Россия фазода сунъий йўлдошларга қарши қуролни синовдан ўтказди – Давлат департаменти
Россия 15 ноябрда сунъий йўлдошларга қарши янги қуролни синовдан ўтказди. Шундан кейин орбитада Халқаро коинот станциясига хавф солиши мумкин бўлган минглаб чиқинди пайдо бўлган. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти вакили Нед Прайс маълум қилди.
АҚШ давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкеннинг таъкидлашича, “Россия фазода қурол жойлаштиришга қарши эканини таъкидлашига қарамай, ушбу онгсиз ҳаракатлари билан фазодаги узоқ йиллик барқарорликни хавф остига қўйишга тайёрлигини кўрсатган”. Блинкен барча космик давлатларни бирлашиб, Россиянинг бу ҳаракатларига жавоб беришга чақирган.
“Россия ақлсизларча ўз йўлдошларидан бирига нисбатан сунъий йўлдошларга қарши қуролни синовдан ўтказди. Бунинг оқибатида 1500 дан кўпроқ йирик ва 100 минглаб майдароқ фазовий чиқинди пайдо бўлди. Бу эса фазони ўзлаштиришда барча давлатлар манфаатларига хавф солади”, деб айтилган давлат департаментида.
Прайснинг таъкидлашича, Москва ушбу синов ҳақида Вашингтонни огоҳлантирмаган.
Ҳозирча Россия ушбу ахборотга расман изоҳ бермаган.
Washington Times нашрининг ёзишича, Пентагонда Россиянинг ушбу хатти-ҳаракатларидан хавотир билдирилган. АҚШ коинот қўмондонлигида Россия синовлар вақтида собиқ иттифоқ даврида учирилган “Космос-1408” сунъий йўлдошини нишонга олгани маълум қилинди. Бунинг оқибатида Ерга яқин орбитада чиқиндилар майдони ҳосил бўлган. Қўмондонлик бошлиғи генерал Жеймс Дикинсоннинг таъкидлашича, Россия томонидан ишлаб чиқилаётган қурол АҚШга хавф солади.
“Би-би-си” телеканалининг хабар беришича, “Космос-1408” фазога 1982 йилда учирилган. У радиотехник разведка учун қўлланган ва анча йилдан бери ишламаган.
“Роскосмос” агентлиги бош директори Дмитрий Рогозин 16 ноябрда Москвада NASA вакиллари билан учрашади. Ушбу синовдан кейин эндиликда учрашув кун тартибига фазовий чиқиндининг ХКСга яқинлашиши масаласи ҳам киритилди.
15 ноябрда ХКСдаги россиялик, америкалик ва немис фазогирлари станция яқинида фазовий чиқинди пайдо бўлгани сабабли эҳтиёт чораси сифатида станциядан унга бирикиб турган фазовий кемаларга ўтгани маълум қилинганди.
Маълумотларга кўра, Ер яқинидаги орбитада 2021 йил ёзида 2 мингдан кўпроқ сунъий йўлдош бўлган. Улардан 100 дан кўпроғи АҚШ, 100 га яқини Россия, 60 га яқини Хитой қуролли кучларига тегишли. Франция, Германия, Британия ва Ҳиндистоннинг ҳарбий мақсаддаги сунъий йўлдошлари сони 10 тадан камроқни ташкил қилади. Бу сунъий йўлдошларнинг вазифаси кузатув олиб бориш, навигация, илмий тадқиқотлар ўтказишдан иборат. Айни вақтда фазода жанговар фазовий қурилмалар ва қурол расман йўқ.
Мавзуга оид
17:14 / 05.11.2024
Япония дунёда биринчи бўлиб ёғоч сунъий йўлдошни коинотга учирди
22:37 / 04.11.2024
Япония ҳарбий алоқа сунъий йўлдошини орбитага чиқарди
19:45 / 04.11.2024
“Сунъий йўлдош учириш 1 ҳафтада амалга ошадиган иш эмас” – “Ўзбеккосмос”
23:28 / 23.10.2024