Ўзбекистон | 10:16 / 02.12.2021
5893
4 дақиқада ўқилади

ДХХ Меҳрибонлик уйларининг 72 нафар тарбияланувчисига қарийб 1 млрд. сўм ажратди

Фото: Қишлоқ қурилиш банк

Аҳолининг кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, алоҳида эътиборга муҳтож қатламини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳаётга изчил татбиқ қилинаётган “Инсон қадри учун” тамойилининг муҳим йўналишидир. Бу тамойил жамиятимизда тобора чуқур илдиз отиб, кўплаб хайрли ташаббуслар ва саъй-ҳаракатларга замин бўлмоқда.

Фото: Қишлоқ қурилиш банк

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” билан имзоланган келишув асосида Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларидаги “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари учун қарийб 1 млрд. сўм маблағ ажратди.

Бундан кўзланган мақсад алоҳида эътибор ва ғамхўрликка муҳтож тарбияланувчиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг келажакдаги орзу-умидларини рўёбга чиқаришларига кўмаклашиш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида камол топтиришдан иборат.

Фото: Қишлоқ қурилиш банк

Мазкур маблағни тарбияланувчилар ўртасида тақсимлаш мақсадида,  АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан “Янги ёшлар” муддатли омонат тури жорий қилинди. Банк филиаллари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги 1-сонли “Меҳрибонлик уйи”нинг 14 нафар, Тошкент вилояти Бўка туманидаги 15-сонли “Меҳрибонлик уйи”нинг 46 нафар ҳамда Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги 12-сонли “Меҳрибонлик уйи”нинг 12 нафар тарбияланувчилари учун омонат дафтарчалари очилди ва ДХХ томонидан ажратилган маблағлар тарбияланувчилар номига очилган ҳисоб рақамларга жойлаштирилди.

Фото: Қишлоқ қурилиш банк

Куни кеча ҳудудларда ДХХ ҳудудий бошқармалари ва АТБ “Қишлоқ қурилиш банк”нинг филиаллари вакиллари томонидан “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларига омонат дафтарчалари ва жамғарма сертификатлари тантанали равишда топширилди.

Кўтаринки руҳда бўлиб ўтган тадбирларда мамлакатимизда ёшларга қилинаётган ғамхўрлик ва унинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди. Шунингдек, “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиларига “Янги ёшлар” омонат тури ва унга жойлаштирилган маблағлардан фойдаланиш шартлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Сардор Одилов, Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги 15-сонли “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиси:

- Бизга катта маблағ ажратилганини ва бу маблағлар банкка номимизга жойланганини эшитиб, жуда хурсанд бўлдик. Бу маблағ 18 ёшга тўлгунимизча кўпайиб туриши эса, биз учун энг муҳим паллада беқиёс аҳамиятга эга. Чунки ҳозир мавжуд шароитлардан фойдаланиб, олаётган билимларимизни янада бойитиш, бирон касбнинг бошини тутиб, ғамхўр  ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишдек улуғ ниятимизни амалга оширишда сифатли олий таълимга эҳтиёж катта. Омонатдаги маблағимиз эса, айни мақсадларимизга ўзига хос қанот бўлади.

Фото: Қишлоқ қурилиш банк

 

Кристина Наумова, Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги 15-сонли “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчиси:

- Бугун биз учун жуда қувончли кун бўлди. Мен келажакда ўз бахтхонам – уйим бўлишини орзу қиламан. Номимга очилган омонат ушбу орзумизга етиш учун қанот бергандек бўлди. Аввало, биз учун оталарча ғамхўрлик қилаётган Президентимизга раҳмат айтамиз. Бугун бизга эътибор кўрсатиб маблағ ажратган Давлат хавфсизлик хизмати ходимларига  ҳам ўзим ва дўстларим номидан миннатдорчилик билдираман.

Биз ўзимизга билдирилган ишончга, берилаётган меҳрга муносиб бўламиз ва юртимиз корига ярайдиган фидойи инсон бўлиб етишамиз.

Ёшлар тақдирини ўйлаб амалга оширилган бу хайрли ташаббус келгусида “Меҳрибон уйи” тарбияланувчиларининг етук шахс ва  жамиятимизнинг фаол аъзосига  айланишида муҳим рағбат бўлиши шубҳасиз!

АТБ "Қишлоқ қурилиш банк" Ахборот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид