Жаҳон | 00:15 / 28.09.2021
20041
2 дақиқада ўқилади

Уч Миср мумиёси юз қиёфаси ДНК ёрдамида тикланди

Фото: Parabon NanoLabs

 
Parabon NanoLabs лабораторияси олимлари Қадимий Миср замонига мансуб мумиёланган 3 жасаднинг юз қиёфасини тиклашга муваффақ бўлишди.  
 
Мумиёлар Қоҳирадан жанубда жойлашган Абусир ал-Малак шаҳрида топилган. Улар милоддан олдинги 1380 йил ва милоднинг 425 йили оралиғида дафн этилган бўлган. 2017 йилда Германиядаги Макс Планк номидаги инсоният тарихи институти олимлари бу мумиёларнинг ДНКсини “ўқишга” муваффақ бўлишган. Бу Қадимий Миср мумиёси геномининг тарихдаги биринчи муваффақиятли реконструкцияси бўлган.     
 
Виржинияда жойлашган, ДНК билан боғлиқ технологиялар билан шуғулланувчи Parabon NanoLabs компанияси олимлари ушбу генетик маълумотлардан фойдаланиб, мумиёларнинг уч ўлчамли юз қиёфасини яратишга муваффақ бўлишди. Улар бунинг учун ДНК-фенотиплаш усулидан фойдаланишган. Бунда инсоннинг ташқи кўринишининг ўзига хос жиҳатлари ва юз қиёфасини прогнозлаш учун генетик таҳлил амалга оширилади.
 
“ДНК-фенотиплаш бундай қадимий инсон ирсий материали асосида биринчи марта бажарилди”, деб маълум қилинган компания хабарида.
 
Мумиёлар 3 эркак кишига тегишли бўлиб, бу эркаклар қорамтир кўз ва сочга ҳамда оч жигарранг терига эга бўлган. Реконструкция давомида уларнинг 25 ёшдаги кўринишлари олинган. Олимларнинг хулоса қилишича, мумиёлар ирсий жиҳатдан ҳозирги мисрликлардан кўра Ўрта денгиз ва Яқин Шарқнинг ҳозирги аҳолисига яқинроқ ҳисобланади.

Мавзуга оид