Спорт | 14:29 / 21.10.2021
18551
1 дақиқада ўқилади

Олимпия ўйинлари совриндори Диёрбек Ўрозбоев 3 йилга дисквалификация қилинди

Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Рио-2016 Олимпия ўйинлари совриндори, Осиё ўйинлари ғолиби Диёрбек Ўрозбоевдан олинган допинг-синамада тақиқланган модда аниқланган.

Фото: Миллий антидопинг агентлиги

Миллий антидопинг агентлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Диёрбек Ўрозбоев Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигининг “Миллий тест рўйхати”га киритилган бўлиб, режали тарзда допинг-назоратидан ўтиши белгиланган. Жорий йилнинг 6 май куни спортчидан мусобақадан ташқари даврда допинг-синама олинган.

Текширув натижасида спортчи томонидан Бутунжаҳон антидопинг кодекси ва Ўзбекистон Миллий антидопинг қоидаларининг 2.1-моддасида кўрсатилган антидопинг қоидабузарлиги содир этилгани, яъни “Meldonium” тақиқланган моддаси истеъмол қилингани аниқланган. “Meldonium” тақиқланган моддалар рўйхатининг “S4. Гормонлар ва метаболизм модуляторлари” синфига мансуб ҳисобланади.

Натижада, Диёрбек Ўрозбоев 3 йил муддатга дисквалификация қилинди. Дисквалификация 2021 йил 16 августдан 2024 йил 15 августга қадар этиб белгиланди.

Дзюдочи дисквалификация муддати тугагунга қадар Бутунжаҳон антидопинг кодекси ва Ўзбекистон Миллий антидопинг қоидаларининг 2.1-моддасида белгилаб қўйилганидек, халқаро ва миллий тоифадаги мусобақаларда иштирок этиши тақиқланади.

Мавзуга оид