Ўзбекистон | 20:07 / 15.10.2021
6096
2 дақиқада ўқилади

Баҳром Абдуҳалимов барча фуқароларнинг катта миқдордаги харажатлари декларацияланишини билдирди

Ўзбекистон президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимов ўз сайловолди дастурида ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг катта миқдордаги харажатларини декларациялаш принциплари жорий этилишини маълум қилган.

Фото: «Адолат» СДП

Адолат партияси номзодининг дастурида декларациялар топшириш тизимини такомиллаштириб, ҳаётга чуқурроқ интеграция қилиш ҳақида гап боради.

«Декларацияларни барча даромад олувчиларнинг топширишларига қаратилган сиёсатни олиб бориш билан биргаликда, ҳар бир инсоннинг катта миқдордаги харажатларини ҳам декларациялаш принципларини жорий қиламиз».

Шунингдек, Баҳром Абдуҳалимов янгича саноат сиёсатини юритиб, ялпи ички маҳсулотда кичик ва ўрта бизнес улушини кескин оширишини билдирган.

«Тадбиркорларга қонуний имконият ва имтиёзлар берамиз. Аммо биз маҳсулот сифатини қатъий давлат назоратига оламиз, аниқ стандартлар жорий этиб, сифатсиз маҳсулот чиқариш ҳамда нарх-наволарни сунъий кўтаришга қаратилган хатти-ҳаракатлар учун кучайтирилган жазо чораларини қўллаймиз», – дейилади номзоднинг сайловолди дастурида.

Аввалроқ, Баҳром Абдуҳалимов ўз сайловолди дастурида олий таълим муассасаларидаги квоталарни бутунлай йўқ қилиш, уй-жойлар нархини кескин камайтириш, президент администрация ва ҳукумат биноларини Тошкентдан ташқарига чиқариш ҳамда монополиянинг ҳар қандай кўринишига чек қўйилишига ваъда бергани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид