Ўзбекистон | 12:28 / 30.11.2021
5219
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 3та ҚЭС қуришга 15та хориж компанияси қизиқиш билдирди – Энергетика вазирлиги

Ўзбекистоннинг Наманган, Бухоро ва Хоразм вилоятларида қуёш фотоэлектр станциялари қуриш бўйича инвесторлар учун тендернинг биринчи босқичи эълон қилингандан сўнг, 15та халқаро компания мазкур лойиҳаларга қизиқиш билдирган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги Ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Таъкидланишича, лойиҳа Халқаро молия корпорацияси кўмагида Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилади.

Унга кўра, Наманган, Бухоро ва Хоразм вилоятларида умумий қуввати 500 МВтгача бўлган учта қуёш фотоэлектр станцияси қурилади.

Тендер жараёни энг юқори халқаро стандартлар, очиқлик ва шаффофлик талабларига риоя этилган ҳолда ташкил этилади. Унда иштирок этишни хоҳловчиларнинг барчасига бепул малака сўрови тақдим этилди.

Тендер комиссияси тендер иштирокчиларидан таклифларни олгандан сўнг, қабул қилинган таклифларнинг тўлиқлиги ва изчиллигини баҳолаш учун юборилади, шундан сўнг малакали иштирокчиларнинг “қисқа рўйхати” эълон қилинади, улар кейинчалик тендернинг иккинчи босқичига қўйилади.

Мавзуга оид