Жаҳон | 17:05 / 05.10.2021
4256
2 дақиқада ўқилади

Глобал ҳарбий харажатлар 2 триллион долларга етди – БМТ

БМТ Бош котибининг ўринбосари Изуми Накамитсунинг таъкидлашича, ядро қуролига эга давлатлар ўртасидаги душманликнинг кучайиши ва тўплаб борилаётган анъанавий қуроллар дунёга жиддий хавф туғдирмоқда.

Фото: calendata.ru.

Халқаро муносабатларда давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви ядро қуролларидан фойдаланиш хавфини ниҳоятда кучайтириб юборди. Бу ҳақда БМТ Бош котибининг ўринбосари, қуролсизланиш масалалари бўйича олий вакили Изуми Накамитсу БМТ Бош ассамблеясининг қуролсизланиш масалаларига бағишланган 76 -сессияси йиғилишида маълум қилган.

«Ядро қуролига эга кучлар ўртасидаги душманликнинг кучайиши ядровий хавфларни қабул қилиб бўлмайдиган даражага олиб чиқди», деди у.

Накамитсунинг таъкидлашича, нафақат ядровий қуроллар, балки давлатлар томонидан тўплаб борилаётган анъанавий қуроллар ҳам дунёга жиддий хавф туғдиради. Унинг аниқлик киритишича, 2020 йилда глобал ҳарбий харажатлар қарийб 2 триллион долларни ташкил қилган, бу 2019 йилга нисбатан 2,6 фоизга кўп.

Аввалроқ, Стокҳольм Халқаро тинчлик тадқиқотлари институти 2020 йилда глобал миқёсда ҳарбий мақсадларда сарфланган маблағлар ҳажми 1,98 триллион долларни ташкил этганини маълум қилганди.

Ўтган йилдаги жами ҳарбий харажатларнинг 62 фоизи 5 та давлат ҳиссасига тўғри келган: АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Россия ва Буюк Британия.

  • АҚШ – 778 млрд доллар;
  • ХХР – 252 млрд доллар;
  • Ҳиндистон – 72,9 млрд доллар;
  • Россия – 61,7 млрд доллар;
  • Буюк Британия – 59,2 млрд доллар.

Ҳарбий харажатларнинг глобал ЯИМдаги улуши 2019 йилдаги 2,2 фоиздан 2,4 фоизга ошган.

Мавзуга оид