Ўзбекистон | 12:17 / 06.11.2021
11193
3 дақиқада ўқилади

Президент: «Раҳбар халққа юк бўлмаслиги, аксинча, халқнинг юкини елкасига олиши керак»

Сенат биносида сайланган президент Шавкат Мирзиёевнинг инаугурация маросими бўлиб ўтмоқда. Kun.uz мухбири хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев тадбир давомида нутқ сўзламоқда.

Фото: Миллий масс-медиа фонди

«Кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш жараёнига янгича, замонавий ёндашувлар жорий этилади. Кадрлар давлат хизматига танлов асосида қабул қилинади, улар учун узлуксиз малака ошириш, натижадорликни баҳолаш ва лавозим бўйича кўтарилиш мезонлари белгиланади. 

Бундан буён ҳар бир ҳудуд, соҳа ва тармоқ фаолиятига уларда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари қандай таъминланаётганига қараб баҳо берилади.

Шу муносабат билан “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган даъватга қўшимча қилиб айтмоқчиман: “Раҳбарлар фақат давлатга эмас, аввало, инсон ва оилага, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилиши керак”. 

Шунинг учун ҳар бир мутасадди маҳалла ва туман ҳаётини ипидан игнасигача билиши шарт! Улуғ аждодларимиз айтганидек, раҳбар халққа юк бўлмаслиги, аксинча, халқнинг юкини елкасига олиши керак. Агар қайсики раҳбар, даврнинг бу ўткир талабини тушунмаса, уларни энди халқимиз ҳам, ҳаётнинг ўзи ҳам қабул қилмайди. 

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишда халқ вакиллари бўлган депутат ва сенаторлар алоҳида муҳим ўрин тутади. Олий Мажлис фаолиятини янада такомиллаштириш, халқимиз кутаётган, Янги Ўзбекистон тараққиётини тезлаштиришга хизмат қиладиган қонунчилик концепциясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, қонун ижодкорлиги фаолиятини демократлаштириш ва уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган парламент назоратини кучайтиришга устувор аҳамият берилади. Бу борада парламент томонидан мамлакатимиз бўйича мурожаатлар билан ишлаш ҳолати назоратга олинади. 

Жойлардаги ижро идораси раҳбарлари ҳисоботини эшитиш ва унинг натижасига мувофиқ, уларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш амалга оширилади.

Ривожланган демократик мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб, жамият ва давлат бошқарув тизими айрим раҳбарларнинг субъектив нуқтаи назарига, содда қилиб айтганда, уларнинг қош-қовоғига қараб эмас, аксинча, мустаҳкам ҳуқуқий мезонларга эга бўлган институтлар фаолияти орқали амалга оширилиши зарур. 

Бу борада олдимизда турган яна бир муҳим масала – Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳамда ҳокимларнинг ваколатларини аниқ белгилашга оид қонуний асосларни яратиш вақти келди, деб ўйлайман. 

Фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шароитлар яратиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш эътиборимиз марказида бўлади. 

Шу мақсадда, Жамоатчилик палатасини ташкил этиш ишлари жадаллаштирилади. Жамоатчилик назорати, давлат бошқаруви ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кучайтиришга доир долзарб вазифалар амалга оширилади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид