Жаҳон | 17:19 / 01.11.2021
12252
3 дақиқада ўқилади

Мутахассис коронавируснинг “АY.4.2” штамми билан курашиш осон бўлмаслигини айтди

Фото: EPA-EFE

Россиялик инфекционист Андрей Поздняков коронавируснинг “АY.4.2” штаммининг пандемияга таъсири ҳақида маълумот берди.

“Дастлаб Британияда аниқланган бу янги тур коронавируснинг “делта” штаммининг мутацияга учраган вариантидир. Олимлар бу вариантнинг юқумлилиги “делта” штаммга қараганда 10-15 фоизга кўп эканлигини қайд этишди. Улар “кетма-кетлик” методикаси орқали SARS-CoV-2 вирусининг генетик таҳлилларини ўтказяпти ва бу келгусида вируснинг мутацияга учраган янги вариантларини аниқлашга имкон беради”, – деди Поздняков.

Мутахассис Буюк Британия ва Россиядаги касалланиш ва ўлим ҳолатларини таққослаган: охирги бир суткада Британияда 36100 нафар фуқаро касалланган ва шундан 38 нафари вафот этган, яъни ўлим даражаси 0,1 фоизни ташкил қилади. Россияда эса ҳар куни коронавирусга чалинган 1000 дан ортиқ беморлар вафот этяпти. Британияда ўлим сонининг камлиги аҳолининг катта қисми эмлангани билан боғлиқ. Шунинг учун янги штаммнинг пандемияга таъсирини ушбу мамлакатдаги эпидемиологик ҳолат билан боғлаш тўғри бўлмайди. Янги штамм билан курашиш қийин бўлади, деб ҳисоблайди Поздняков.

“Бу “делта”нинг мутацияга учраган тури эканлигини ҳисобга олсак, у билан курашиш осон бўлмайди. Чунки бу штаммга чалинган битта бемор 9 та одамга касалликни юқтириши мумкин. Солиштириш учун, COVID-19’нинг Уҳанда тарқалган илк тури билан касалланган бемор тахминан 3 та одамга юқтириш хавфи мавжуд эди.

“Яна карантин жорий этиш вирус тарқалишининг олдини олишга ёрдам беради. Аммо карантиндан кейин барибир касалланиш юқори бўлиш эҳтимоли бор. Чунки аҳолининг катта қисми ҳали коронавирусга қарши эмланмаган.

Карантин кундалик касалланишни камайтириши мумкин, аммо ўлим даражаси тезда камаймайди, чунки чекловлар киритилишидан олдин касалхонага ётқизилган беморларда барибир ўлим кузатилади”, – дея таъкидлайди эксперт.

Андрей Поздняковнинг фикрича, янги штаммлар пайдо бўлганда унга қарши яна янги вакцина яратишдан кўра мавжуд вакцинага вирус геномини киритиш осонроқ бўлади.

Юқумлилиги ва тажовузкорлиги хавфи юқори деб топилган “АY.4.2” штамми Ҳиндистонда аниқланиб, 17 нафар беморда қайд этилган эди.

Вируснинг ушбу штамми айни кунларда Россия фуқароларида ҳам аниқланган бўлиб, мутахассислар коронавируснинг янги штаммини юқтирган беморларда касаллик ўртача, оғир ва ўта оғир ҳолатда кечаётганини ва кўпроқ болалар касалликка чалинаётганини айтишган.

Шунингдек, Англияда ҳам “COVID-19нинг янги “АY.4.2” штаммига чалинганлар аниқланган. ВВС маълумотига кўра, “делта” штаммнинг мутацияга учраган ушбу варианти устида олимлар ўрганиш ишлари олиб боряпти.

Мавзуга оид