Ўзбекистон | 15:39 / 24.11.2021
5770
2 дақиқада ўқилади

Ногиронлиги бор шахсларга иш бериш тартиби амалда ишлаши керак — Ойбек Исоқов

Қонунчиликка асосан, 20дан ортиқ ходими бор корхоналар 3 фоизли квота асосита ногиронлиги бор шахсларни ишга олиши лозим. Меҳнат вазирлиги буни етарлича назорат қилмаяпти, дейди Ногиронлар ассоциацияси раиси.

Фото: Расмий релиз

23 ноябр куни “SHAROIT PLYUS” ногиронлар жамоат бирлашмаси тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ногиронлиги бор шахсларни иш билан таъминлаш мавзусида инклюзив бизнес форум ташкил этди.

Kun.uz мухбири форумда Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов билан суҳбатлашиб, ногиронлиги бор шахсларни иш билан таъминлашдаги асосий муаммолар ҳақида сўради.

“Қонунчиликка кўра, агар корхонада 20дан ортиқ ходим ишласа, ўша корхона 3 фоизли квота асосида ногиронлиги бор шахсларни ишга олмаса, у жарима тўлаши керак. Мана шу тартиб қабул қилинганидан бери ишламайди.

Аввало, бу тартиб ижросига масъул Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги етарлича назорат қилмаяпти”, – деди Ойбек Исоқов.

Исоқовга кўра, у раҳбарлик қилаётган ассоциация ногиронлиги бўлган шахсларни ишга олмаётган ташкилотлар учун даромад солиғи ставкасини 1 фоизга кўтаришни таклиф қилмоқда.

Ассоциация раиси ногиронлиги бор абитуриентларни ОТМларга қўшимча 2 фоизлик квота доирасида қабул қилиш бошлангани, бу ижобий экани, бироқ улар ўқишни битиргандан сўнг ишга жойлаштириш бўйича бирор механизм йўқлигини қайд этди.

Фото: Расмий релиз

“Кейинги 2022 йилда қўшимча квота асосида таълим олган илк қалдирғоч битирувчилар – 4 минг нафаргача талаба меҳнат бозорига кириб келади. Давлат уларни грант асосида ўқитди. Бироқ 4 минг нафар ногиронлиги бор битирувчи учун иш ўрни тайёр эмас.

Ногиронлиги бор шахслар учун иш ўринлари яратмаган иш берувчилардан олинган жарима пуллари ногиронлиги бор шахслар учун янги иш ўринлари яратиш учун сарфланиши керак. Аслида эса, жарима олинаётгани бўйича бирор маълумот йўқ”, деди ассоциация раиси.

Тадбирда ногиронлиги бор шахсларни даромад солиғидан озод қилиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳақида ҳам маълумот берилди.

Мавзуга оид