Ўзбекистон | 20:37 / 21.10.2021
14875
2 дақиқада ўқилади

Давлат хизматчиларининг энг кам йиллик меҳнат таътили 27 кунга узайтирилиши мумкин

Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси лойиҳасида йиллик меҳнат таътили бўйича муддатларни узайтириш назарда тутилмоқда.

Фото: Shutterstock

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан уч ўқишда қабул қилиниб, айни дамда Сенатга жўнатилган кодекс матнида йиллик меҳнат таътили бўйича бир қатор янгиликлар мавжуд.

Хусусан, янги кодексда ходимларга йиллик асосий меҳнат таътилининг энг кам муддати сифатида 21 календар кун кўрсатилган. Амалдаги кодексда эса бу муддат камида 15 иш кунини ташкил этади.

Шунингдек, янги кодексда давлат хизматчиларига бериладиган йиллик асосий узайтирилган меҳнат таътилининг аниқ муддати белгилаб қўйилмоқда. Яъни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари хизматчиларига давомийлиги 27 календар кун бўлган ҳар йилги асосий узайтирилган таътил берилиши мумкин. Амалдаги тартибга кўра, 15 иш кунидан иборат таътил давлат хизматчиларига ҳам татбиқ қилиб келинган ва бу муддат жамоа шартномасига кўра бериладиган қўшимча таътил ҳисобига узайтирилиши мумкин бўлган. Кодекс ушбу кўринишда қабул қилинса, давлат хизматчилари учун камида 27 кунлик меҳнат таътили кафолатланади.

Лойиҳага кўра, давлат хизматчиларининг айрим тоифалари учун қонунларда белгиланган йиллик меҳнат таътилининг 27 кундан ҳам узоқроқ муддатлари ўз кучида қолдирилади ва 27 кунлик муддат ушбу узайтирилган таътилларга татбиқ этилмайди.

Мавзуга оид