Муаммар Қаззофийнинг ўғли Ливия президенти сайловларига номзод сифатида рўйхатдан ўтди
Ливиянинг собиқ етакчиси Муаммар Қаззофийнинг иккинчи ўғли – Саиф ал-Ислом Қаззофий Ливия президенти сайловларида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтди.
Ливия сайлов комиссиясида таъкидланишича, 49 ёшли Саиф ал-Ислом Ливия жанубида жойлашган Сабоҳ шаҳрида президент сайловларига номзод сифатида барча зарур ҳужжатларни расмийлаштирган.
Ливияни бир неча ўн йиллар давомида бошқарган Муаммар Қаззофий 2011 йилда мамлакатда юз берган фуқаролик уруши вақтида ўлдирилган. Унинг ўғли Саиф ал-Ислом эса асирга олиниб, 2017 йилдагина озод этилган. У отаси ҳаётлиги вақтидаёқ унинг сиёсий вориси ҳисобланган.
Сайловлар 2021 йил 24 декабрда ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу санада амалдаги бош вазир Абдулҳамид Дбайба ҳукуматининг ваколатлари тугайди.
Бироқ Ливия давлат кенгаши президент сайловларини ҳозирги шароитда ўтказиш иложсизлигини таъкидлаб, уларни 2023 йилгача қолдиришга чақирмоқда. Бунга мамлакатнинг сайлов қонунчилигида ҳарбийларга президент сайловларида иштирок этишга рухсат берувчи модда баҳсга сабаб ҳисобланади. Ушбу модда президент сайловларида иштирок этиш учун Ливия миллий армияси қўмондони ваколатларини вақтинча топширган фельдмаршал Халифа Ҳафтарга давлат раҳбари лавозимини эгаллашга йўл очади.
Ливияда узоқ вақт давомида қўш ҳокимият амал қилиб келди: пойтахт Триполида Миллий келишув ҳукумати ва мамлакат шарқида Ливия миллий армияси томонидан қўллаб-қувватланувчи муваққат ҳукумат ҳукмронлик қилган.
2021 йил мартида мамлакатда қарама-қарши томонлар ўртасида ўт очишни тўхтатишга келишилгач, Дбайба бошчилигидаги муваққат ҳукумат ўз ишини бошлаган.
Мавзуга оид
12:33 / 06.11.2024
БМТ: Йил бошидан бери Ливияда миналар портлаши оқибатида 16 киши ҳалок бўлди
13:55 / 21.07.2024
Ливия инқирози: Қаззофийнинг сиёсати, ағдарилиши ва ундан кейинги бўлиниш
11:40 / 18.06.2024
Ливиянинг 42 йиллик диктатори. Муаммар Қаззофий нима учун ўлдирилганди?
08:50 / 06.11.2023