиб қилишда катта хизмат қилмоқда.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид