Жамият | 20:21 / 23.11.2021
1774
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида гиёҳвандлик воситаси олиб кетаётган ҳайдовчи аниқланди

Тошкент вилояти ҳудудида ўтказилган «Хавфсиз ҳудуд» профилактик тадбири доирасида гиёҳвандлик воситаси олиб кетаётган ҳайдовчи аниқланди. Бу ҳақда вилоят ИИББ ЙҲХБ томонидан Kun.uz’га маълум қилинди.

Фото: ИИББ ахборот хизмати

2021 йил 19 ноябрь куни Тошкент вилояти ҳудудида ўтказилган “Хавфсиз ҳудуд” профилактик тадбири доирасида Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ инспекторлари хизмат олиб бораётган вақтда, ЙПХ ходимларини кўриб ортга қайрилиб олган «Spark» ҳайдовчиси шубҳа уйғотган ва ҳайдовчининг ортидан кузатиб боришган.

Планшет мосламаси ёрдамидаги текширув давомида мазкур автомобиль билан боғлиқ бўлган 6 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик мавжудлиги аниқланган. Ходимлар махсус воситалар орқали ҳайдовчидан автомобилни тўхтатишини сўрашган.

Ҳайдовчи тўхтаганидан сўнг холис ва гувоҳлар иштирокидаги текширув давомида, ҳайдовчи, 1965 йилда туғилган Т.Н. бошқарувидаги автомобилнинг салон қисмидан 5 дона гугурт қутисига солинган яшил рангли, ўткир ҳидли, қуритилган гиёҳвандлик воситасига ўхшаш модда топилган.

Шундан сўнг, ҳайдовчи ва топилган модда Қибрай тумани ИИБга топширилган. Ҳолат юзасидан ўтказилган судга оид экспертиза натижасига кўра, топилган модда оғирлиги 125 граммга тенглиги, ушбу модда марихуана гиёҳвандлик моддаси экани аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қибрай тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят Кодексининг 276-моддаси 2-қисми «а» бандига асосан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид