Шавкат Мирзиёев Шароф Рашидов туманидаги оилавий болалар уйи ҳақида гапирди
Шароф Рашидов туманида яшовчи Дилбар Қаршибоева ўз хонадонида оилавий болалар уйини ташкил қилиб, беш нафар болани фарзандликка олган. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти сайловчилари билан учрашувда айтиб ўтди.
“Маълумки, дунёда бола ҳуқуқлари бўйича дастлабки қонуний меъёрлар 1804 йили Франция фуқаролик кодексига киритилган, деб ҳисобланади. Бироқ, Жиззах воҳасида камол топган ҳуқуқшунос аллома Уструшоний 13-асрдаёқ “Бола ҳуқуқлари мажмуаси” деган ноёб асарини яратиб, гўдакнинг она қорнида пайдо бўлган пайтидан бошлаб, вояга етгунига қадар бўлган ҳуқуқларини мукаммал баён этиб берган.
Ҳаммангиз яхши биласиз, бугун юртимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Болалар омбудсмани институтини ташкил этдик. Фарзандларимиз учун янги-янги боғча ва мактаблар, маданият, санъат ва спорт муассасаларини барпо этмоқдамиз. Шунингдек, Меҳрибонлик уйлари тубдан таъмирланиб, ҳамма зарур шароитлар яратилмоқда.
Жиззахдаги Меҳрибонлик уйи ҳам ўтган йили капитал таъмирдан чиқарилиб, тўлиқ қайта жиҳозлангани сизларга яхши маълум, албатта. Лекин, номини “Меҳрибонлик уйи” деб атаганимиз, ҳар қанча зўр шароит яратганимиз билан, барибир, бу даргоҳлар ота-она, оиланинг ўрнини боса олмайди. Биласизларми, мана шу 3 ой ичида 3 та меҳрибонлик уйи ёпилди. Чунки болалар оилалар бағрига олинди. Биз уруш даврида юз минглаб болаларни бағрига олган буюк халқмиз.
Шу мақсадда, оилавий болалар уйларини ташкил этмоқдамиз. Меҳр-оқибатли, бағрикенг юртдошларимиз ота-она қарамоғисиз қолган болаларни ўз оилаларига фарзандликка қабул қилаётгани ҳаммамизни хурсанд қилади. Бундай саховатпеша инсонлар Жиззах вилоятида ҳам кўплаб топилади. Мана, масалан, Шароф Рашидов туманида яшовчи Дилбар Қаршибоева ўз хонадонида оилавий болалар уйини ташкил қилиб, беш нафар болани фарзандликка олгани алоҳида таҳсинга сазовордир.
Ўз навбатида, улуғ ҳуқуқшунос аллома Уструшоний бобомизнинг табаррук хотирасини абадийлаштириш мақсадида, Жиззах шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига унинг номини берсак, нима дейсизлар?
Агар жиззахлик олимлар, ижодкор, зиёлилар, журналистлар, жамоатчилик вакиллари воҳада яшаб ўтган улуғ алломаларнинг бебаҳо меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, бу мавзуда илмий тадқиқотлар, китоб ва рисолалар яратиш ҳамда кенг тарғиб этиш ишларини бошласалар, мен уларнинг бу ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрман”, деди президентликка номзод.
Мавзуга оид
09:25
Жиззахда қарийб 800 млн сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган фуқаро аниқланди
08:30 / 28.10.2024
Жиззахда иккита юк машинаси тўқнашди
22:09 / 14.10.2024
Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига янги раҳбар тайинланди
20:36 / 12.10.2024