Жамият | 13:13 / 09.11.2021
13966
2 дақиқада ўқилади

ССВ антибиотикларнинг яна бир хавфли жиҳати аниқлангани ҳақида хабар берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги антибиотиклардан ўзбошимчалик билан фойдаланиб, ҳаётни хавф остида қолдирмасликка чақирди.

Фото: ИЗВЕСТИЯ

Швециялик тадқиқотчилар антибиотикларнинг яна бир хатарли асоратини аниқлади. Уларнинг хулосасига кўра, бундай препаратларни қабул қилган инсонларда 5-10 йил ичида колоректал саратон ривожланиш хавфи ошади. 

Олимлар олти йил давомида йўғон ва тўғри ичак саратони билан касалланган 40 минг нафар беморни алоҳида кузатув остига олишган. Тадқиқот давомида уларнинг ўтган 10 йил давомида қанча миқдорда ва қайси антибиотиклардан фойдалангани ўрганилган ҳамда таҳлил қилинган.

Маълум бўлишича, антибиотик қабул қилган беморларда йўғон ичакда саратон ривожланиш хавфи юқорилиги аниқланган.

«Иллатларнинг бора-бора одатга айланиб қолиши ёмон. Ўзбилармонлик — шулардан бири. Айниқса, бирор хасталикка чалинганимизда бу қусур фақат ва фақат зараримизга ишлаши, ҳатто ҳаётимизни хатарга қўйишига мисоллар кўп.

Уйимиздаги дори қутисини очиб мавжуд препаратларни бир кўздан кечирайлик. Улар орасида жароҳатга қарши, иситма, қон босимини туширувчи, оғриқ қолдирувчи турли малҳам-у суртмалардан ташқари, қайсидир гуруҳга мансуб антибиотиклар ҳам бўлса ажаб эмас.

Чунки фақат шифокор тавсияси билангина қўлланадиган дориларни ҳам баъзида ўзбошимчалик билан қабул қиладиганлар орамизда топилади. Шамоллаш, йўтал, иситма, теридаги яллиғланишлар, турли оғриқлар ва вирусли хасталикларда шундай препаратлардан ўз-ўзича фойдаланиб, аҳволи оғирлашган ёки ўлим топганлар ҳам бор, афсуски.  
 
Ваҳоланки, антибиотиклардан ўзбошимчалик билан фойдаланиш тананинг бошқа аъзолари фаолиятини ҳам издан чиқаради. Айниқса, жигар ва буйрак етишмовчилиги ҳолатларида жуда оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин», дея қайд этилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид