Жаҳон | 16:50 / 07.11.2021
15931
4 дақиқада ўқилади

Ироқ бош вазирига дрон орқали суиқасд қилинди

Якшанбага ўтар кечаси портловчи қурилма ўрнатилган дрон-камикадзе Ироқ бош вазири ал-Козимийнинг қароргоҳига ҳужум қилди - бу ҳақда дастлаб Ироқ армияси маълум қилди. Бош вазирнинг ўзи жабрланмаган, унинг қўриқчилари жароҳатланган.

Фото: Getty Images

Ироқ ҳарбийларининг маълум қилишича, бош вазирга учувчисиз учиш қурилмаси воситасидаги ҳужум унинг Бағдоднинг «яшил зонаси»да жойлашган қароргоҳида амалга оширилган. Ҳарбийлар портлаш билан якунланган ҳужумни бош вазирга суиқасд деб атаган. Дастлаб ал-Козимий ҳужум вақтида жароҳат олгани ҳақида хабар тарқалганди, кўп ўтмай бош вазирни ўз вақтида эвакуация қилишга муваффақ бўлишгани маълум бўлди. Таъкидланишича, дрон уриб туширилган.

Кейинроқ ал-Козимий твиттердаги расмий аккаунти орқали соғ-саломат экани ҳақида хабар қилди.

«Аллоҳга шукрки, менинг аҳволим яхши ва мен барчани хотиржамликка чақираман», дейди у.

Бир неча соат ўтиб бош вазирнинг твиттерида унинг қисқа видеомурожаати ҳам жойланди.

Ироқдаги «Шафақ» агентлиги махсус хизматлардаги манбаларига асосланиб хабар беришича, суиқасд оқибатида бош вазирнинг уч нафар тансоқчиси жароҳат олган. Reuters ахборот агентлигининг хабар беришича эса, ҳужум вақтида ал-Козимийнинг 6 нафар тансоқчиси жароҳатланган.

Ироқ ҳукуматининг икки вакили ҳам Reuters агентлигига бош вазир қароргоҳида камида битта портлаш содир бўлгани, бош вазирнинг ўзи тириклигини тасдиқлаган.

Бағдоддаги қаттиқ қўриқланувчи «яшил зона»да ҳукумат бинолари ва хорижий элчихоналар жойлашган.

«Яшил зона»да яшовчи дипломатлар Reuters агентлигига портлаш ва отишма овози эшитилгани ҳақида маълум қилишган.

Ҳозирча ҳеч ким бу ҳужум учун жавобгарликни зиммасига олмади.

Эронпараст кучлар билан зиддият
Сўнгги ҳафталарда Ироқ сиёсатида 10 октябрь куни ўтказилган парламент сайловлари туфайли зиддият юзага келган.

Мамлакатдаги бир неча эронпараст қуролли гуруҳларнинг сиёсий қаноти бўлмиш «Фатҳ» альянси - дастлабки маълумотларга кўра бу сайловларда 329 депутатлик мандатидан атиги 15тасини қўлга киритган. Бунгача уларда парламентда 48 ўрин бўлган.

Альянс вакиллари Мустафо ал-Козимий бошчилигидаги ҳукуматни сайлов натижаларини сохталаштиришда айблади, бу бирлашманинг юзлаб тарафорлари «Яшил ҳудуд» атрофида норозилик намойишлари ўтказди. Намойишчилар полицияга тош отган, полиция эса ўз навбатида ҳавога ўқ узиш билан жавоб қайтарган.

Жума куни бу ерда намойишчилар ва полициячилар ўртасидаги тўқнашув оқибатида акция иштирокчиларининг бир нафари ҳалок бўлди, икки томондан жами 125 киши турли даражада жароҳатланган.

Сайловларнинг якуний натижалари яқин ҳафта ичида эълон қилиниши кутилмоқда.

Давлат департаменти қоралайди
АҚШ Давлат департаменти расмий вакили ироқликлар бош вазирини ўлдиришга уринишни «яққол террорчилик акти» деб атади.

«Бош вазир омон қолганини билиб, таскин топдик. Бу очиқчасига террорчилик акти, биз Ироқ давлатчилиги юрагига берилган бу зарбани қаттиқ қоралаймиз», деган Нед Прайс.

Давлат департаменти вакили АҚШ Ироқ махсус хизматлари билан алоқада бўлиб тургани ва уларга текширув ишларида ёрдам таклиф этганини билдирган.

Мавзуга оид