ОАВ: Ашраф Ғани БААга Ўзбекистон орқали қочган
Афғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғани август ойида “Толибон”дан қочиб, Бирлашган Араб Амирликларига йўл олган эди. Афғон нашрларидан бирига кўра, Ғани Абу-Дабига Қозоғистон авиакомпанияси самолётида учиб кетган, парвоздан олдин бир суткадан ортиқ вақт мобайнида Термизда бўлган.
Афғонистоннинг охирги президенти Ашраф Ғани август ойида, Кобул “Толибон” назоратига ўтиши арафасида мамлакатдан қочиб, Термизга борган, сўнг у ердан қозоқ авиакомпанияси самолётида БААга йўл олган. Бу ҳақда Афғонистонда чоп этиладиган Hasht e Subh Daily (8am.af) газетаси ўз манбасига таяниб хабар тарқатди.
Газетанинг қайд этишича, шахсини очиқламасликни сўраган манба – Кобулдан Ашраф Ғани билан бирга қочган 53 кишидан бири. У 15 август куни тонгдан то Афғонистон Ислом Республикаси қулаган 16 август оқшомигача бўлган воқеаларни сўзлаб берган.
Манбанинг айтишича, 15 август куни эрталаб соат 9да доимгидек президент Ашраф Ғани ва бошқа расмийлар иштирокида тонгги йиғилиш бўлиб ўтган. Йиғилишда Кобулдаги вазият беқарорлашининг олдини олиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг шошилинч мажлисини чақиришга қарор қилинган. Бироқ бироздан кейин ВМ аъзоларининг тахминан ярми ё Кобулдан ташқарида, ё чет элда экани маълум бўлади.
Шундан сўнг, гувоҳнинг сўзларига кўра, президент Ғани ўз саройи яқинида жойлашган Мудофаа вазирлиги биносига бормоқчи бўлади, лекин вазир ўз иш жойида эмас, Кобул аэропортига ҳарбий ҳаво кучлари билан мулоқот қилиш учун кетганини билгач, бу режасини ҳам бекор қилади.
Манба тушга яқин тушлик қилиш учун сарой ошхонасига боришгани, бироқ бу вақтда тушлик тайёрлаб қўйилган бўлса-да, ошхона ходимлари аллақачон қочиб кетгани, боз устига сарой яқинидан ўқ овози келганини айтган.
Унинг ҳикоя қилишича, ўша куни “Толибон” билан музокара ўтказилган ва ҳаракат ўз кучларини Кобулга олиб кирмаслигини айтиб ишонтирган. Натижада хавфсизлик масалаларига масъул котиб видеомурожаат билан чиқиб, пойтахт аҳолисини тинчлантиришига келишилган. Аммо шу вақтда вертолётларга чиқиш ҳақида буйруқ бўлади.
Қайд этилишича, хавфсизлик протоколларига мувофиқ, президент саройи ёки Кобул аэропортида тўртта вертолёт доим парвозга шай ҳолатда турган. Учиб кетишдан олдин президент тансоқчилари вертолётларга чиқиб олиш учун жой талашишган, сиғмай қолганлар саройда қолишга мажбур бўлган.
Нашрнинг бошқа бир манбасига кўра, сарой яқинида ўқ овози эшитилишидан бир неча соат олдин ва кейин президент тансоқчиларининг аксарияти ўз кийимларини ўзгартириб олган, айримлари саройни тарк этган. Улар орасида интизом бузилиб кетган, ҳарбий иерархияга амал қилинмай қолган.
Биринчи манбанинг ҳикоя қилишича, бу тўртта вертолётнинг парвози ўша вақтда Афғонистон ҳаво кенгликларини назорат қилиб турган АҚШ ҳарбийлари билан келишилмаган. Америкаликлар билан координацияда муаммо бўлгани боис ҳатто президент вертолёти ҳам хавф остида бўлган.
Парвоз давомида вертолётлар меъёрдан ортиқча юк олгани маълум бўлган ва йўловчилар ўз бронежилетлари, қуроллари ва бошқа айрим буюмларини вертолётдан улоқтиришларига тўғри келган. Ёнилғи камлиги сабаб вертолётлар анча пастлаб учишга мажбур бўлган.
Учувчилар ўзларидаги коммуникацион қурилмалар ёрдамида аввалига тожик расмийлари билан боғланиб, Тожикистон ҳудудига фавқулодда қўнишни режалаштирган, аммо алоқа сўровларига жавоб бўлмаган. Шундан кейин Ўзбекистонга, Термиз аэропортига қўнишга қарор қилинган, лекин ўзбек расмийлари билан боғланиш бўйича қайта-қайта қилинган уринишлар ҳам жавобсиз қолган.
Термизга яқинлашаркан, учувчилар рация орқали бортда Афғонистон президенти борлиги, вертолётлар фавқулодда қўнишга муҳтожлигини билдирган, бироқ жавоб бўлмаган. Шу аснода Ашраф Ғанини олиб кетаётган вертолёт учувчиси ёнилғи тугаётгани сабабли нима бўлишидан қатъи назар Термиз аэропортига қўнишга қарор қилган. Вертолётлар бирин-кетин аэропорт чеккасига қўнган.
Hasht e Subh Daily'нинг иккинчи манбаси воқеа бўйича бошқача версияни айтган. Унга кўра, вертолётдагиларда Тожикистон ҳудудига қўниш режаси бўлмаган, улар Кундуз вилояти ҳудудидан Амударё ёқалаб учиб, Ўзбекистон чегарачилари ва ҳарбийларини огоҳлантирмасдан Термиз аэропортига қўнишган.
Биринчи манбанинг ҳикоя қилишича, тўртта вертолётда Термизга қўнган 54 кишидан 22 нафари учувчилар, иккинчи учувчилар ва ҳарбий ҳаво кучлари техниклари, яна 22 киши президент тансоқчилари, қолганлар эса расмий шахслар бўлган. Улардан ҳеч бирининг ёнида паспорти бўлмаган.
“Биз Термиз аэропортига қўнишимиз биланоқ тахминан 200–300 нафар ўзбек чегарачилари ва ҳарбий хизматчилари бизнинг тўртта вертолётимизни ўраб олишди. Улар ўз қуроллари билан ҳар қандай ҳаракатга шай ҳолатда эдилар. Биз тахминан бир соат вертолётларда ўтирдик, кейин Ашраф Ғанини қўриқлаш тузилмаси раҳбари генерал Қоҳир Кочи вертолётдан тушиб, қуроли йўқлигини ва суҳбатлашмоқчи эканини ифода қилганча аскарлар ортидаги машинада кутаётган ўзбек командири томонга қараб юрди.
Ўзбек аскарлари унинг қуролсизлигини текширгач, командирлари олдига боришига рухсат берди. Улар 2–3 дақиқа гаплашишгач, командир рация орқали кимнидир чақирди.
Орадан 10–15 дақиқа ўтиб, ўзбек командири олдига қора автомобил келди. Ҳайдовчининг ёнида ўтирган, фуқаролик кийимидаги эркак машинадан тушиб, ўзбек командири ва президентни қўриқлаш хизмати раҳбари билан қисқа саломлашди. Улар бир неча дақиқа гаплашиб туришди. Кейин улар Ашраф Ғани ўтирган вертолётга чиқиб, 2–3 дақиқадан кейин Ашраф Ғани, Рула Ғани ва Ҳамдуллоҳ Муҳиб билан бирга қайтиб тушишди ва машинага қараб йўл олишди”, – дея ҳикоя қилади у.
Манбага кўра, “делегация” Термиз аэропортида бир суткадан кўпроқ вақт қолган. У тунни очиқ майдонда, вертолётлар ёнида ўтказишгани, бир сутка овқатсиз ва сувсиз қолишганидан шикоят қилади. Душанба куни тушда аэропортга бирор таниқлилик белгиси бўлмаган кичик оқ самолёт келиб қўнади ва афғонистонликларни Бирлашган Араб Амирликларига олиб кетади.
Газета Flightradar24 сервиси маълумотидан келиб чиқиб хулоса қилишича, ўша куни Термиздан Абу Дабига FJK-1255 парвозини амалга оширган самолёт Қозоғистоннинг FlyJet авиакомпаниясига тегишли.
Афғон нашри манбаси БАА пойтахтидаги аэропортга қўнишгач, Ашраф Ғанини бошқа қайтиб кўрмаганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ армияси Афғонистонни тарк этиши асносида “Толибон” радикал ҳаракати бутун мамлакат бўйлаб таъсирини кенгайтириб борган ва 15 август куни пойтахт Кобулни деярли жангсиз эгаллаган эди. Президент Ашраф Ғани мамлакатдан қочиб кетгани ўша куниёқ маълум бўлганди.
The New York Times нашри Доҳадаги музокараларда иштирок этаётган афғон делегацияси вакилларидан бирига асосланган ҳолда Ғани турмуш ўртоғи ҳамда икки маслаҳатчиси билан бирга Ўзбекистонга учганини маълум қилганди. Кейинроқ президентнинг шахсий тансоқчиси Аl-Jazeera телеканалига Ғани Тошкентга учганини тасдиқлади.
Аммо 17 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг “Дунё” ахборот агентлиги Ашраф Ғани, афғон ҳарбий қўмондонлари Абдул-Рашид Дўстум ва Атто Муҳаммад Нур Ўзбекистонда бўлиб тургани ҳақидаги хабарларни рад этган эди.
18 августда собиқ президент афғон халқига мурожаат билан чиқиб, “Мен ўз ватанимни сотмадим. [...] Биз Кобул учун тинчликни ва у вайрон бўлмаслигини хоҳладик”, – дея таъкидлаганди.
Мавзуга оид
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
14:12 / 06.11.2024
Ўзбекистон ва ЕИ афғон масаласи бўйича ўзаро маслаҳатлашувни давом эттиради
22:45 / 02.11.2024