Ўзбекистон | 18:00 / 09.11.2021
4763
3 дақиқада ўқилади

Президент: Касалликни қисқартириш билан камбағалликни қисқартириш бевосита боғлиқ

Фото: Президент матбуот хизмати

Тиббиёт соҳасидаги муаммоларга бағишланган видеоселекторда бугунги кунда тиббиёт тизимининг 90 фоизидан ортиғи давлатга тегишли экани, лекин соҳада янгилик ва ташаббуслар йўқлиги маълум қилинди.

“Касалликни қисқартириш билан камбағалликни қисқартириш бевосита боғлиқ. Соғлом одам келажакка қараб ҳаракат қилади.

14 мингдан зиёд тиббиёт бригадалари ва оилавий шифокорларни юрак касалликларини барвақт аниқлаш ва бирламчи ёрдам кўрсатишга ўқитиш зарур. Келгуси йил якунигача барча оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникаларда ҳамшира кўрик хонаси ташкил қилинсин. Келгуси йил давомида малака ошириш марказларида 15 минг нафар ҳамширалар махсус онлайн курсларда ўқитилиши ташкил этилсин.

Юрак-қон томир касалликларининг олдини олиш бўйича соғлом турмуш муҳитини яратиш, бу борада огоҳликка чақирувчи роликлар, баннер, буклетларни ҳар бир хонадон, маҳалла ва ташкилотга етказиб бориш зарур.

Иккинчидан, келгуси йил 1 июлга қадар туман, вилоят ва республика даражасида даволанадиган касалликлар рўйхати тузилиб, шу асосда режали даволаш ишлари йўлга қўйилади. Жумладан, туман шифохоналарига 4 турдаги кардиология ускуналари ўрнатилиб (ЭКГ, ЭхоКГ, холтер-монитор ва дефибриллятор), кўрсатиладиган хизматлар 5тадан 15тага оширилади. Шу орқали ҳар бир бемор кардиология хизматларидан 3 миллион сўм иқтисод қилади.

Бунинг учун қўшимча 60 миллиард сўм йўналтирилади ва келгуси йил 1 июлга қадар мутахассиси мавжуд туманлар 4 турдаги замонавий кардиология ускуналари билан жиҳозланади. Кардиология марказининг вилоят филиалларида кўрсатиладиган хизматлар 15тадан 35тагача етказилади”, деган давлат раҳбари.

Кардиология марказининг Хоразм вилояти филиалига Оролбўйи минтақавий марказ мақоми берилиб, уни жиҳозлашга 20 миллиард сўм ажратилгани ҳисобига, республика даражасида амалга ошириладиган барча амалиётлар вилоятнинг ўзида йўлга қўйилади.

“Кардиология маркази вилоят ҳокимлари билан бирга, келгуси йил 1 июлга қадар, ушбу амалиётни Наманган, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё ва Жиззахда, келгуси йил якунигача Қорақалпоғистон, Андижон, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Фарғона вилоятларида йўлга қўйсин.

Келгуси йил 1 июнга қадар Кардиология маркази вилоят филиалларини замонавий ангиограф билан таъминлансин. Келгуси йил якунига қадар Нурафшон шаҳрида барпо этилаётган Тиббиёт кластерида Кардиология марказини ташкил қилинсин”, – дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид