Жамият | 19:42 / 09.11.2021
13848
7 дақиқада ўқилади

Марказий Осиёда ижтимоий тармоқлар устидан назоратни кучайтиришмоқчи — The Washington Post

Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ижтимоий тармоқларни блоклашга бўлган ҳаракатлари Россиянинг интернетни бошқариш ва чеклаш бўйича ўйлаб топган сиёсатига эргашиш сифатида баҳоланмоқда.

Фото: Kun.uz

3 ноябрь куни Ўзбекистонда собиқ совет республикалари ҳудудидаги энг оммабоп маълумот алмашиш платформаси ҳисобланадиган Telegram, шунингдек, Facebook, Instagram, YouTube ва яна бир қанча тармоқлар мамлакатдаги янги қонун туфайли блокланди.

Бу эса ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини ғазаблантирди ва ҳукумат тезда ўз фикридан қайтди. Президент матбуот котиби блокланган Telegram’да жойлаштирган баёнотида мамлакатдаги интернет-регуляторининг («Ўзкомназорат») ҳаракати «бир ёқлама, узоқни ўйламай қилинган ҳаракат» бўлганини айтди. Тез орада ижтимоий тармоқларга кириш тикланди.

АҚШнинг The Washington Post нашрида Марказий Осиёнинг етакчи давлатлари, хусусан Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ижтимоий тармоқларни блоклашга қаратилган ҳаракатлари ҳақида мақола эълон қилинди.

Vyacheslav Oseledko/AFP/Getty Images

Мақолада Россиянинг минтақа давлатларига таъсири ҳақида ҳам айтиб ўтилган. Қуйида ушбу мақоланинг ўзбекча матни жузъий ўзгартиришлар билан келтирилади.

Ушбу воқеа Марказий Осиё давлатларида интернет эркинлигини чеклаш сиёсати қанчалик узоққа бориши мумкинлигини синаб кўриш ҳаракатини кўрсатади. Уларнинг Big Tech’лар билан кураши Марказий Осиё ҳукуматлари Ғарб таъсиридан тобора кўпроқ бош тортаётгани, бунинг ўрнига минтақага катта сармоя киритаётган Хитой каби кучларга мойил эканига ишора қилади.

Марказий Осиё ҳам анъанавий иттифоқчиси бўлган Россиянинг интернетни бошқариш ва чеклаш бўйича ўйлаб топган сиёсатига амал қилмоқда.

Москва сиёсатида цензура ҳаракатлари кучайиб бораётган бир пайтда, Марказий Осиё давлатлари жамоатчилик норозилиги сабаб, эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишга мажбур. Россия мунтазам равишда гигант технологик компанияларни мамлакатда тақиқланган контентни олиб ташлашдан бош тортгани учун жаримага тортиб келмоқда, бироқ ҳукумат расмийларида YouTube каби машҳур платформаларни тўлиқ қора рўйхатга киритишга иккиланиш сақланиб қолмоқда.

Россиянинг мамлакатда катта аудиторияга эга бўлган Теlegram’ни блокировка қилишга уриниши, охир-оқибат Кремль учун шармандалик билан якунланди. Платформа мамлакатда ишлашда давом этди ва ундан ҳозирда ҳам фойдаланаётган одамлар орасида таниқли ҳукумат амалдорлари ҳам бор. Март ойида Россиянинг интернет-регулятори Тwitter ишлашини секинлаштириб қўйди, бироқ бу тармоқ Россияда катта аудиторияга эга эмас.

Freedom House тадқиқот марказининг интернет эркинлиги бўйича рейтингида Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам «эркин эмас» мамлакатлар сифатида қайд этилган бўлса, Марказий Осиёнинг бошқа икки давлати Тожикистон ва Туркманистон рўйхатга умуман киритилмаган. Бироқ Freedom House ушбу икки давлатда ҳукумат ахборот порталлари ва ижтимоий медиа платформаларини «улгуржи ўчириш»дан фойдаланганига ишора қилган. Минтақадаги давлатлар орасида фақат Қирғизистон интернет очиқлиги бўйича «қисман эркин» деб топилган.

«Минтақадаги ўйин қоидаларини асосан Москва ўрнатади. Мақсадлар ҳам умумий: мавжуд ҳокимият вертикалини силкитиб қўймаслик», дея таъкидлайди сиёсий таҳлилчи ва Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубнов.

Сентябрь ойида Аpple ва Google Россияда парламент сайловлари бошлангани сабаб мамлакатдаги онлайн-дўконларидан мухолифатнинг овоз бериш иловасини олиб ташлади.

Ушбу илова қамоқда сақланаётган мухолифатчи Алексей Навальнийнинг ҳамкорлари томонидан яратилган бўлиб, президент Владимир Путинга қарши бўлган россиялик сайловчилар овозларини бирлаштириш учун мўлжалланган эди. Аммо «Роскомнадзор» Аpple ва Google’ни сайловчиларга иловани юклаб олишга рухсат бериш орқали, мамлакат сиёсий ишларига аралашишда айблади ва уни интернет-дўконларидан олиб ташлашни талаб қилди.

Россия ҳукумати ушбу компанияларга маҳаллий ходимларини жиноий жавобгарликка тортиш билан босим ўтказди.

Қозоғистонда ҳам мамлакатдаги ҳуқуқ фаоллари сентябрь ойида парламентнинг ҳукмрон партияси томонидан кўриб чиқилган чет эл ижтимоий тармоқлари ва мессенжерларини республикада ўз ваколатхоналарини очишга мажбурловчи қонун лойиҳасини Россиядаги тизимдан нусха кўчиришга уриниш сифатида баҳолаган.

Қонун лойиҳаси болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва киберҳужумларни чеклаш мақсадида ишлаб чиқилгани айтилган бўлса-да, фаоллар буни сўз эркинлигини чеклаш ва ҳукуматга нисбатан билдирилаётган танқидларни йўқотишга қаратилган ҳаракат сифатида тавсифламоқда.

«Афсуски, биз икки катта ака ўртасидамиз. Хитойдан рақамли кузатув технологиялар экспорт қилинади. Бошқа бир биродаримиз Россия минтақада катта таъсирга эга бўлган актёр ҳисобланиб, ўзининг ҳуқуқий ёндашувларини экспорт қилади», дейди Олмаота шаҳридаги рақамли технологиялар бўйича ҳуқуқ маркази директори Руслан Даирбеков.

Ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаш имконини берадиган қонун «Қозоғистоннинг халқаро обрўйига ва мамлакат ижтимоий-сиёсий ривожланишига путур етказиши» таъкидланган петицияга 10 мингдан ортиқ одам имзо чеккан.

Ўтган ҳафта Қозоғистон ҳукумати Facebook билан «зарарли контент бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиш тўғрисида» «қўшма баёнот» имзоланганини эълон қилди. Баёнотда айтилишича, ҳозирда Меtа дея ребрендинг қилинган Facebook Қозоғистон ҳукуматига тармоқнинг контент ҳақида ҳисобот бериш тизимига тўғридан тўғри кириш ҳуқуқини берган.

Аммо Меtа матбуот котиби Бен Конаги бу баёнотни инкор қилиб, дунёдаги барча ҳукумат вакиллари томонидан маҳаллий қонунларнинг бузилиши юзасидан компанияга мурожаат қилишлари учун махсус онлайн хизмат борлигини эслатиб ўтган.

Ўзбекистонда йирик технологик компанияларга ўзбекистонлик фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини мамлакатда сақлаш мажбуриятини юкловчи қонун тасдиқланганди.

Бу қонун эса мамлакат интернет-регуляторига ўтган ҳафтада Теlegram’ни блоклашга имкон берган.

Ўзбекистонда аввалроқ Skype, Twitter, TikTok ва Россиянинг «ВКонтакте» ижтимоий тармоқларига кириш чекланган эди. Бироқ юқоридаги платформаларнинг блокланиши Теlegram хизматидаги узилишлар каби кескин норозиликларни келтириб чиқармади. ОАВ ҳуқуқшуноси Мадина Турсуновага кўра, қарийб 34 миллион аҳолиси бўлган мамлакатда 18 миллион киши Теlegram’дан фойдаланади.

Президент матбуот котибининг Теlegram’даги баёнотида мамлакат интернет-регулятори раҳбари «мувофиқлаштирилмаган хатти-ҳаракатлари» учун ишдан бўшатилганини айтиб ўтган.

Турсунова Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият қониқарли ҳолатда эмаслигини айтиб ўтган.

Мавзуга оид