Ўзбекистон | 08:56 / 01.11.2021
3490
1 дақиқада ўқилади

Шимолий Македония бош вазири сайловларда ўз партиясининг мағлубиятидан кейин истеъфога чиқди

Шимолий Македониянинг энг йирик мухолиф партияси ВМРО-ДПМНЕ мамлакатда ўтган маҳаллий сайловларнинг 2-босқичида кўплаб ҳудудларда ғалаба қозонди. Бош вазир Зоран Заев ўзининг СДСМ партияси мағлубиятини тан олиб, истеъфога чиқишга ариза берди.

Фото: AP

“Ушбу натижа учун жавобгарлик тўлиқ менинг зиммамда. Шу сабабли мен бош вазир ва Социал-демократик иттифоқ етакчиси лавозимларидан истеъфога чиқмоқдаман”, деб маълум қилган Заев матбуот анжуманида. У навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказилишига қарши чиққан.  

AP ахборот агентлигининг хабар беришича, сайловларнинг расмий натижалари ҳали эълон қилинмаган бўлса-да, бош вазир ўз партиясининг пойтахт Скопье мэри учун сайловларда мағлуб бўлганини тан олган. ВМРО-ДПМНЕ томонидан қўллаб-қувватланувчи номзодларнинг ярми 80 та муниципалитетнинг ярмида, ҳукмрон партия СДСМ эса 20 тадан камроқ ҳудудда ғалаба қозонган.

Маълумотларга кўра, 2017 йилда ўтган аввалги сайловларда СДСМ 57 та, ВМРО-ДПМНЕ эса 5 та муниципалитетда ғалабага эришган.

Мавзуга оид