Жаҳон | 19:04 / 18.10.2021
35020
11 дақиқада ўқилади

Колин Пауэлл вафот этди

Колин Пауэлл қарийб ярим аср мобайнида Пентагон, Оқ уй ва Давлат департаментида турли лавозимларда хизмат қилган ҳамда совуқ уруш давридан кейин АҚШнинг йирик ҳарбий амалиётларини тайёрлашда иштирок этган — «Саҳродаги бўрон» операциясидан тортиб Ироққа бостириб киришгача.

GETTY IMAGES

АҚШнинг биринчи қора танли давлат котиби ва юқори мартабали ҳарбий офицер душанба куни 84 ёшида ковид асоратлари оқибатида оламдан ўтди.

«У коронавирусга қарши тўлиқ эмланганди. Биз Уолтер Рид номидаги Миллий тиббий марказ ходимларига даволанишда кўрсатган ёрдамлари учун миннатдорчилик билдирамиз. Биз ажойиб шахс, севимли турмуш ўртоқ, ота, бува ҳамда буюк америкаликни йўқотдик», дейилади Пауэллар оиласи баёнотида.

Колин Пауэлл профессионал ҳарбий бўлган. 1960-йилларда армиядаги хизмат вақтида Вьетнам урушида қатнашиб, икки марта жароҳатланган. Бу тажриба унга кейинчалик ҳарбий ва сиёсий карьера қилишда қўл келади.

Вьетнам уруши ва карьеранинг бошланиши
Колин Лютер Пауэлл 1937 йил 5 апрелида Нью-Йоркда, Гарлем туманида ямайкалик иммигрантлар оиласида туғилган. У ўзи ҳақида ҳикоя қилишича, мактабда ўртамиёна ўқувчилардан бўлган ва мактабни тугатаётганида келажак учун ҳеч қандай катта режалари бўлмаган.

Пауэлл Вьетнам урушида икки бор жароҳат олган / POWELL FAMILY PHOTO

Нью-Йоркдаги Шаҳар коллежида геологияни ўрганиш чоғида у Захирадаги офицерларни тайёрлаш корпусига ёзилади - кўплаб олий таълим муассасаларида шундай бўлимлар бўлган. Бундай бўлимларнинг мақсади келажакда ҳарбий бошлиқлар чиқиши мумкин бўлган ёшларни аниқлаш ҳисобланган.

Пауэлл геологияни ўрганишда давом этади, аммо кейин корпусда тайёргарликдан ўтади. 1958 йилда, офицерларни тайёрлаш дастурини тамомлагач, ҳаракатдаги армия сафига ўтказилади. У Жоржия штатида ҳарбий тайёргарликни ўтайди, кейинроқ эслашича, бу ерда уни терисининг ранги туфайли бар ва ресторанларга киритишмаган.

1962 йилда Пауэл Вьетнамга йўл олади - ўшанда президент Кеннеди коммунистик Шимолга қарши жанг қилаётган маҳаллий армияга кўмак учун минглаб ҳарбий мутахассисларни юборганди. Бу сафар вақтида у "панжи" қопқонига (қазилган ўра ва унга қоқилган қозиқлар) тушиб қолиб, жароҳатланади. 1968 йилда Пауэлл Вьетнамга қайтади ва ўзи билан бирга учган уч нафар сафдошини қулаган ва ёна бошлаган вертолёт ичидан чиқариб олгач, жасорат ордени билан тақдирланади.

Пауэллга ҳарбий хизматчилардан бири томонидан ёзилган хатдаги айбловларни текшириш бўйича топшириқ берилади, хатда 1968 йил мартида Сонгмида юзлаб тинч аҳоли вакиллари, жумладан аёллар ва болалар оммавий қотиллик қурбони бўлгани ҳақида ёзилганди.

У томонидан тузилган хулосада «вазият хатда айтилганидан бутунлай фарқ қилиши, америкалик ҳарбийлар ва вьетнамликлар ўртасидаги муносабатлар ажойиблиги» айтилган. Лекин бу америкалик ҳарбийлар тинч аҳолига нисбатан ўта бешафқат муносабатда бўлаётгани ҳақидаги хабарлар рўйхати тўлиб боришига бутунлай зид эди. Кейинроқ Пауэллни Сонгмидаги қирғин ҳақидаги фактларни яширишда айблашади, бу қирғин тафсилотлари фақат 1970 йилдан кейин маълум бўлганди.

Вьетнамдан қайтгач, Пауэлл Вашингтондаги Жоржтаун университетида маъмурий ишлар магистри дипломини олади, кейин Ричард Никсон президентлиги даврида Оқ уйнинг нуфузли стипендиясини қўлга киритади.

Маълум муддат Жанубий Кореяда хизмат қилгач, Пауэлл Пентагонга ишга ўтади. Энди унга ёрқин карьера кутаётган шахс сифатида қарай бошлашарди.

«Пауэлл доктринаси»
Колин Пауэлл Жимми Картернинг маъмуриятида ишлаган, кейин янги президент Рональд Рейган томонидан мудофаа масалалари бўйича давлат котиби лавозимига тайинланган Каспар Вайнбергернинг катта ҳарбий ёрдамчиси сифатида фаолият кўрсатади.

Колин Пауэлл 1991 йилги Ироқ уруши арафасида Пентагондаги брифингда / GETTY IMAGES

1987 йилда Пауэлл президентнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчисига айланади. 1989 йилда, катта Жорж Буш лавозимга киришганида Пауэлл АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитаси раиси этиб тайинланади - бу АҚШ Мудофаа вазирлигидаги энг юқори ҳарбий лавозим ҳисобланади.

У 52 ёшида бу лавозимни эгаллаган энг ёш офицер, шунингдек, илк афроамерикалик бўлади.

У дарҳол сиёсий инқироз билан тўқнашади, АҚШ 1989 йил декабрида Панамага бостириб кириб, диктатор генерал Норьегани ағдаради. Бу ҳаракат Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қораланади.

Мудофаа вазири Дик Чейни (чапда) Пауэллнинг Штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раислигига киришиши бўйича маросим ўтказмоқда, 1989 йил. Библияни Пауэллнинг рафиқаси Алма тутиб турибди / GETTY IMAGES

1990 йилда Форс кўрфазидаги урушда «Пауэлл доктринаси» номини олган стратегия амалга оширилади. Унинг моҳиятига кўра, Пауэлл АҚШ барча дипломатик, сиёсий ёки иқтисодий воситалардан наф чиқмасагина ҳарбий куч қўллашга киришиши керак деб ҳисоблайди. Доктринага кўра, ҳарбий ҳаракатлар бошланиб кетган тақдирда АҚШ учун йўқотишлар минимал бўлиши учун барча кучлардан максимал фойдаланиб, урушни тез якунлаб, тўлиқ ғалабага эришиш назарда тутилади. Бунда биринчи навбатда жамоатчилик қўлловига таянилади.

Бу фикрлар кўп жиҳатдан АҚШ узоқ давом этиб, натижасиз якунланадиган урушларда, масалан Вьетнамдаги каби урушларда қатнашмаслиги кераклигига асосланганди.

1991 йилда бевосита унинг раҳбарлигида АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари Саддам Ҳусайн армиясига қақшатқич зарба бериб, ироқликлар томонидан эгаллаб олинган Кувайтни озод этганди.

Генерал Колин Пауэлл 132-рота жангчилари билан суратга тушмоқда, Саудия Арабистони, 1990 йил 22 декабрь. REUTERS/Jonathan Bainbridge

Аввалига Пауэлл ўша вақтдаги мудофаа вазири Дик Чейнининг хоҳишига зид ўлароқ Форс кўрфазида куч ишлатишга қарши бўлади. Аммо «Саҳродаги бўрон» ва «Саҳро қалқони» амалиётлари катта муваффақиятга эришгач, Пауэлл халқаро майдонда кенг танилиб кетади.

Пауэлл фақатгина АҚШ манфаатларига таҳдид бўлиши ҳарбий куч қўллашни оқлайди, деган қатъий ишончда эди. «Америкалик аскарлар - бирор глобал ўйин майдонида уёқдан буёққа кўчириш мумкин бўлган қўғирчоқ солдатлар эмас», деганди у.

Ироқдан кейин
Пауэлл кейинги президент Билл Клинтон ҳокимиятга келган дастлабки ойларда АҚШ Қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитаси раиси лавозимида қолади, аммо у либерал маъмурият билан ишлаши қийин эди. У 1993 йилда армияни тарк этади ва ўз автобиографияси устида ишлай бошлайди (бу китоб New York Times нинг энг бестселлерлари рўйхатини бошқаради), шунингдек хайрия фаолияти билан шуғулланади.

Генерал Колин Пауэлл ва вице-президент Дик Чейни президент Жорж Буш билан, 2000 йил ноябри /GETTY IMAGES

Ўз ҳарбий мажбуриятларидан халос бўлганидан кейин у сиёсат билан шуғуллана бошлайди. Пауэлл икки партияда ҳам тарафдорларга эга эди ва уни демократлардан ҳам, республикачилардан ҳам вице-президентликка асосий номзодлардан бири сифатида кўришади. Якунда 1995 йилда Пауэлл республикачилар сафида қолишади.

Ўшанда у 1996 йилги президентлик сайловларида Билл Клинтонга рақиблик қилиши ҳақида миш-мишлар юрарди, аммо Пауэлл ўзи учун сиёсий карьера у қадар муҳим эмас деган қарорга келади.

Президент кичик Жорж Буш маъмуриятида Колин Пауэлл Давлат котиби лавозимини эгаллайди - энди у ушбу лавозимга тайинланган илк афроамерикалик бўлади.

У мўътадил республикачи ва прагматик сиёсатчи сифатида танилган.

Аммо кейинроқ, 2008 йилда Барак Обамани қўллаш учун ўз партиясини ўзгартирган ва қатор сиёсатчилар учун ишончли ҳарбий маслаҳатчига айланган.

Ироққа иккинчи кириш

Кўпчилик учун Пауэлл - Ироқда уруш бошланишига асосий сабабчилардан бўлган шахсдир. 2003 йил февралида у БМТ Хавфсизлик кенгашида чиқиш қилиб, АҚШ ва унинг иттифоқчилари Ироққа бостириб кириши зарурлигини таъкидлайди ва бунга асос сифатида гўёки ушбу давлатда оммавий қирғин қуроллар мавжудлигини айтади.

Timothy A. Clary / AFP / Scanpix / LETA

У 75 дақиқа давомида ҳисобот беради, жумладан, ироқлик ҳарбийлар билан мулоқотларга оид аудиоёзувларни тақдим этади, сунъий йўлдош орқали олинган суратларни намойиш этади, разведка маълумотлари ҳамда қочқинлардан олинган маълумотларни ўқиб беради. Буларнинг барчаси Саддам Ҳусайн режими БМТ ХК резолюциясини бажаришдан бош тортаётгани ҳамда Ироқда кимёвий қурол мавжудлиги халқаро экспертлардан яширилаётгани тўғрисида эди.

«Ироқ 1995 йилда бундай қурол борлигини тан олганди, унинг ҳажми каттагина», дейди Пауэлл ва оқ порошок солинган пробиркани намойиш этади. «Бир чой қошиқдан камроқ миқдорда, конвертга солинган Сибир куйдиргиси уйғотувчи модда 2001 йил Қўшма Штатлар Сенати фаолиятини тўхтатиш учун етарли бўлганди», дейди Пауэлл қўлида пробирка тутган ҳолатда.

У қўлидаги модда Ироқнинг бактериологик қуролидан намуна эканини айтмаган - у шунчаки тасаввур уйғотиш учун шундай усул қўллаганди. Аммо Америка ва хориждаги бошқа кўплаб нашрлар бу эпизодни Ироқнинг бактериологик қуролидан намуна кўрсатиш сифатида талқин этишади ва уни ёлғончиликда айблашади.

Саддам Ҳусайн режими ағдарилганидан 18 ой ўтиб Пауэлл ироқлик диктатор оммавий қирғин қуролларига эгалиги ҳақидаги разведка маълумотлари хато бўлиб чиққанини тан олади. Кўп ўтмай у давлат котиби лавозимидан истеъфога чиқади. Унинг обрўси кескин ёмонлашиб кетади.

Пауэлл БМТдаги ўша чиқишини фаолиятидаги «қора доғ» деб атаган. «Бу жуда оғриқли эди. Ўшанда ҳам, ҳозир ҳам», деганди 2005 йилда Пауэлл ABC News учун берган интервьюсида ўша воқеани эслаб.

Колин Пауэлл катта Жорж Бушнинг дафн маросими вақтида, 2018 йил /GETTY IMAGES

Колин Пауэлл коалиция конфронтациядан (қарама-қаршилик) афзал эканига қатъий ишонган. У бир томонлама аралашув стратегиясидан воз кечиши АҚШ терроризмга қарши бутундунё альянси тузишига олиб келган.

«Уруш сўнгги сиёсий чора бўлиши керак. Агар қачондир урушга кирсак ҳам, фуқароларимиз тушунадиган ва қўллаб-қувватлайдиган мақсад қўйилиши керак», деганди у бир сафар.

Колин Пауэлл Ўзбекистон-Америка алоқалари ўрнатилиши ва тараққиётига салмоқли ҳисса қўшган. 2002 йил 13 март куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл Стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари ҳақидаги Декларацияни имзолаган. Мазкур ҳужжат икки томонлама муносабатлар тарихида муҳим ўрин тутган.

Колин Пауэлл ва Ислом Каримов
Колин Пауэлл ва Абдулазиз Комилов