Зулм салтанатидан кунчиқар юртга: советларнинг муҳим лойиҳаси қандай барбод бўлган эди?
45 йил аввал совет учувчиси Виктор Беленко Узоқ Шарқдаги ҳарбий аэродромдан янги русумдаги МиГ-25П қирувчи самолёти билан радарлардан йўқолди. Орадан 22 кун ўтибгина ТИВ японлар ноқулай шароитда кунчиқар мамлакат ҳудудига ўтиб қўнган совет самолётини асирга олгани ҳақида хабар тарқатди. Аслида, Беленко Японияга қочиб кетган эди.
1976 йил 6 сентябрь. Ҳарбий учувчи Виктор Беленко бошқараётган самолёт самога кўтарилиб, анча узоққа учиб кетади. Ўша куни ҳарбий аэродромдагилар қанча кутишмасин, самолёт ортга қайтмайди. Кейинроқ СССР Ташқи ишлар вазирлиги Виктор Беленко бошқарувидаги МиГ-25П японлар томонидан асир олинганини айтиб баёнот беради.
Қочиш
Шу куни эрталаб соат 6:45да катта лейтенант Беленко Приморьедаги Чугуевка тумани маркази яқинидаги Соколовка қишлоғидаги аэродромдан МиГ-25П самолёти билан парвозни амалга ошириш учун осмонга кўтарилади. Мазкур самолётнинг борт рақами 31 бўлиб, у Узоқ Шарқда жойлашган 530-қирувчи авиация полкига тегишли эди.
МиГ-25П соат 7:40да СССР чегарасини кесиб ўтиб, Япония ҳудудига киради. Мақсади Япония орқали АҚШга кетиш бўлган Беленко парвоз учун хавфли бўлган, денгиз сатҳидан 30 метр баландликдан пастлаб учади ва совет радарларидан қочишга муваффақ бўлади. У СССР-Япония чегарасини ҳам шу баландликда кесиб ўтади. Япония ҳудудига ўтгандан сўнг Беленко 6 минг метр баландликкача кўтарилади. Аммо японлар радарда МиГ-25Пни пайқаб қолади ва уни тутиш учун ҳавога ҳарбий самолётларни кўтаради. Таҳликали вазиятда Беленко яна радарларга кўринмайдиган даражада пастлашга мажбур бўлади.
Беленко ҳавога кўтарилгач, орадан 2,5 соат ўтиб соат 9:15 да Япония радиоси совет учувчиси бошқарувидаги МиГ-25П қирувчи самолёти Ҳоккайдо оролидаги Ҳакодате шаҳридаги аэропортга қўнгани ҳақида хабар беради. Кейинроқ маълум бўлишича, Беленко Ҳоккайдо оролида жойлашган АҚШнинг Титос авиабазасига қўнишни режалаштиради. Аммо самолётдаги ёнилғи Титосгача етмаслиги эҳтимоли туфайли у нисбатан яқинроқ бўлган Ҳакодате шаҳридаги аэропортга қўнишга қарор қилади.
Ҳакодате шаҳридаги аэропортга қўнишда Беленко муаммога дуч келади: бу аэропортнинг учиш-қўниш йўлаги товушдан тез учувчи МиГ-25Пнинг қўниши учун етарли эмасди. Қўниш чоғида у аэропорт ҳудудидан чиқиб кетади ва дала ўртасига бориб тўхтайди. Шу жойдан ўтган автотрассада ҳаракатланаётган ҳайдовчилар МиГ-25Пни кўриб уни суратга ола бошлайди. Бу Беленкога ёқмайди. У пистолети билан ҳавога икки марта ўқ узади ва маҳаллий маъмурлар келгунча кутиб туради. Японлар келгач, Беленко АҚШдан бошпана сўрайди ва уч кундан сўнг, 9 сентябрь куни Америкага олиб кетилади.
«Қарор қабул қилишим учун кўп вақт керак бўлди, лекин мен якуний қарорни парвоздан бир ой олдин қабул қилдим ва қароримдан мамнунман. Ўз мақсадимга етишишим учун менга яхши об-ҳаво ва ёнилғи тўлдирилган самолёт керак эди. Бу иккаласига эришиш учун бир ой керак бўлди. Ана шу бир ойда мен бериладиган топшириқларни ошиғи билан бажардим. Командирларим менинг унвонимни оширишга тайёр эди. Аммо 1976 йил 6 сентябрь куни жуда яхши вазият юзага келди ва ундан унумли фойдаландим», — деган эди Беленко 1996 йилда Full Context журналига берган интервьюсида.
Ҳодисага Совет ҳукуматининг реакцияси
Беленко Японияга қочар экан, совет иттифоқи буни ҳеч қанақасига тан ололмасди. Ҳарбий учувчининг сўнгги русумдаги қирувчи самолёт билан хорижга қочганига иқрор бўлиш — бу мамлакатнинг ўз фуқаролари олдида ҳам, халқаро майдонда ҳам шарманда бўлганини тан олиш дегани эди. Шу сабабли ҳукумат Беленконинг қочиб кетганини аввалига ҳаммадан яширади. Ҳатто хориж ОАВда унинг қочиб кетгани ҳақида тинимсиз хабарлар берилаётганда ҳам СССРда ҳодиса ҳақида лом-мим дейилмайди.
Аммо ҳодиса рўй берган пайтдан бошлаб японларга Беленкони қайтариб бериш талаби қўйилади. Бу талаб рад этилгач, японлардан ҳеч бўлмаганда совет дипломатларининг у билан ёлғиз учрашишига имконият бериш сўралади. Аммо Япония бунга ҳам рози бўлмайди. Совет дипломатлари Беленко билан у АҚШга учиб кетиши олдидан японлар иштирокида кўришишга муваффақ бўлишади. У совет дипломатларига СССРдан Японияга ўз ихтиёри билан қочганини, АҚШга ҳам ўзи хоҳлаб кетаётганини айтади. Шу тариқа суҳбат тугайди ва Беленко АҚШга учиб кетади.
1976 йил 28 сентябрь куни Беленко қочган кундан 22 кун ўтиб СССР Ташқи ишлар вазирлиги расмий хабар тарқатади. Унга кўра Беленко Японияга адашиб ўтиб кетган ва қўнишга мажбур бўлган. Японлар эса уни ортга қайтармай, халқаро нормаларга зид равишда асир олган. Хабарда Беленконинг АҚШдан бошпана сўрагани тилга олинмайди. Америкаликлар унинг руҳиятига таъсир кўрсатувчи дори бериб, гапиртирган ва Беленко мажбурий равишда АҚШга олиб кетилган дейилади.
СССР Ташқи ишлар вазирлиги ходими Лев Крилов ғарб матбуотида Беленконинг қочиб кетгани, АҚШдан ўз ихтиёри билан бошпана сўрагани ҳақида ёзилган гапларга изоҳ бериб, «бу бошдан оёқ ёлғон», дейди. 1976 йил 28 сентябрь куни Москвада матбуот анжумани ташкил этилади. Матбуот анжуманида турли идора вакилларидан иборат расмий шахслар билан бирга Беленконинг ўгай онаси ва хотини қатнашади. Улар кўзда ёш билан АҚШдан Беленкони қайтаришини сўрашади. Унинг рафиқаси журналистларга «агар хато қилган бўлса, у учун дуо қиламан», дейди. Ўгай онаси эса «Беленко ватанпарвар, меҳрибон ўғил ва ажойиб эр», деб таъриф беради. Матбуот анжуманида расмийлар томонидан «Имперализм зўравонлик билан намунали совет оиласини барбод қилмоқда» дейилади.
Шу куни (яъни 1976 йил 28 сентябрь) Совет ҳукумати Япония ҳукуматига таҳдидли нота жўнатади. Унда Япония томонидан қилинаётган хатти-ҳаракатлар кунчиқар мамлакат учун оғир асоратлар қолдириши мумкинлиги айтилади. Шундан сўнг СССР Ташқи ишлар вазири Андрей Громико бошчилигидаги делегация Япония бош вазири Зэнтаро Косака билан музокара ўтказади. Громико Япониядан зудлик билан самолёт ва унинг учувчисини қайтаришни талаб қилади. Бу пайтда эса самолёт АҚШнинг Япониядаги ҳарбий базасида, Беленко эса океан ортида эди.
Зэнтаро Косака учувчини қайтаришнинг иложи йўқлигини, у ўз ихтиёри билан Японияга учиб келганини ва АҚШдан бошпана сўраб, Америкага кетганини айтади. Самолётни қайтариш бўйича эса Япония бунга тайёрлигини, бу учун СССРнинг бу мамлакатдаги элчиси Дмитрий Полянский ташқи ишлар вазирлигига келиши лозимлигини айтади.
Бу учрашувдан кейин ҳам Совет ҳукуматининг Беленко масаласидаги позицияси ўзгармайди. Учувчи японлар томонидан асир олинган ва у самолёти билан бирга дарҳол қўйиб юборилиши керак.
СССРда Беленконинг қочиб кетиши иши бўйича жами 116 киши тергов қилинади. Улар Беленко билан бирга хизмат қилганлар, танишлари ва қариндошлари эди. Унинг хотинига ҳеч ким билан алоқа қилмасликни, мабодо кимдир алоқа қилишга уринса КГБга хабар беришни тайинлашади. Беленконинг барча яқинлари ва танишларининг ҳар бир қадами КГБ томонидан кузатувга олинади.
Беленко билан бир жойда хизмат қилганларнинг кейинчалик эслашича, у хизмат қилган ҳарбий қисм КГБ ходимлари томонидан ўраб олинади. Давлат хавфсизлик қўмитаси ходимлари ҳарбий қисмда барчани сўроқ қилиб чиқишади. Аммо Беленкога қочиб кетишда ёрдам берилгани ҳақида умуман далил топа олишмайди.
Охир-оқибат Беленконинг қочиб кетиши бўйича жиноят иши қўзғатилади. Тергов тугагандан сўнг у СССР ҳарбий суд коллегияси томонидан сиртдан суд қилиниб, ватан хоини сифатида олий жазо — отувга ҳукм қилинади. Беленконинг қариндошлари КГБ томонидан доимий назоратда бўлса ҳам, уларнинг бирортаси қамалмайди. У собиқ оиласи ва яқинлари билан ҳеч қачон, ҳатто СССР парчаланиб кетгандан кейин ҳам алоқа боғламайди.
Беленконинг АҚШдаги ҳаёти
1976 йил 9 сентябр куни, Японияга қочганидан уч кун ўтиб Беленко илк марта АҚШга боради. Орадан бироз ўтиб унга сиёсий қочоқ мақомини беришади. Бу ҳақдаги ҳужжатга АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Жимми Картер имзо чекади. 1980 йил 14 октябр куни АҚШ Конгресси Беленкога АҚШ фуқаролигини бериш ҳақидаги қонунни тасдиқлайди.
Сўнгра, у АҚШда аэрокосмик техникалар бўйича муҳандис бўлиб ишлайди. Шунингдек, узоқ йиллар давомида АҚШдаги ҳарбий академияларда совет самолётларининг характеристикаси бўйича маърузалар ўқийди. Бундан ташқари, фуқаро ва ҳарбий авиация саноатида фаолият олиб борувчи компаниялар билан ҳамкорлик қилади. Ҳатто АҚШдаги турли компанияларнинг реклама роликларида ҳам суратга тушади.
Турли манбаларга кўра, АҚШда у уйланади ва фарзандлар кўради. Орадан бир неча йил ўтгач, журналистлар ёрдамида Виктор Беленко ўзининг машҳур «МиГ учувчиси» китобини ёзиб, нашр эттиради. Китобда у ўзини СССРдан қочиб кетишга ундаган сабаблар ва воқеа тафсилотларини тасвирлаб беради.
Беленко ҳақидаги тахминлар ва миш-мишлар
СССР ва АҚШда Виктор Беленконинг қочиши ёш учувчининг қарори эмас, балки Ғарб махсус хизматларининг махсус операцияси деган тахминлар ҳам билдирилган. Яқинда Россия сайтларидан бирида берилган мақолада ҳозирда вафот этган, синовчи-учувчи Валерий Меницкийнинг фикрига асосланиб, шунга ўхшаш бир версия илгари сурилди.
Узоқ йиллар давомида Микоян конструкторлик бюросининг бош учувчиси бўлиб ишлаган Меницкий Беленконинг таржимаи ҳолидаги ғалати нарсаларни айтиб ўтади: у узоқ йиллар давомида қариндошларидан ўзини тортиб яшаган, ҳар доим қўшимча пулга эга бўлган ва қизиқишини айтиб жанговар самолётлар ҳақида маълумот қидирган.
Меницкийнинг сўзларига кўра, буларнинг барчаси Беленко (ёки унинг қиёфадоши) ёшлигидан ёлланганлигини кўрсатади. У Омскга кўчиб келганида «кўндирилган» ёки Беленкони хорижлик жосус билан алмаштиришган. Беленко йўқ қилиниб, унинг ўрнига хориж жосуси бўлган қиёфадоши аввал учувчилар мактабида ўқиган. Сўнг, ҳарбий авиацияда сидқидилдан хизмат қилган ва охир-оқибат МиГ-25Пни олиб қочишдан иборат бўлган операция учун тайёрланган, деган қарашлар ҳам илгари сурилган.
Бундай тахминларга келинишига Беленко ҳужжатларда кўрсатилган ёшидан анча ёш деган тахмин ҳам сабаб бўлган. Тарих ҳар доим фактларга таянади ва юқоридаги тахминлар далил ўрнида қабул қилинмаган. Қабул қилингани — Беленко Япония орқали АҚШга қочиб кетган, вассалом.
МиГ-25П
Ўша пайтларда МиГ-25 қирувчи учоғи совет ҳарбий авиация муҳандисларининг энг муваффақиятли лойиҳаларидан бири саналарди. Америкалик ҳарбийлар бу самолётнинг имкониятларини юқори баҳолаган, НАТОда уни ўзига хос манёврлари учун Foxbat – «Тулки кўршапалак» деб номлашганди.
МиГ-25 – бу Микоян-Гуревич бошчилигидаги конструкторлик бюроси томонидан ясалган, учинчи авлодга мансуб товушдан тез учар иккита двигателли қирувчи самолёт эди. Виктор Беленко қочиб кетгунга қадар, Ғарб мамлакатларида у ҳақда маълумот жуда кам бўлган. Бу маълумотлар айғоқчи сунъий йўлдошлар ва Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатлар пайтида олинганди. 1971 йил март ойида Исроил ҳарбийлари МиГ-25га ўхшаш самолётнинг жуда катта тезликда парвоз қилиб ер сатҳидан 20 километр баландликкача кўтарилганини кузатишади. Ўшанда исроилликлар уни тутишни ёки жилла қурса уриб туширишни ҳам уддасидан чиқа олишмайди.
Кейинчалик МиГ-25 29 та жаҳон рекордини ўрнатади. Жумладан, у ер сатҳидан энг баланд — 37 минг 650 метргача кўтарилади. Бу натижани ўша пайтда бошқа биронта самолёт кўрсата олмас эди. Аксарият ҳарбий экспертлар бу самолёт кўплаб имкониятларга эгалиги билан Ғарб учун жиддий психологик таҳдид кўрсатаётганини таъкидлашганди.
Виктор Беленко ана шу турдаги самолётнинг янада мукаммаллашган намунаси МиГ-25Пда парвозни амалга оширади. Беленко олиб қочиб кетган самолёт ўша даврнинг энг мукаммал ва замонавий ҳарбий самолёти эди.
МиГ-25Пнинг кейинги тақдири
АҚШ разведка хизматлари учун самолёт ҳақиқий «совға» бўлиб чиқади. Япониядаги АҚШ ҳарбий базасида МиГ-25П демонтаж қилинади ва қисмларга бўлиб ташланади. Америкалик ҳарбий муҳандислар МиГ-25Пни ўрганиб, унинг имкониятларини юқори баҳолайди.
Ўрганиш ишлари тугагандан сўнг, орадан икки ой ўтгач самолёт ўндан ортиқ контейнерга жойланган ҳолда СССРга қайтарилади. Бу пайтда АҚШда яшаётган Беленко самолётнинг қайтарилишига қарши бўлади. Аммо японлар совет иттифоқи билан муносабатлар бутунлай бузилишини истамасди.
Японлар қайтариб берган МиГ-25П қайта йиғилади. Аммо ундан ҳарбий самолёт сифатида фойдаланилмайди. У Латвиядаги авиация мактабига берилади. МиГ-25Пдан у ерда узоқ йиллар ўқув қуроли сифатида фойдаланишади.
Самолётнинг ўғирланиши СССР ҳарбий авиацияси учун кўплаб муаммоларни юзага келтиради. Аввало ҳарбий авиация фойдаланадиган «Кремний» таниб олиш тизимини янада замонавий ва мураккаб «Пароль» кодлаш алгоритмига алмаштиришади. Шунингдек, «Смерч-А» радиолокация станциялари ўрнига янги «Сапфир С-25» ўрнатилади.
МиГ-25П билан боғлиқ муаммолар шу билан тугамайди. СССРда бу турдаги самолётлардан кўплаб ишлаб чиқарилган эди. Совет ҳукумати улардан фойдаланишни тўхтатади ва самолётларни шошилинч тарзда социалистик лагерга кирувчи ҳамда бошқа «дўст» мамлакатларга экспорт қилиш учун тайёрлай бошлайди. Шу тариқа МиГ-25П самолётлари анча арзон нархларда Осиё ва Яқин Шарқдаги давлатларга сотилади.
Ўша пайтда МиГ-25П олиб қочилиши ортидан Совет Иттифоқи кўрган зарар 2 миллиард рублга баҳоланади.
Беленконинг изидан
Беленко МиГ-25Пни олиб қочгандан икки ҳафта ўтиб, 1976 йил 23 сентябрь куни бошқа бир совет учувчиси Валентин Зосимов эски «Ан-2» самолётида Эронга қочиб кетади. СССР раҳбарияти Эрон ҳукуматига таҳдид қилади ва дарҳол учувчи ҳамда унинг самолётини қайтариб беришни талаб қилади. СССР раҳбарияти агар Эрон қочоқ учувчи ва унинг самолётини қайтармаса Совет армияси саноқли соатларда Эронга бостириб кириши ва мамлакатни вайронага айлантиришини айтиб таҳдид қилади.
Эрон шоҳи Муҳаммад Ризо Паҳлавий халқаро ташкилотларнинг норозилигига қарамай, икки давлат ўртасидаги муносабатлар ёмонлашиб кетмаслиги учун Зосимовни СССРга топширишга қарор қилади. 1976 йил 25 октябрда Зосимов СССРга қайтарилади.
Шунингдек, 1989 йилда яна бир совет учувчиси Александр Зуев МиГ-29 самолётини Туркияга олиб қочиб кетади. Зуевга АҚШ бошпана беради. МиГ-29 эса дарҳол СССРга қайтарилади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
14:58 / 03.11.2024
Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари: Британияга қочган совет майори
14:21 / 20.10.2024
АҚШга қочган дипломат: океан ортидан сиёсий бошпана сўраган совет амалдори
16:15 / 17.10.2024
Бир жиноят тарихи: қотиллик қурбони бўлган 72 ёшли актриса
15:11 / 13.10.2024