Ўзбекистон | 12:18 / 19.10.2021
24725
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги тирбандликлар муаммоси қандай ҳал этилишини айтди

Президентнинг айтишича, шаҳарнинг 500 та чорраҳасида “ақлли тартибга солиш” тизими жорий этилади. 200 га яқин автобус йўналишлари ташкил этилади. 400 та автобус, 700 та электробус ва 90 та метро поездлари олиб келиниб, йўловчи ташиш қуввати 2 баробарга оширилади. 21 та йўл ўтказгич ва 80 та кўп қаватли автотураргоҳ ҳам қурилади.

Фото: Миллий масс-медиа фонди

Тошкент шаҳар аҳолиси ва уларнинг даромадлари ошгани ҳисобига сўнгги йилларда шахсий автотранспортлар 2-3 баробар кўпайиб, кунига шаҳар кўчаларида 700-800 мингдан зиёд транспорт ҳаракатланмоқда. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Бу тирбандликларни келтириб чиқариш билан бирга, экология, пиёда ва йўловчилар хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Лекин, пойтахтнинг жамоат транспорти ва йўл инфратузилмаси бу муаммоларга ҳали муносиб жавоб қайтара олмаяпти. Шаҳарда ерости ва ерусти пиёда ўтиш йўлаклари, автотураргоҳлар етишмайди. 

Шунингдек, пойтахтда 500 дан зиёд катта чорраҳалар мавжуд бўлиб, уларнинг 200 тасида транспорт воситаларини ўтказиш даражаси паст. Жамоат транспортидан бор-йўғи 33 фоиз йўловчи фойдаланмоқда. Масалан, бугунги кунда 80 та йўналишдаги автобусларнинг интервали тиғиз пайтларда 30 минутгача кечиккани аҳоли норозилигига сабаб бўлмоқда. Шу боис, келгуси беш йилда шаҳарда ўзаро узвий боғланган барча транспорт турларини ривожлантириш дастури қабул қилинади.

Бунда: ерусти транспорти ва метро йўналишлари кесишувида 16 та йирик автостанциялар; Чилонзор, Юнусобод ва Яшнобод туманларидаги шаҳарга олиб кирувчи 6 та метро бекати атрофида автотураргоҳлар; марказий кўчаларда 40 минг автомобиллар учун 80 та кўп қаватли автотураргоҳлар; тирбандлик юқори бўлган кўчаларда 21 та йўл ўтказгичлар қурилади; ерусти ҳалқа метрополитени йўлининг 7 та бекатдан иборат 13 километр узунликдаги “Қўйлиқ-Қипчоқ” участкаси қурилиши якунига етказилади.

Шунингдек, йўл ҳаракатини “ақлли тартибга солиш” тизими жорий этилиб, бунга шаҳарнинг 500 та йирик чорраҳаси уланади, 200 га яқин мунтазам автобус йўналишлари ташкил этилади, жамоат транспорти паркини янгилаш учун 400 та замонавий автобус, 700 та электробус олиб келинади, 90 та янги замонавий метро поездлари олиб келиниб, йўловчилар ташиш қуввати 2 баробарга оширилади. 

Автобуслар қатновини субсидиялаш тизими ҳам қайта кўриб чиқилади. Энди ташувчиларга субсидиялар йўловчи сонига эмас, балки йўналиш ва қатновлар сонига қараб берилади. Шунингдек, кундан-кунга ҳаётимизга кириб келаётган янги технологияларни инобатга олиб, электромобиллардан фойдаланиш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш мақсадида 50 та қувватлаш станцияси ва бошқа инфратузилмалар яратилади.

Бундан ташқари, 1,8 минг километр автомобиль йўли ва ички кўчаларни таъмирлашга 3 триллион 200 миллиард сўм маблағлар йўналтирилади”, деди президентликка номзод.

Мавзуга оид