Жамият | 14:20 / 05.11.2021
7406
4 дақиқада ўқилади

“Қўрқув мени тарк этмайди” – фарзанди тузалиши орзусида яшаётганлар

Орзулари саробга айланган инсоннинг ҳаёти шунчаки вақтга айланади. Халқимиз ўз бахтини оилада, ўз фарзандларида кўради доим. Орамиздаги бу инсонлар умрнинг мазмунини боласининг соғайиб кетишида деб билишади. Улар учун бундан ортиқ бахт йўқ.

“Бир эмас, икки неварамни даволатиш учун қўлдан келганча ҳаракат қиляпмиз”

Хоразмлик Илҳом Жуманиёзов тўрт неваранинг бобоси. Аммо бир неварасида аниқланган оққон, яна биридаги суяк етишмовчилиги касаллиги уни шифохоналар эшигида юришга мажбур қилди.

“Катта неварам 5 ёшли Гулшодага шу дард ёпишди. “Яшагим келяпти, бобожон” деганда кўзимга дунё қоронғи бўлади. Кенжа неварам ҳам дардманд туғилган. Иккаласи ҳам доимий парвариш, даволанишга муҳтож бўлгани сабаб қийналиб қолдик”, — дейди у.

Гулшода Илҳомовага оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0417 8713 1441 онаси Шарипова Дилноза номида

“Отаси оёққа тура бошлаганда қизимга дард ёпишди”

“Тошкентга боришимиз кераклигини айтишганда билмасдик бундай касалликка дуч келганимизни. Оққон ташхисини эшитиб анча вақтгача ўзимга кела олмадим.

Айниқса кимётерапиялар олаётганда болам азобланади. Ўша ҳолатимни тасвирлаб ҳам бера олмайман. Мурғаккина қизим бошини ушлаб қолишини кўриб ундан баттар азобланаман”, — дейди Гулсанамнинг онаси.

Оила бошлиғи ҳайдовчилик билан шуғулланиб оила тебратиб юрган чоғида автоҳалокат сабабли бир йил тўшакка михланади. Отасининг аста-секин оёққа тура бошлаётганидан хурсанд оила бошига иккинчи ташвиш — қизалоқнинг оққонга чалиниши тушди. Улар ҳозир навбатдаги кулфат билан курашишмоқда.

Гулсанам Тўраевага оид маълумотлар:     

Uzcard: 8600 0417 6760 2783 онаси Дилфуза Ҳожиева номида

“Ёш-ёш болалар, кичкина чақалоқлар ҳам бор касалхонада”

Умидбек улғайиб, оққонга чалинган болаларни даволашни истайди. Айтишича, унда бу истак касалхонада шу касалликдан қийналаётган болаларни кўргач пайдо бўлган.

“Ёш-ёш болалар, кичкина чақалоқлар ҳам бор касалхонада. Уларни даволашни хоҳлайман”, — дейди ўзи шу хасталик билан курашаётган бола.

Спортчи, аълочи, кўнгли очиқ Умидбек ўзи қандай касалга чалинганини билмайди. Ота-онаси ўсмир ёшдаги ўғиллари руҳан синиқмаслиги учун шу пайтга қадар буни боладан яшириб келишган.

“Боламнинг дардига шифо сўраб дуо қилсам, нега бундай қилаётганимни сўрайди. Айтолмайман сабабини – бироз қони камайганини айтиб овутаман. Икки йил бўлди мактабга бора олмаётганига. Баъзида йиғлайди тенгдошлари билан яйраб ўқигиси келганидан”, — дейди боласидан кўз ёшини бекитган она.

Умидбек Улашевга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0417 3898 4195 онаси Ибрагимова Фотима номида

Боламга бир нарса бўлса нима қиламан деган қўрқув доим мени тарк этмайди

“Бошингизга тушмагунча билмас экансиз дард нималигини. Икки йилдан бери вилоятдан келиб ўғлимни даволатамиз. Ижарага уй топилмаганда машиналарда тунашга ҳам мажбур бўлганмиз баъзида.

Касал боламни қўлимда кўтариб йўлларда сарсон бўлишни ҳам кўрдим. Фақат битта хаёл: боламга бир нарса бўлса нима қиламан деган қўрқув ҳали ҳам мени тарк этмайди”, — ўксинади Матлуба Матёзова.

Абдумажид Исмоиловга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0304 7279 2914 онаси Матлуба Матёзова номида

Виза: 5392 0300 0021 0387 онаси Матлуба Матёзова номида

Сахийларнинг қалблари берганда ором топади. Аммо бу инсонларга кўмак бериш ҳам болалар, ҳам уларнинг ота-оналари, яқинлари учун бахт келтиради. Берганларингиз минг карра ортиғи билан қайтгусидир!

Гулмира Тошниёзова тайёрлади
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтаж устаси – Азимжон Воҳидов

Мавзуга оид